Озарбайжон Вазирлар Маҳкамаси Россия фуқаролари ва Россияда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар учун мамлакатда бўлиш қоидаларини кучайтиришга қарор қилди. Янгиланган қоидаларга кўра, 2025 йилдан бошлаб ушбу тоифадаги шахсларнинг Озарбайжонда визасиз бўлиш муддати йилига 90 кун билан чекланади. Ҳозирда Россия фуқароларига 180 кунлик визасиз режим амалда.
Ушбу қарор Россия томонининг хорижликлар учун визасиз бўлиш муддатини 90 кунгача қисқартирганига жавобан қабул қилинган.
Бундан ташқари, Озарбайжон ҳукумати "Azerbaijan Airlines" самолёти ҳалокати бўйича Россиядан қатор талабларни илгари сурди. Президент Илҳом Алиев баёнотига кўра, самолёт Актау ҳаво ҳудудида ердан отилган ўқлар натижасида шикастланган. Озарбайжон расмийлари Россия томонидан самолёт ҳалокати учун айбни тан олиш, айбдорларни жазолаш ва товон пули тўлашни талаб қилмоқда.
"Россия бу воқеани тан олиши, кечирим сўраши ва жабрланганларга товон тўлаши керак. Бу адолатли талаблар," – деди Алиев. Президент қора қутилардан олинадиган маълумотлар воқеанинг тафсилотларини янада ойдинлаштиришини қўшимча қилди.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳаво ҳудудида содир бўлган ҳодиса учун узр сўраган эди.
Озарбайжон ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг ушбу жараён ортидан қандай ўзгариши вақт билан маълум бўлади.