Очлик, вайронагарчилик, вабо ва энди зилзила. Нега Суриядаги вазият Туркиядагидан оғирроқ?

Улашиш:

Бир кунда уч марта содир бўлган кучли ер силкинишларидан сўнг бутун дунёнинг диққати асосан Туркияга қаратилди. Бироқ қўшни Сурия ҳам бундан кам зарар кўргани йўқ, Сурия иқтисодининг кўп йиллик фуқаролар урушидан кейинги ҳолати ҳисобга олинса, зилзила оқибатлари сурияликлар учун янада ачинарлироқ бўлиши маълум.

Суриянинг энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири шимоли-ғарбий ҳудудлардир. Мамлакатнинг шимолий қисми ҳамон исёнчилар назорати остида. Айнан шу ерга уч миллионга яқин киши урушдан қочиб келган. Уларнинг кўпчилиги палаткаларда, қадимий харобаларда ва вақтинчалик бошпаналарда яшайди.

Уруш натижасида юзага келган иқтисодий таназзул туфайли уларнинг аксар қисми очликдан қийналмоқда. Шу йилги қишдаги ёнилғи инқирози туфайли бу одамларнинг катта қисми иссиқликсиз ҳам қолди.

Сурия инфратузилмаси вайрон қилингани сўнгги ойларда минглаб инсонлар вабо билан касалланишига, уларга ёрдам бериши керак бўлган шифохоналарда тиббий ёрдам бериш учун ҳеч ким ва ҳеч нарса йўқлигига олиб келди.

6 феврал куни буларнинг барчасига кучли зилзила ҳам қўшилди. Касалхоналардаги манзаралар жанговар ҳаракатлар авжига чиққан манзараларни эслатарди: палаталар беморлар билан тўлиб-тошган, койкалар етишмайди, шифокорлар ҳар бир бурчакда жабрланганларни даволамоқда.

«Биз узоқ вақт осмонга қараб ҳарбий самолётларни қидирдик. Менинг миям менга бу яна бир уруш эканини пичирларди», дейди суриялик шифокор Осама Саллум.

Сурия шифохоналарида жой, дори-дармон ва жиҳозлар етишмайди. Фото: ANADOLU AGENCY

Саллум мухолифат назоратидаги шимоли-ғарбий минтақадаги бир қатор шифохоналарни қўллаб-қувватловчи Сурия-Америка тиббиёт жамияти фондида ишлайди.

«Мен зилзиладан бир неча соат ўтгач Атаребдаги касалхонага бордим. Мен у ердан чиққанимда тахмиман 53 киши ҳалок бўлган эди. Ярадорлар сонини эса санай олмадим», дейди шифокор.

Саллумнинг сўзларига кўра, биргина ушбу шифохонада аллақачон 120 дан ортиқ инсон жон берган ва ресурслар етишмаслиги фалокат оқибатларини бартараф этишга имкон бермаяпти.

«Вайроналар остидан қутқарилган одамларнинг кўпчилигида жиддий жароҳатлар бор, улар махсус даволаш ва замонавий жиҳозларни талаб қилади» дейди Саллум. Унинг қўшимча қилишича, Атаребдаги шифохонада фақат биттагина эски компьютер томографияси бор.

Жангoвaр ҳаракатлар деярли тугаган бўлса-да, соғлиқни сақлаш тизими ҳамон тиклангани йўқ. Халқаро қутқарув қўмитаси маълумотларига кўра, ҳозирда Сурияда урушдан олдинги тиббий муассасаларнинг атиги 45 фоизигина фаолият кўрсатмоқда.

Уруш оқибатлари

Суриянинг ўн йилдан буён давом этаётган тўқнашувлардан ҳали ҳам бош чиққани йўқ. 2020 йилда нисбатан мўрт сулҳга эришилди, аммо мамлакат иқтисодиёти бутунлай вайрон бўлди, халқаро донорлар ёрдами тўхтади. Шу сабабли ҳозирда мамлакатнинг тўлиқ тикланиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Уруш оқибатлари — катта вайронгарчиликлар, ўткир иқтисодий инқироз, валюта қулаши зилзиланинг ҳалокатли оқибатлари билан самарали курашишга имкон бермайди.

Феврал ойи бошида Сурия шимолида қор ёғганди. Фото: Getty Images

Қутқарув гуруҳлари барча жабрланган ҳудудларда тезда ҳаракатга киришди, аммо вайронагарчилик кўлами ҳатто улар учун ҳам жуда катта эди.

Қутқарув техникалари етарли эмас. 7,8 магнитудали биринчи зилзиладан омон қолган бинолар такрорий ерости силкинишлардан сўнг қулаб тушган. Аҳоли яшаш манзилларига бир неча йиллик ҳаво ва артиллерия ҳужумларидан сўнг бу ҳодиса ажабланарли эмас.

Ҳалабдаги аҳоли вакилларининг айтишича, одамлар биноларда қолишдан қўрқмоқда, улар очиқ жойларда чодир тикишяпти ёки машиналарда тунашмоқда.

Мамлакатнинг Туркия билан чегарадош шимоли-ғарбий қисми Туркияда жойлашган мухолифат гуруҳлари томонидан назорат қилинади ва бу ерда 4,6 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади.

«Бу ердаги ўн минглаб одамлар бошпанасиз қолди», деган давлат назорати остида бўлмаган ҳудудларда фаолият юритувчи, фуқаролик мудофааси ва қутқарув ишлари билан шуғулланувчи «Оқ дубулғалилар» гуруҳи директори Раёз Салоҳ.

Зилзиладан олдинги куни Ҳалаб шимолида, Сурия ва Туркия чегарасидаги Боб Ал-Салом назорат-ўтказиш пунктидан тахминан олти километр масофадаги Язи Баг қишлоғи атрофида қочқинлар учун қурилган вақтинча лагернинг кўриниши шундай эди. Фото: Getty Images

Баъзи жойларда кунига бир соатдан ҳам камроқ вақтда электр энергияси берилмоқда. Сув насослари фермаларда ҳам, турар жой биноларида ҳам ишламаяпти. Бу озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошишига ва тоза ичимлик суви танқислигига олиб келди.

Ёнилғи етишмовчилиги ва вабо

Ҳозирга қадар Суриянинг вайрон бўлган инфратузилмасини тиклаш бўйича кенг кўламли ҳаракатлар амалга оширилгани йўқ. Сурия ҳукумати бунга қисман бўлса-да Ғарб санкцияларини айбламоқда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Сурия ялпи ички маҳсулоти 2010 ва 2020 йиллар оралиғида 50 фоиздан кўпроққа камайган ва 2018 йилда паст даромадли мамлакат сифатида қайта таснифланган. Коронавирус пандемияси мамлакат иқтисодиётига, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимига катта зарар етказди.

Ҳарбий муваффақиятларга қарамай, Асад ҳукумати сўнгги йилларда жуда жиддий пул танқислигига учради. Шу сабабли бой тадбиркорларни давлат хизматлари ва давлат хизматчиларининг харажатларини молиялаштиришга мажбурлашга тўғри келди.

Мамлакатда ўткир ёнилғи танқислиги ҳам мавжуд. 6 феврал куни Сурия Нефт ва табиий ресурслар вазирлиги қутқарув операциялари ва вайроналарни тозалаш учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни энергия билан таъминлаш мақсадида жабрланган вилоятларга қўшимча равишда бензин ва дизел етказиб беришини маълум қилди. Аввалроқ Дамашқ ёнилғи учун субсидияларни сезиларли даражада қисқартирганди, зилзиладан зарар кўрган вилоятларда эса ўз захиралари йўқ эди.

2022 йилги ёнилғи тақчиллиги Суриянинг сув таъминоти инфратузилмаси ёмонлашиши билан биргаликда яна бир инқирозни – вабо эпидемиясини келтириб чиқарди. БМТ маълумотларига кўра, декабр ойи ўрталарига келиб, мамлакатда 60 мингдан ортиқ вабо билан касалланиш ҳолати қайд этилган.

REACH ҳуманитар гуруҳи томонидан Сурия шимоли-шарқида яқинда ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, баъзи сурияликлар ичимлик сувини тежаш учун қўлларини ювмаслиги ёки тўғридан тўғри Фротдан сув ичишини айтган. Респондентларнинг 82 фоизи ўзлари яшайдиган ҳудудда кўпчиликнинг бир бўлак совун олишга ҳам имконияти йўқлигини билдирган.

Бу қишда сурияликлар исиниш учун чиқинди ва ёнғоқ чаноқлар ёққан, ҳафтада бир марта душ қабул қилган ва бензин йўқлиги сабабли уйдан чиқмаган. Баъзилар иссиқ овқатдан воз кечган. Бошқалар эса озиқ-овқат сотиб олиш учун қишки кийимларини сотган.

Сурия можароси бошлангач, мамлакатда ёнилғи танқис бўлиб қолган. Айрим ҳудудларда аҳоли хом нефтни қўлбола шароитида қайта ишлашга ҳаракат қилади. Фото: ANADOLU AGENCY

Энди бу қийинчиликларга зилзила оқибатлари ҳам қўшилди: вайрон бўлган уйлар ва инфратузилма, барча ўринлари лиқ тўла касалхоналар, озиқ-овқат ва сув етишмовчилиги.

Бошқа кутилмаган муаммолар ҳам бор: масалан, Туркия чегараси яқинида жойлашган Ражо шаҳридаги вайрон бўлган қамоқхона биносидан ИШИД гуруҳининг (кўплаб мамлакатларда террорчи деб тан олинган) жангарилари деб гумон қилинган йигирма яқин киши қочиб кетган.

«Давлат хизматлари 12 йиллик инқироздан сўнг аллақачон жар ёқасида эди. Одамлар бу йилни уруш йиллари билан бирга энг ёмон йил деб айтмоқда», дейди Дамашқда жойлашган Норвегия Қочқинлар кенгашининг сиёсат ва алоқа бўйича менежери Эмма Форстер.

Халқаро қутқарув қўмитаси вакили Марк Кайе бутун дунёни зилзиладан сўнг Сурияга кўпроқ ёрдам жўнатишга чақирди.

«Дунёнинг исталган нуқтасида бу фавқулодда ҳолат бўлган бўларди. Сурияда юз берган бу воқеа эса фавқулодда вазият ичидаги фавқулодда вазиятдир», деган Марк Кайе.

Бироқ, исёнчилар назоратидаги ҳудудларга ҳуманитар ёрдам 2014 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан яратилган трансчегаравий механизм сабаб Туркия орқали ўтади.

Дамашқ ва Москва бу механизм Сурия суверенитетини бузаётганини таъкидлаб, бир неча бор норозилик билдирган. Россия ва Хитой босими остида вақт ўтиши билан чегара пунктлари сони тўрттадан биттага қисқартирилди.

Ҳозирда бу ўтиш жойига олиб келувчи йўллар ҳам зилзиладан зарар кўрган ва ҳаракатланиш имконсиз ҳолатга келган.

Туркиянинг ўзида юз берган вайронагарчилик кўлами жуда катта бўлган бир пайтда, Суриянинг жабрланган ҳудудларига ҳуманитар юклар қандай ва қачон етиб бориши тушунарсиз.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.