«Портлаш тўлқини томошага келганлар устига ёпирилган». Махачқалъадаги ёнғин ҳақида нималар маълум?

Улашиш:

Душанба куни кечқурун Махачқалъадан чиқишда жойлашган автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида кучли портлаш рўй берди. Бунга қўшни автосервисда юзага келган ва автозаправкага ўтган ёнғин сабаб бўлди. Маҳаллий аҳоли вакиллари автосервисда чиққан ёнғинни томоша қилиш учун тўпланганида уларнинг устига портлаш тўлқини ёпирилган. 35 киши ҳалок бўлган.

«Бу бизнинг доғистонча одатимиз — нимадир рўй берса, тўпланиб, ғуж бўлиб олиб, ҳаммасини тасвирга олиш керак. Дунёда бўлаётган воқеалар диққат марказида бўлиш керак», — дея нолийди Махачқалъадаги портлаш ва ёнғин оқибатида жабрланган ўнлаб кишилар келтирилган республика клиника шифохонаси ходими BBC билан суҳбатда. У хавфсизлик нуқтайи назаридан шахси сир қолишини сўраган.

Ёнғин Махачқалъадан чиқишда, Новокули қишлоғидаги Кулинская кўчаси ва Федерал шоссе кесишмасида жойлашган автосервис ҳудудида бошланган. Кўп ўтмай олов рўпарадаги Nafta24 автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасига етиб борган ва кучли портлаш рўй берган.

Автосервисда ёнғин чиққанида унинг атрофида нима бўлаётганини кўриш учун келган одамлар тўплана бошлаган. Телеграм-каналларнинг ёзишича, портлаш рўй берганида «бинодан 50 метр радиусда бўлганлар устига портлаш тўлқини билан ёнаётган ёнилғи ёпирилган».

«Энг яқин турганлардан ҳеч нарса қолмаган», — деган республика шифохонаси ходими. Унинг сўзларига кўра, жабрланганларнинг аксари — айнан ёнғинни томоша қилиш учун келган одамлардир.

BBC суҳбатдоши ишлайдиган шифохонага портлаш оқибатида жароҳат олганларнинг бир қисми олиб келинган. Учта бўлим — куйиш, нейрохирургия ва травматология бўлимлари беморлар билан тўлиб кетган. Ҳозирга келиб вазият барқарорлашган, айрим пациентларга амбулатор даволаниш учун жавоб берилган, қолганларни стационар шароитда даволаш давом эттирилмоқда.

Манбанинг сўзларига кўра, жабрланганларнинг кўпчилиги бош мия ёпиқ жароҳати ва куйиш жароҳатлари билан олиб келинган — портлаш тўлқини ва атрофга сочилган парчалардан кўпчиликнинг боши, бўйни ва кўкрак қафасида кесилган жароҳатлар қайд этилган.

Республика клиника шифохонасига 30 га яқин киши ётқизилган, қолганлар бошқа тиббиёт муассасаларига юборилган.

Фото: MUSA SALGEREYEV/TASS

ФВВнинг сўнгги маълумотларига кўра, портлаш оқибатида 35 киши ҳалок бўлган, яна 80 киши жароҳат олган. Жабрланганларнинг 60 нафардан ортиғи шифохонада қолмоқда, шундан 11 кишининг ҳолатини шифокорлар жуда оғир деб баҳолаган.

Маҳаллий телеграм-каналларда турли тиббиёт муассасаларидан келган маълумотлар асосида қурбонлар ва жабрланувчиларнинг рўйхатлари эълон қилинган. Рўйхатларда портлаш оқибатида жабрланганлар орасида уч ёшли бола ҳам борлигини кўриш мумкин. Қурбонлар орасида яна уч бола бор. Ижтимоий тармоқларда одамлар портлашдан кейин бедарак йўқолган яқинларининг фотосуратларини жойлаштирмоқда ва улар ҳақида қандайдир маълумот топишга ҳаракат қилмоқда.

Сешанба куни кечқурун 17 нафар жабрланувчи ФВВ махсус бортида Москвадаги тиббиёт муассасаларига олиб кетилгани маълум бўлди.

Портлашнинг расмий сабаби маълум қилинмади. Аммо Доғистон ёнилғи қуйиш шохобчалари ассоциацияси раҳбари Юсуп Чарабураев РИА Новости агентлигига хабар беришича, портлаш рўй берган шохобча рўпарасида, йўлнинг нариги томонидаги омборхонада аммиакли селитра сақланган ва ёнғин тарқалганида портлаб кетган.

«У ерда 90-100 тоннадан ортиқ аммиакли селитра бўлган, бу тахминан 35 тонна тротилга тенг», — деган у.

Ёнғин чиққан автосервис ва портлаган автозаправка яқинида ноқонуний селитра омбори бўлгани ҳақида маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам айтиб беришган. «Нетипичная Махачкала» телеграм-каналига кўра, омборхона эгаси қўлга олинган ва тергов қилиш учун олиб кетилган, аммо бу маълумот расман тасдиқланмаган.

Video Player
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.