Туркияда тез ёрдам вертолёти ҳалокати: 4 киши ҳаётдан кўз юмди

Улашиш:

Туркиянинг Муғла вилоятида тез ёрдам вертолёти ҳалокатга учраб, 4 киши ҳалок бўлди. Воқеа 22 декабрь куни Ўқув-тадқиқот госпитали ҳудудида содир бўлди, деб хабар бермоқда HaberTurk телеканали.

Муғла вилояти губернатори Идрис Акбийикнинг маълум қилишича, вертолёт бортида Анталияга кетаётган икки учувчи, бир шифокор ва бир тиббиёт ходими бўлган. Барча ҳалок бўлган. Ҳодиса вертолёт махсус учиш майдончасидан кўтарилгандан сўнг, бинодан 300-400 метр узоқликда, тўртинчи қаватдаги мажлислар зали деразасига урилган пайтда содир бўлган.

Фожиа вақтида госпиталь биносида одамлар бўлмагани сабабли беморлар ва шифохона ходимлари жабрланмаган. Бироқ бинога жиддий зарар етган ва ҳалокат жойида ёнилғи тўкилиши қайд этилган. Полиция фуқароларни хавфли ҳудудга яқинлашмаслик ҳақида огоҳлантирди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага кучли туман сабаб бўлиши мумкин. Ҳалокатга учраган вертолёт бир кун олдин госпиталга етказилган ва учишга тайёрланаётган эди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. Ҳозирда воқеа юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.