Урушнинг янги босқичи бошланди. Фронтдаги вазият бўйича асосий саволлар

Улашиш:

Anna Kudriavtseva / Reuters / Scanpix / LETA
РФдаги сафарбарлик фронтдаги вазиятни ўзгартира оладими? Киевни бомбардимон қилиш ва Белгородга зарбалар берилишидан ҳарбий маъно борми? Украина қуролли кучлари ҳужуми нима учун тўхтаб қолди? Қуйида урушнинг асосий эътибор рақибни ҳолдан тойдиришга қаратиладиган янги босқичи ҳақида.

Уруш янги босқичга кирди. Фронтдаги қўшинлар лойгарчилик ичида қолган бир пайтда икки томон ҳам қишдаги қатъий ҳаракатлар учун куч тўпламоқда. Аммо тайёргарлик фуқароларни сафарбар қилиш, уларга машғулот ўтиш ва янги бўлинмалар тузиш билан чекланиб қолмайди.

Ҳаводаги устунлик учун курашнинг навбатдаги босқичи бошланди (бусиз уруш ҳамиша турғун ҳолатга ўтади). Бунга эришиш учун украинлар ҳам, айниқса Россия қўмондонлиги рақиб авиацияси ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мунтазам равишда ҳаракатга келтириб, уларни кўпроқ ўқ-дори сарфлашга ва имкон қадар кўпроқ ташувчиларни — самолёт ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими қурилмаларини йўқотишга мажбур қилмоқда.

Катта эҳтимол билан Москва айнан шунинг учун Украинанинг муҳим инфратузилмаларини (электр станциялари ва электр нимстанциялари) бомбардимон қилмоқда, чунки Украина бундай объектларни ҳимоя қилиш учун барча воситаларни ишга солишга мажбур. Ғарб бунга жавобан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб беришни фаоллаштирмоқда. Қишки ва баҳорги кампаниялар натижаси ҳозирги курашда ким устун келишига боғлиқ.

Россиядаги сафарбарлик жанглар боришига қандай таъсир қилди?

Россия армияси учун сафарбарлик — бутунлай янги босқич: шу вақтгача армия босқинга қадар тўпланган кучлар ва воситалар билан амаллаётганди. Очиқ манбаларда аниқ рақамлар йўқ, аммо айтиш мумкинки, сентябрга қадар фронтга келган «кўнгиллилар» Россия армиясидаги йўқотишлар ўрнини тўлдира олмаётганди. Кузга келиб урушдан олдинги қуруқлик кучлари бутунлай ҳолдан тойди ва бу РФ қуролли кучларининг мағлубиятларига олиб келди: Харкив области шарқида оғир мағлубиятга учралди, Херсон областида ҳам эгаллаб олинган катта ҳудудлар бой берилди. Шу туфайли Кремль сафарбарлик эълон қилишга мажбур бўлди.

Аммо Украинадаги Россия гуруҳини шунчаки сон жиҳатдан ошириш (расмий баёнотларга кўра 300 мингдан ортиқ киши сафарбар этилган — гуруҳ сезиларли даражада йириклашади) вазият тубдан ўзгаришини кафолатламайди:

Биринчидан, сафарбар қилинганлардан ҳали жанговар бўлинмалар ва тузилмалар ташкил этиш керак.

Иккинчидан, қисмларни қуроллантириш ва бошқа керакли жиҳозлар билан таъминлаш талаб этилади. Бу эса аллақачон муаммоли ҳолат: барча сафарбар қилинганларга ҳам индивидуал ҳимоя воситалари, тиббий тўпламлар ва ҳатто замонавий ўқотар қуроллар етишмаяпти. Катта эҳтимол билан, агар Россия қўмондонлиги сафарбар қилинганлардан кўплаб янги қўшинлар ташкил этишга қарор қилса, коллектив учун қуроллар, жанговар машиналар ва тажрибали офицерлар етишмовчилиги ҳам юзага чиқади. Бундай тузилмалар (бригада ва дивизиялар) кўп вақт давомида жиддий жанглар учун яроқсиз ҳолатда қолиши ҳақиқатга яқин.

Учинчидан, Украина ҳам сафарбарликни давом эттирмоқда — ҳолбуки Украина ҳукумати баҳоларига кўра, ёз охирига келиб армия ва бошқа ҳарбийлашган тузилмалар сафларига бир миллионга яқин киши сафарбар этилганди. Қолаверса, мамлакатда захиралар ҳали тугамайди.
Украина кечаги оддий фуқаролардан янги жанговар қисмлар шакллантириш технологиясини аллақачон ўзлаштириб бўлган. Ўз сафарбарлигининг илк даврида ҳозир россияликларда кузатилаётгани каби муаммоларга тўқнаш келган мамлакатда юз минглаб сафарбар этилганлардан ўнлаб янги бригадалар ташкил этмасликка қарор қилинди. Урушгача бўлган даврда фақат штаблар ва техникалар омборларидан иборат бўлган ярим тайёр бригадалар жонли кучлар билан тўлдирилди (Россияда эса шунчаки бунақа тайёр бригадалар йўқ). Сафарбар қилинган захирадаги ҳарбийларнинг катта қисми мавжуд бригадаларни кучайтириш учун жалб этилди. Бригадаларда батальонлар сони кўпайтирилди (жумладан фуқаролик транспортида ҳаракатланувчи енгил пиёдалар гуруҳларини тузиш орқали).

Шунингдек, Киев ҳудудий мудофаа бригадаларини шакллантирди, улар биринчи навбатда мустақил жанговар бўлинмалар эмас, балки армия бригадалари учун донорлар вазифасини ўтади (назарий жиҳатдан РФ мудофаа вазирлиги бу технологияни такрорлашга уриниб кўриши мумкин, айниқса урушга қадар ҳам етарли даражада тўлдирилмаган Россия бўлинмалари уруш вақтида катта йўқотишларга учраган ҳолатда; афтидан, бундай бўлинмаларнинг кўпчилиги жанговар қобилиятини бутунлай йўқотган ва фронтда уларнинг ўрни билинмайди).

Ғарбдан Украинага ёрдам сифатида келаётган қурол-яроғ оқими қуриб қолиши даргумон. АҚШ ва НАТО раҳбарияти бир неча бор Украина урушда мағлуб бўлмаслиги учун барча ишни бажаришларини маълум қилишган ва шу вақтгача ўз сўзларида туришибди. Натижада, катта эҳтимол билан, қишда ва баҳорда ҳам Украина қуролли кучлари аввалгидек сон жиҳатдан устунликка (гарчи сентябрдаги каби улкан устунлик бўлмаса-да), шунингдек, кўпроқ жанговар шай тузилмаларга эга бўлади. Россия қўшини алоҳида участкаларда ўқ отиш кучи бўйича устунликка эга бўлади (аниқ ҳаракатланувчи қуроллар сони ва эҳтимол, жанг майдонидаги вазиятдан хабардорлик бўйича эса ортда қолади). Кузда рўй берган воқеалар шуни кўрсатдики, артиллерия бўйича устунликнинг ўзи бутун фронтни қамраб олиш учун етарли эмас.

Буларнинг барини инобатга олган ҳолда, Россия қўмондонлигига (Украинадаги қўшинларни расман генерал Сергей Суровикин бошқармоқда) Украина армияси таъминотини кесиб қўймасдан Россия бу урушда ғалаба қозона олмаслиги аён бўлиши керак.

Россия армияси нега Украина қуролли кучлари таъминотини тўхтата олмайди?

Украинани Ғарбдан узиб қўйиш учун юриш қилишга (Украина қуролли кучлари қўмондонлиги Беларус ҳудудидан ҳужум қилиш орқали шундай уриниш бўлиши мумкинлигини тахмин қилганди) Москвада куч йўқлиги кўриниб турибди. Ракета зарбалари билан таъминотни тўлиқ тўхтатиб қўйиш эса имконсиз: катта масофага ҳаракатланувчи ракеталарни фақат стационар (ҳаракатсиз) нишонларга қарши қўллаш мумкин. Қолаверса, улар бошқа шу каби нишонларга қарши ҳам самарасиздир: масалан, Украина шарқи ва ғарбини боғловчи Днепр орқали ўтган кўприкларни вайрон қилиш учун россияликлар ракеталарига ҳам аниқлик, ҳам жанговар каллаклар кучи етарли эмас.

Темирйўллар таркиблари ва ҳарбий колонналарга зарба бериш орқали юк ташишни тўхтатиб қўйиш учун авиация ва ўзи нишонни мустақил қидирувчи ҳамда зудлик билан зарба берувчи дронлар керак бўлади. Аммо Россия қўмондонлиги рақиб назоратидаги ҳудуд ичкарисида авиациядан фойдаланишни истамайди – бу ҳолда йўқотишлар хавфи юқори бўлади.

Шу вақтгача (агар урушнинг Россия ҳаво-космик кучлари Украина мудофааси ичкарисига зарбалар беришга уринган ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга тушишидан катта йўқотишларга учраган дастлабки 10 куни ҳисобга олинмаса) Россия авиацияси асосан пиёдаларни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланилмоқда. Шу билан бирга, бундай ҳаракатлар у қадар самарали бўлмаяпти: зарбалар паст баландликдан туриб берилмоқда ва кўп ҳолларда узоқ масофадан туриб бошқарилмайдиган ракеталар учирилмоқда (қўлда ташиб юрилувчи зенит ракеталари ҳужумига йўлиқмаслик учун). Бундай тактика (уни украин авиацияси ҳам қўллайди) йўқотишлар камроқ бўлишини таъминлайди, аммо рақибнинг фронт ортидаги нишонларини мустақил аниқлаб, ҳужум қилиш имконияти истисно этилади.

Натижада Украина қуролли кучлари тўсиққа учрамай, Ғарбдан қуролларни қабул қилиб олишда давом этади. Бундан ташқари, Украина қўмондонлиги ҳаводан зарбалар бўлишидан қўрқмасдан фронтга қўшимча кучлар юбориши мумкин — айнан шундай кучлар орқали бир неча бор РФ қуролли кучлари юришлари тўхтатиб қолинди ва қарши юришлар амалга оширилди.

Агар Россия армиясида барчаси шунчалик ёмон бўлса, нима учун Украина армияси юриши секинлашди?

Украина қўшинлари ҳаракати секинлашиши қисман ёмон об-ҳаво билан боғлиқ: Харкив, Донецк ва Луҳанск областларида сўнгги ҳафталарда тинимсиз ёмғир ёғмоқда, лойгарчилик юзага келган (тўғри, бир ой олдин украинларнинг шиддатли ҳужуми тўхтаб қолган Херсон областида об-ҳаво нисбатан яхшироқ).

Юриш суръати пасайиши фронтга россияликларнинг захира кучлари, жумладан сафарбар қилинганлардан таркиб топган бўлинмалар етиб келиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Аммо, украинларнинг ҳужумлари барбод бўлгани акс этган видеоларга кўра, Украина қуролли кучлари учун асосий муаммо Россия армиясининг артиллерия бобидаги устунлиги бўлиб қолмоқда.

Агар август ва сентябр ойларида Украина армияси HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари билан россияликларнинг фронт ортидаги ўнлаб ўқ-дори омборларига зарба бериш орқали РФ қуролли кучлари таъминотини сезиларли даражада қисқартиришга эришган бўлса, сўнгги ҳафталарда бундай ҳужумлар камайиб кетди. Ҳарҳолда снарядлар детонацияси рўй бериб, ёнаётган бинолар акс этган видеолар келиши деярли тўхтаб қолди; Россия қўмондонлиги йирик ўқ-дори омборларини ичкарироққа кўчиргани ёки кичик-кичик омборларга бўлиб юборгани туфайли уларни йўқ қилиш қийинлашган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, юриш қилаётган украин қисмларига артиллерия зарбалари берилаётгани акс этган ўнлаб видеолар пайдо бўлмоқда. Бу видеолар асосан Херсон областида Днепр дарёсининг ўнг соҳилидаги ҳудудлардан келмоқда — бу ҳудуд ҳозирда украинлар юришининг асосий мақсадига айланган.

Россия қўшинлари таъминотини издан чиқаришда Украина қуролли кучларига Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам халал бермоқда, бу тизимлар (у қадар самарали бўлмаса ҳам), украинларнинг разведкачи дронлари ва ракеталарини уриб туширмоқда. Шу сабаб туфайли украин самолётлари ва вертолётлари, шунингдек Bayraktar дронлари (бу қуроллар 2020 йилда Қорабоғдаги урушда арманлар артиллериясига қарши ўта муваффақиятли қўлланганди) россияликлар артиллериясига зарба бера олмаяпти.

Россия қўмондонлиги вазиятни қандай қилиб ўзгартирмоқчи? Украинлар-чи?

Россия қўмондонлиги 10 октябрдан, Қрим кўпригидаги портлашдан икки кун ўтиб қанотли ракеталар ва Эрон дронлари воситасида Украинадаги электр нимстанциялари ва энергия ишлаб чиқариш объектларини бомбардимон қилишга киришди. Кейинроқ маълум бўлишича, бу кампания олдиндан режалаштирилганди ва Керчдаги воқеалар билан боғлиқ эмасди. Нишонлар шундай танланмоқдаки, Украина қўмондонлиги бу ҳужумларни эътиборсиз қолдира олмаяпти ва зарбаларни қайтариш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда авиациянинг катта қисми жалб этилмоқда.

Бунга қадар украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Россия авиациясига зарба бериш учун пистирма тактикасидан фойдаланган ва ўзи ҳам йўқотишлардан қочиб қоларди: ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари позицияларини ошкор этиб қўювчи радарлар фақат россияликлар самолётлари учиб келаётганида ёқиларди – бу самолётлар парвози ҳақида, катта эҳтимол билан НАТОдаги иттифоқчилар ва махфий разведка тармоғи олдиндан хабардор қилган. Украина қуролли кучлари авиацияси ҳам йўқотишлардан қочишга ҳаракат қилган – самолёт ва вертолётлар яқин вақтларгача асосан олдинги чизиқдаги қисмларни қўллаб-қувватлаш учун паст баландликда ҳаракатлантирилган.

Россияликларнинг энергия тизимларига ҳужум кампанияси бошлангач, Украина қуролли кучлари тактикани ўзгартиришга мажбур бўлди: объектларни ҳимоялаш учун радарлар ёқилиб, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга туширилди, авиация қанотли ракеталар ва дронлар йўлини тўсиш учун ҳавога кўтарилди. Натижада ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам, авиация ҳам Россия армияси учун нишонга айланди:

  • Қанотли ракеталар ва дронлар учирилиши ортидан Россия ҳаво-космик кучлари узоқ масофага ҳаракатланувчи «ҳаво-ҳаво» типидаги ракеталарга эга қирувчи самолётларни ҳам ҳавога кўтара бошлади, бундай ракеталар аввал деярли ишлатилмаётганди;
  • «Ланцет» ва «Куб» русумли камикадзе дронлари ёппасига украинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бўйлаб ишлашга киришди (интернетда украинлар радари ва зенит-ракета мажмуасига дронлар бориб теккани акс этган видеолар пайдо бўлди).


Украина қуролли кучлари кампаниянинг илк кунларидаёқ Полтава областида учта қирувчи самолётидан айрилган (Украина расмий маълумотига кўра, самолётлардан бири яқинида Эрон Россияга берган Shahed-136 дрони портлаши оқибатида ҳалокатга учраган). Бундан ташқари, ўнлаб дронлар ва қанотли ракеталарни тутиб қолиш учун Украина армияси советлар даврига мансуб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун мўлжалланган ва захираси кўп бўлмаган ўқ-дориларини сарфлаб битираёзган.

Якунда Украина ҳукумати Ғарбдан зудлик билан турлича ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб берилишини сўраб мурожаат қилди. НАТО бу борада тизимли ёрдам ваъда қилди (гап Украинанинг эшелонли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини нолдан барпо этиш ҳақида кетмоқда). Аммо бундай етказмалар чиндан амалга ошишида мураккабликлар кутилмоқда: альянс мамлакатларида анъанага кўра ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими авиацияга асосланган, Украинага эса ҳозирча самолётлар етказиб берилиши йўлга қўйилмаган. Ғарбда ракета тизимлари кўп эмас, уларнинг энг замонавийларидан бири — Америка ишлаб чиқарган Patriot зенит ракета мажмуасидир — ҳозирча бундай тизим Киевга етказиб берилмаган.

Тизимлар дунё бўйлаб битталаб йиғилади: НАТОнинг ҳар бир аъзоси ўз имкониятига қараб ёрдам кўрсатади. Тизимларнинг бир қисмини ҳали энди ишлаб чиқариш керак; омборларда сақланаётган эскирган тизимларни олиб чиқиш ҳам мумкин (масалан, Patriot’нинг ўтмишдоши ҳисобланган — Hawk зенит ракета мажмуаси). Шундай экан, Россия қўмондонлиги украинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига қарши курашга урғу қаратиши маъносиз эмас: Ғарб ишдан чиқарилган тизимлар ўрнини тезда тўлдиришга қийналади.

Ўз навбатида, Украина қуролли кучлари сўнгги вақтларда россияликларнинг шундай тактикасини қўллай бошлаганди. Ёз охирида улар АҚШдан HARM русумли юқори тезликдаги радарга қарши ракеталарини (самолётдан учирилади ва узоқ масофага ҳаракатланади) қабул қилиб олганди; улар Украина қуролли кучларидаги Су-27 ва МиГ-29 самолётларидан учиришга мослаштирилган. Бу ракеталардан HIMARS тизими ракеталари билан бир вақтда фойдаланилмоқда. Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари HIMARS зарбаларини тўсишга уринаётганида, уларнинг ўзи HARM ракеталари нишонига айланади. Ўтган вақт ичида россияликларнинг бир қанча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва радарлари яксон этилганини тасдиқловчи тасвирлар пайдо бўлган (жумладан Белгород аэропортида). Катта эҳтимол билан муваффақиятли зарбаларнинг аксари омма эътиборидан четда қолган.

Икки кампаниянинг ҳам мақсади бир — ҳеч бўлмаганда айрим ҳудудларда ҳавода устунликка эришиш учун рақибнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини йўқ қилиш, кейин эса авиация (ёки зарбдор дронлар)дан рақиб артиллериясига зарбалар бериш ва унинг мудофааси ичкарисига ёриб кириш. Аммо урушувчи томонларнинг ҳеч бири рақибининг тизимларини қисқа вақт ичида ва оммавий тарзда яксон қилишга қодир эмас. Шундай экан, катта эҳтимол билан, ҳаводаги устунлик учун кураш (аввал фронтда бўлгани каби) ҳолдан тойдирувчи уруш характерига эга бўлади.

Барчаси нима билан якунланиши мумкин?

Кўриниб турибдики, уруш яқин келажакда томонлар муросага келиши билан якунланмайди: Кремлнинг муроса ҳақидаги тасаввурлари (Украина катта ҳудудларидан воз кечиши) Киевни ҳам, Ғарбдаги сиёсатчиларнинг кўпчилигини ҳам мутлақо қониқтирмайди. Бундан ташқари, Украина ҳукумати ҳозирда умуман ён бериш кайфиятида эмас. Катта эҳтимол билан, улар Россия ҳукуматининг ташкилий қобилиятини жуда паст баҳолашади ва Россиядаги сафарбарлик рақибга муваффақият келтирмаслигига ишонади.

Стратегик бомбардимонлар Киевнинг позициясини ўзгартириши даргумон: инфратузилмаларга зарбалар ҳимояланувчи томоннинг қаршилик кўрсатишга бўлган иродасини синдириши кам учрайдиган ҳолат; Украинанинг ҳарбий-техник салоҳияти эса деярли бутунлай мамлакатдан ташқарида жойлашган. Ўз навбатида Кремль сафарбарлик муваффақият келтирмаслигига амин бўлса (ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий томондан) ҳам, Украина ҳудудлари расман аннексия қилингани туфайли энди урушни тугатиш учун босиб олинган ҳудудларни очиқчасига «савдо қила олмайди».

Шунинг учун Россия қўмондонлиги агар ғалаба бўлмаса, ҳеч бўлмаганда «кичик мақсадлар» — эгалланган ҳудудларда қолишни уддалаш учун ўзида қолган устунликлардан (масалан, кўп сонли авиация, кўпроқ зарба бериш воситалари ва узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталар кўплиги) фойдаланишга ҳаракат қилади. Кремлдагиларга (ёки Киев ва Ғарбга, лекин бунинг эҳтимоли пастроқ) тўлиқ ҳарбий мағлубият хавфи яққол кўринмас экан, уруш давом этади — фақат унинг шакллари ва стратегиялари ўзгаради.  

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.