2025 йилда қайси солиқларни ўзгартириш таклиф қилинмоқда?

Улашиш:

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил солиқларда қандай ўзгаришлар бўлиши кутилаётганини маълум қилди: базавий солиқ ставкалари сақланиб қолади, лекин импорт қилинадиган газ учун акциз солиғи қайтарилади, қатъий белгиланган солиқ ставкалари, маркетплейслар, сув ва бошқалар учун солиқлар оширилади.

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бюджетнома лойиҳасида 2025−2027 йилларга мўлжалланган солиқ сиёсатининг асосий йўналишларини тақдим этди.

2025 йил учун даромад солиғи (15 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12 фоиз), ижтимоий солиқ (бюджет ташкилотлари — 25 фоиз, бошқалар — 12 фоиз), айланмадан солиқ бўйича амалдаги ставкалар сақланиб қолади. Шунингдек, автомобилларнинг мамлакат бўйлаб транзити учун йиғим ва спиртли ичимликларни сотиш ҳуқуқи учун йиғим ҳам ўзгаришсиз қолиши кутиляпти.

Бундан ташқари, ҚҚС (12 фоиз), қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғи (0,95 фоиз), юридик шахслар учун мол-мулк солиғи (1,5 фоиз), қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш учун фойдаланилган сув ҳажмига солиқлар (100 сўм) ставкалари ҳам ўзгаришсиз қолдирилмоқда. Шунингдек, ҳисоблагичлар ва сувни тежовчи технологиялар мавжуд бўлмаганда тарифга 1,1 баравар оширувчи коэффициент қўлланиши кутилмоқда (ҳозирда 1,5).

Ўзгаришлар

2025 йил 1 январдан фильтрли сигаретларга аксиз солиғининг 10 фоизлик адвалор қисмини бекор қилиш ва ички бозор учун ставкани 19,7 фоизга — 300 минг сўмгача (ҳозир — 250,7 минг сўм), импорт қилинадиган сигаретлар учун — 330 минг сўмгача ошириш таклиф этилмоқда (+1,5 фоиз, ҳозир — 325 минг сўм). 2025 йил 1 июлдан бошлаб эса импорт қилинган ва маҳаллий сигарет учун акциз солиғи ставкаларини бирхиллаштириб, минг донаси учун 340 минг сўм миқдорида белгилаш таклиф этилмоқда.

Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур чора соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқ акциз солиғи ставкаларини бирхиллаштиришга қаратилган.



Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сигаретлар нархидаги акциз солиғи улушини 60 фоизгача оширишни тавсия қилади. Солиқ оширилганидан сўнг у бир қути ўртача сигарет нархининг 34 фоизини ташкил этиши кутилмоқда.

1 январдан бошлаб бошқа тамаки маҳсулотларига акциз солиғини ошириш таклиф қилинмоқда: таркибида никотин бўлган суюқликлар (вейплар) учун қарийб 3 баравар — 1 мл учун 2000 сўмгача (ҳозир 670 сўм), сигаралар учун — донасига 20 минг сўмгача (ҳозир 6400 сўм), қиздириладиган тамаки учун — килограммига 450 минг сўмгача (ҳозир 382 минг сўм), чекиладиган, ўрама ва чилим учун тамаки маҳсулотларига — 1 кг учун 600 минг сўмгача (ҳозир 382 минг сўм).

1 январдан бошлаб маҳаллий алкоголли маҳсулотлар (ароқ, коньяк ва бошқалар) учун акциз солиғи ставкаси 10 фоизга индексация қилиниб, 1 литр спирт учун 44 минг сўмни (ҳозир 40 минг сўм) ташкил этади, импорт қилинадиган товарлар учун эса 25 фоизга — 101,5 минг сўмдан 76 минг сўмгача камайтирилади.

Маҳаллий ва импорт қилинадиган этил спиртига акциз солиғи унификация қилинади ва литри учун 15 минг сўмни ташкил этади (ҳозир 14,9 минг сўм ва 70 фоиз). Шунингдек, дон дистиллятига ва техник спиртни олиш учун сарфланган этил спиртининг бошланғич фраксияси учун акциз солиғини ҳисоблаш аниқлаштирилмоқда. Дон дистилляти бўйича стандартга мувофиқ, у 52 фоиз ҳажмли этил спиртини ўзида акс эттиради.

Винолар ставкалари ҳам бирхиллаштирилиши режалаштирилган. Табиий винолар учун маҳаллий виноларга акциз солиғи 1 литр учун 5000 сўм (ҳозир 1 сўм), импорт винолари учун — 14 минг сўм (ҳозир 28,5 минг сўм) бўлади. Бошқа маҳаллий винолар учун солиқ 6 минг сўм (ҳозир 2310 сўм), импорт қилинган винолар учун 20 минг сўм (ҳозир 40,6 минг сўм) этиб белгиланган.

Пивога акциз солиғи маҳаллий пиво учун литрига 2000 сўм, импорт пиво учун — 6000 сўм миқдорида белгиланиши режалаштирилган. Ҳозир бу ставкалар 1628 сўм ва 50 фоиз (лекин камида 12,2 минг сўм)ни ташкил этади.

1 апрелдан нефть маҳсулотлари (бензин, авиакеросин, дизель ёнилғиси, экологик тоза дизель ёнилғиси), двигатель мойлари ҳамда суюлтирилган ва сиқилган газга акциз солиғини 10 фоизга ошириш режалаштирилган, бу «уларнинг чакана нархларига сезиларли таъсир кўрсатмайди», дейилади лойиҳада.

1 апрелдан акциз солиғини таркибида шакар бўлган барча алкоголсиз ичимликларга қўллаш таклиф қилинмоқда. Газсиз ширин чойлар, мева шарбатлари, саноат усулида ишлаб чиқариладиган компотлар ва таркибида шакар бўлган бошқа газсиз ширин ичимликлар (морслар, лимонадлар, кваслар) учун литрига 500 сўм акциз солиғини жорий этиш режалаштириляпти.

Таркибида ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалари бўлган газланган ва газсиз ичимликлар учун акциз солиғини 1 литри учун амалдаги 500 сўмдан 300 сўмгача камайтириш таклиф этилмоқда. Гап шакар ўрнига шакар ўрнини босувчи моддалар ишлатиб тайёрланадиган диетик газли ичимликлар ҳақида бормоқда.

1 январдан сувдан фойдаланувчилар, жумладан, электр станциялари, коммунал хизматлар, пиво ва винодан ташқари алкоголсиз ва алкоголли ичимликлар ишлаб чиқарувчилар ҳамда саноат корхоналари учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини 10 фоизга ошириш таклиф қилинмоқда. Президентнинг 2023 йил 1 апрелдаги (ПҚ-107) қарорига мувофиқ, бошқа тармоқлар учун сув солиғи ставкалари саноат учун белгиланган тарифлар билан босқичма-босқич унификация қилинади.

Автомобилларни ювишда фойдаланиладиган сув учун солиқ ставкаси 5,5 баравар оширилади — 1 кубометр учун 2700 дан 15 минг сўмгача.

Қазилма бойликларида солиқ улуши унинг харид нархига нисбатан жуда пастлигини инобатга олиб мармар, гранит, табиий безактош, қум-шағал аралашмаси (шу жумладан, қурилиш қуми ва қумтошлар) учун алоҳида солиқ ставкаларини белгилаш таклиф этиляпти.

Бундан ташқари, кон-кимё хомашёси ҳамда бошқа норуда қурилиш материаллари учун қазиб олинган ҳажмга белгиланган қатъий ставкалар 10 фоизга индексация қилиниши кутилмоқда.

1 январдан маҳаллий бюджет даромадларини ошириш мақсадида юридик ва жисмоний шахсларнинг турар ва нотурар кўчмас мулк объектларига солинадиган мол-мулк солиғи ставкалари 10 фоизга индексация қилинмоқда (Кенгашлар 0,5 гача пасаювчи коэффициент қўллаши мумкин).

Шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар учун ер солиғининг базавий ставкаларини 10 фоизга ошириш кўзда тутилган.

Товарлар, ишлар ва хизматлар электрон савдоси билан шуғулланувчи компаниялар (маркетплейслар) учун фойда солиғи ставкасини 7,5 фоиздан 10 фоизга, айланмадан солиқ ставкасини 2 фоиздан 3 фоизга ошириш таклиф этилмоқда. 2023 йилда бундай тадбиркорларнинг электрон тижорат доирасидаги умумий айланмаси 3,6 трлн сўмни (2022 йилда — 3 трлн сўм) ташкил этган. Солиқ имтиёзлари даромад солиғи бўйича 20,1 млрд сўмни (2022 йилда — 25,1 млрд сўм), айланмадан солиқ бўйича эса — 1,9 млрд сўмни (2022 йилда — 1 млрд сўм) ташкил этганди.

2025 йил 1 январдан мобиль алоқа хизматларига акциз солиғи бекор қилинади.

Шунингдек, импорт қилинган табиий газни истеъмолчиларга реализация қилишда акциз солиғи солинмаслиги бўйича тартибни бекор қилган ҳолда, акциз солиғи ставкасини 20 фоиздан 12 фоизгача пасайтириш режалаштирилмоқда. Яъни импорт қилинган табиий газни реализация қилишда ички қазиб олинган табиий газ билан бир хил тартибда акциз солиғига тортиш таклиф этилмоқда.

2023 йилда жорий этилган айланмадан олинадиган қатъий солиқ ставкаларини ошириш режалаштирилган. Улар 2026 йил 1 январгача амал қилади (бунгача улар муддатсиз жорий қилинганди). Тўловлар миқдори:

Йиллик айланмаси, млн сўм

Амалдаги ставка, млн сўм

Таклиф этилаётган ставка, млн сўм

500 гача

25

34

500 — 1000

30

40

Молиячи Отабек Бакиров кичик бизнес субъектлари орасида энг оммабоп бўлган айланмадан қатъий белгиланган солиқни бекор қилишга бу уриниш биринчиси эмаслигини таъкидлади.

«Шу йил баҳорда ҳам яширин иқтисодиётга қарши кураш чоралари баҳонасида тадбиркорлар учун энг қулай солиқ механизмини тугатишга уриниб кўрилганди. Ўшанда ташаббускорларнинг уриниши жамоатчиликнинг эътирозлари туфайли чиппакка чиққанди. Эслатиб ўтамиз, бизнес фаолликни бошлаш ва мавжуд фаолиятни оқартириш учун кўприк вазифасини бажараётган ушбу механизмни 2 йил аввал давлат раҳбарининг ўзи таклиф этган эди», — деди у.

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини 10 фоизга ошириш, шунингдек, фаолият тури ва ҳудудига қараб минимал ва максимал ставкаларни белгилаш кўзда тутилмоқда.

Жами йиллик даромади 100 млн сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорларнинг ходимларига ойлик иш ҳақидан 12 фоиз ставкадаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ёки якка тартибдаги тадбиркор учун белгиланган қатъий даромад солиғининг 50 фоизини тўлаш имконияти берилмоқда.

Бозорлар ва савдо мажмуаларида ишлаётган якка тартибдаги тадбиркорларнинг ходимлари учун тўланадиган ижтимоий солиқ бошқа жойларда ишлаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ходимларники каби 1 БҲМга (375 минг сўм) туширилади (ҳозир 6 БҲМ, яъни 2,2 млн сўм).

Мол-мулкини ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун ижаранинг энг кам ставкалари 10−12 фоизга ошади:

  • Тошкент шаҳрида турар жой биноларининг 1 квадрати учун 28 минг сўм, вилоят марказларида — 13 минг сўм, бошқа ҳудудларда — 5500 сўм;
  • Тошкент шаҳрида нотураржой биноларининг 1 квадрати учун 45 минг сўм, вилоят марказларида — 26,5 минг сўм, бошқа ҳудудларда — 11 минг сўм;
  • енгил автомобиллар учун ойлик минимал ижара ҳақи (ҳайдовчи ўриндиғидан ташқари ўринлар сони 8 тадан ортиқ бўлмаган автотранспорт воситалари учун) — 858 минг сўм, микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари учун — 1,705 млн сўм.

Йирик солиқ тўловчилар тоифасидаги юридик шахслар учун ҚҚСнинг жами суммаси ўрнини тезлаштирилган тарзда қоплаш тартибини (7 кун) умумий тартибга (30 кун) ўтказиш таклиф этилмоқда. Солиқ тўловчилар тоифасидан қатъи назар, ҚҚС бўйича салбий фарқ суммасининг барча солиқ тўловчилар учун бир хилда қоплаб берилиши таъминланади. Бундан ташқари, йирик солиқ тўловчилар товарларни импорт қилишда ҚҚС суммасини ўзаро ҳисобга олиш бўйича қўшимча имкониятини сақлаб қолади.

Имтиёзларни бекор қилиш

1 январдан бошлаб ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар томонидан реализация қилинадиган товарлар ва хизматлар бўйича ҚҚС имтиёзларини бекор қилиш таклиф этилмоқда. 2023 йилда 100 та субъект 46,8 млрд сўмлик шундай ҚҚС имтиёзидан фойдаланган. Имтиёзни бекор қилиш ҚҚС занжирининг яхлитлиги ва узлуксизлигини таъминлаши кутилмоқда.

Қайд этилишича, Грузия, Тожикистон ва Сингапурда бундай имтиёзлар мавжуд эмас.

Ягона тарифлар бўйича йўловчи ташиш хизматлари учун ҚҚС имтиёзи ҳам бекор қилинади. Ҳозирда улар шаҳар жамоат транспортида (таксилардан, шу жумладан, йўналишли таксилардан ташқари) ва шаҳарлараро поездларда йўловчи ташиш учун қўлланади.

2023 йилда 160 та корхонага 77,2 млрд сўмлик имтиёзлар берилган, бу эса «улар томонидан сотиб олинган товарлар (транспорт воситалари, ёқилғи-мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари ва ҳ.к.) учун тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш имкониятини чекламоқда». Қайд этилишича, Қозоғистон, Тожикистон ва Сингапурда бундай имтиёзлар мавжуд эмас.

ЖСТнинг субсидиялар ва компенсация чоралари тўғрисидаги келишувига мувофиқ, товар ва хизматлар экспортчилари ва реэкспортчилари учун даромад солиғи ва айланмадан солиқ бўйича имтиёзларни бекор қилиш таклиф этилмоқда. Ноль солиқ ставкаси туфайли экспорт қилувчи компаниялар ихтиёрида 2022 йилда 971,8 млрд сўм, 2023 йилда эса 1,12 трлн сўм қолган. Айланмадан солиқ имтиёзлари экспортёрларга 2022 йилда 11,7 млрд сўм, 2023 йилда 14,4 млрд сўмни тежаш имконини берган.

Кенгашларнинг ваколатларини кенгайтириш

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашларига Солиқ кодексининг 383-моддасида ўрнатилган қатъий солиқ ставкаларининг энг кам ва энг юқори ставкалари (диапазони) доирасида туман ва шаҳарларнинг иқтисодий ривожланиш даражасидан келиб чиқиб якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий солиқ ставкалари миқдорини белгилаш ваколати берилмоқда.

Масалан, Фарғона вилоятидаги Марғилон ва Қўқон шаҳарларининг иқтисодий шароитлари вилоят маркази ҳисобланган Фарғона шаҳри билан деярли бир хил. Бироқ Марғилон ва Қўқон шаҳарларида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан савдо қилувчи ЯТТ ойига 363 минг сўм солиқ тўласа, Фарғона шаҳридаги худди шундай тадбиркор ойига 726 минг сўм солиқ тўламоқда. Агар ҳужжат тасдиқланса, мисол учун, Фарғона вилояти халқ депутатлари кенгаши Марғилон ёки Қўқон шаҳарларида фаолият юритувчи ЯТТлар учун солиқ миқдорини Фарғона шаҳридаги ЯТТлар учун ўрнатилган солиқ миқдорига яқинлаштириш ваколатига эга бўлади, бу эса маҳаллий бюджет даромадларини оширади.

Кенгашлар, шунингдек, солиқ солиш мақсадида қўлланадиган кўчмас мулк ижара қийматининг 1 кв метр учун ўрнатилган минимал миқдорларга нисбатан 2 гача оширувчи коэффициент қўллаши мумкин бўлади. Хусусан, Тошкент шаҳрида ушбу коэффициентни ер солиғи каби зоналар кесимида қўллаш ваколатини бериш таклиф этилмоқда.

Туманлар (шаҳарлар) маҳаллий кенгашларига сув солиғи ставкасига 0,7 гача камайтирувчи ва 1,5 гача оширувчи коэффициент қўллаш (қишлоқ хўжалиги, электр станциялари, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари ва рўйхати президент қарори билан тасдиқланадиган йирик солиқ тўловчилар бундан мустасно) ваколати берилмоқда.

Туман ва шаҳарларнинг маҳаллий кенгашларига норуда қурилиш материаллари учун (цементдан ташқари) белгиланган қатъий ставканинг 1,3 баробаригача оширувчи коэффициент қўллаш ваколатини бериш ҳам таклиф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 18 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистонда янги солиқ имтиёзларини жорий этиш тартиби ўзгартирилганди. 2025 йилдан бошлаб улар киритилган пайтдан бошлаб эмас, балки кейинги йилнинг бошидан кучга киради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.