2025 йилда қайси солиқлар маҳаллий бюджетга йўналтирилади?

Улашиш:

2025 йил маҳаллий бюджетлар мустақиллигини ошириш учун улар ихтиёрида қоладиган солиқ тушумларини кўпайтириш режалаштирилмоқда. Бу юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи, айланмадан солиқ ҳамда қисман жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисобига амалга оширилади.

Ўзбекистонда 2025 йилда маҳаллий бюджетлар мустақиллигини ошириш учун улар ихтиёрида қоладиган солиқ тушумларини кўпайтириш режалаштирилмоқда. Бу 2025 йил учун давлат бюджети бўйича қонун лойиҳасида қайд этилган.

Бу юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи, айланмадан солиқ ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисобига амалга оширилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, 2024 йилда трансферт олувчи туманлар сони (харажатлари даромадларидан кўп) 188 тани ташкил этди. 2025 йилда бу кўрсаткич маҳаллий бюджетда қоладиган солиқлар миқдорини ошириш орқали 110 тагача камайиши кутилмоқда (-78 та).

Туман бюджетларига трансферт миқдори 2024 йилда 18,5 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 7,8 трлн сўмгача камаяди (-10,7 трлн сўм). Бу орқали туман харажатларидаги трансфертларнинг улуши ҳозирги 48 фоиздан 21 фоизгача пасаяди (-27 фоиз). Туман бюджетлари даромади эса ҳозирги 19,9 млрд сўмдан 29,3 млрд сўмгача ошади (+47 фоиз).

«2027 йилга келиб барча туманларни ўз-ўзини қоплашга ўтказилиши кутилмоқда», — деди Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров қонун лойиҳаси бўйича ўтказилган матбуот анжуманида.

Ҳозирда туман бюджетига қуйидаги солиқлардан тушган маблағлар йўналтирилмоқда: ЯТТлардан даромад солиғи, жисмоний шахсларнинг мол-мулки ижарасидан даромад солиғи, улардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари, норуда қурилиш материаллари бўйича недра солиғи, сув ресурслари солиғи.

2025 йилдан бошлаб қуйидаги тушумлар ҳам туманда қолдирилади: жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг камида 50 фоизи, айланма солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер ва мол-мулк солиқлари (йирик солиқ тўловчилар тушумларидан ташқари), давлат мулки ижарасидан даромадлар.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳар бюджетига қуйидагилар тўлиқ ҳажмда ўтказилади: юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар); юридик шахслардан олинадиган ер солиғи (йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқлар); бензинни, дизель ёқилғисини ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғи; тамаки маҳсулотлари (импорт орқали кирган маҳсулотлардан ташқари) учун акциз солиғи бўйича тушумлар (1 июль ҳолатига кўра аҳолиси сонининг республика аҳолиси сонидаги улушига мувофиқ).

Бунда даромадлар бўйича прогнознинг бажарилмаган қисми Қорақалпоғистон Республикасининг бюджетига, вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳар бюджетига республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади, даромадлар бўйича прогнознинг ошириб бажарилган қисми эса республика бюджети ихтиёрида қолади.

Солиқлар Қорақалпоғистон бюджетига, вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳар бюджетига қуйидаги улушларда ўтказилади:

  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тушган тушумларнинг (жисмоний шахслар мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан тўлайдиган, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ташқари) Навоий вилоятида 66 фоизи, Тошкент вилоятида 51 фоизи, Тошкент шаҳрида 12 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда 100 фоизи;
  • фойда солиғидан тушумларнинг (президент қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистонда доимий муассаса орқали фаолиятни амалга оширувчи норезидентлар, шунингдек норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғидан ташқари) Навоий вилоятида 70 фоизи, Тошкент вилоятида 49 фоизи, Тошкент шаҳрида 12 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда 100 фоизи;
  • алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан, пиво (импорт орқали кирган алкоголь маҳсулотлари ва пиводан ташқари) учун ишлаб чиқарувчилар томонидан тўланадиган акциз солиғининг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида 5 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда 30 фоизи.

Қуйидаги даромадлар республика бюджети ва Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ўртасида тақсимланади: давлат божлари; жарималар; йиғимлар; давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни реализация қилишдан тушумлар.

Давлат активларини сотишдан маҳаллий бюджетларга тушадиган тушумлар туманлар ва шаҳарлар бюджетлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ўртасида тенг улушларда тақсимланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари:

  • тегишли даражадаги маҳаллий бюджетларга ажратиладиган солиқларни ва бошқа турдаги даромадларни (шу жумладан, ушбу модданинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида кўрсатилган даромадларни) ҳамда бюджетлараро трансфертларни тақсимлашга;
  • даромадларнинг прогнозини ошириб бажаришдан олинган маблағларнинг бир қисмини туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун беришга ҳақли.

2025 йилги давлат бюджети бўйича қонун лойиҳасида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар кенгашлари турар жой ва нотурар жойлар бўйича ижара тўловининг энг кам ставкаларига нисбатан туман ва шаҳарлар кесимида, уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб 2,0 гача оширувчи коэффициент қўллашга ҳақли экани белгиланмоқда. Бунда Тошкент шаҳри халқ депутатлари кенгаши томонидан ушбу коэффициент Солиқ кодексида ер солиғини ҳисоблаш мақсадларида белгиланган зоналар кесимида қўлланилади.

Шунингдек, Халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар кенгашлари туманлар ҳамда шаҳарларнинг оммавий дам олишга ва (ёки) туризмга ихтисослаштирилган айрим ҳудудларида мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларига Тошкент шаҳри учун белгиланган миқдорларгача ўсиб борувчи коэффициентларни жорий этишга ҳақли экани қайд этилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.