Эрон зилзиладан кейин Сурияга ёрдам баҳонасида қуроллар етказиб берган – Reuters

Улашиш:

Эрон зилзила вақтида ёрдам бериш баҳонасида Сурияга қурол-яроғ ва ҳарбий техника етказиб берди. Бу ҳақда турли мамлакатдаги тўққизта манбага таяниб, Reuters хабар берди. 

Қайд этилишича, Теҳроннинг мақсади Исроилга қарши ҳаракат қилаётган Сурия ҳудудидаги ўз кучларини кучайтириш, шунингдек, президент Башар ал-Ассад режимини қўллаб-қувватлашдир.

Reuters суҳбатдошларига кўра, 6 февраль куни Туркия ва Сурия шимолида содир бўлган кучли зилзиладан сўнг Эрондан юзлаб самолётлар етти ҳафта давомида Ҳалаб, Дамашқ ва Латакия аэропортларига юк етказган.

“Етказиб берилган юклар орасида илғор алоқа ускуналари ва радарлар, шунингдек, Эрон томонидан тақдим этилган Сурия ҳаво мудофаа тизимини режалаштирилган янгилаш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар мавжуд. Катта миқдордаги ўқ-дорилар етказиб берилган.

Бу қишнинг охири ва баҳорнинг дастлабки икки ойида Сурия аэропортлари ва қурол-яроғ омборларига Исроил томонидан ҳужумларнинг фаоллашишига олиб келган”, — дейилади хабарда.



Таъкидланишича, Исроил Сурияга қурол-яроғ оқимини тезда пайқаган ва унга қарши курашиш учун агрессив кампания бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Туркияда етти магнитудадан юқори бўлган иккита зилзила содир бўлиб, ундан қўшни Сурия жабр кўрган. Туркия ҳудудидаги табиий офат қурбонлари сони 50 минг кишидан ошган, Сурияда, БМТ маълумотларига кўра, олти мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.