1 октябрдан бошлаб давлат органлари ҳудудларида савдо ва овқатланиш шохобчаларига рухсат берилади

Улашиш:

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг янги қарорига кўра, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб давлат органлари биноларига туташ ҳудудларда мавсумий савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлаштирилиши мумкин бўлади.

Бу қарор маҳалла ва кўчаларда тадбиркорликни кенгайтириш, яширин ижара улушини камайтириш, шаҳарлар қиёфасини тартибга солиш ва бюджетга тушумларни кўпайтиришга хизмат қилади.

Ижара тўғридан-тўғри амалга оширилади, агар ер тадбиркорнинг объектига чегарадош бўлса, бир йиллик муддатга берилади ва ер солиғи ставкасининг 3 бараваригача тўлов белгиланади. Барча шартномалар Давлат солиқ қўмитасининг электрон рўйхатга олиш тизими орқали назорат қилинади.

Объектлар олдиндан тасдиқланган схема ва архитектура дизайн-кодига мос бўлиши шарт. Капитал қурилиш, ташқи кўринишни ўзгартириш ва келишилмаган ҳолатда объект қуриш тақиқланади. Қоидалар бузилса, объект демонтаж қилинади ва шартнома бекор қилинади.

Tаълим ва тиббиёт муассасалари ҳузуридаги ҳудудлар бундан мустасно қилинади.


Маҳаллий ҳокимликлар 1 октябрга қадар ноқонуний объектларни хатловдан ўтказиб, қонунийлаштириш ёки уларни ҳудуддан олиб ташлашни таъминлаши лозим. Шу билан бирга, тасдиқланган схемалар ва дизайн-кодлар расмий веб-сайтларга жойлаштирилиши керак.

Ижара тўловлари давлат ва маҳаллий бюджетлар ўртасида тақсимланади, бу эса маҳаллий ҳокимиятларни тадбиркорликни қонунийлаштиришга манфаатдор қилади.

Маълумот учун, ярим йил ичида Ўзбекистонда оилавий тадбиркорлик субъектлари қарийб 2000 тага кўпайган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.