Янги фронт — Украинага Беларусдан ҳужум. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

Улашиш:

Россия-Беларус қўшма ўқув машғулотлари. 2022 йил 19 феврал / AP / Scanpix
​​​​​​​Яқинда Россия ва Беларус раҳбарлари умумий қўшинлар гуруҳи тузилишини эълон қилганди. Бундан ташқари, Беларус президенти Александр Лукашенко бир неча марта Украина гўёки Беларусга ҳужум қилишга тайёрланаётгани, бу эса Беларуснинг урушда тўғридан тўғри иштирок этиши эҳтимолини оширишини айтди. Зеленский бу таҳдидлардан сўнг G7 мамлакатларидан Украина ва Беларус чегарасига кузатувчилар юборишни сўради.

Украина ва унинг иттифоқчиларининг ҳарбий экспертлари ва сиёсатчилари томонидан берилаётган асосий савол – Беларус армиясининг Россия томондан урушга бевосита қўшилиши эҳтимоли қанчалик ҳақиқатга яқин? Россия қўшинлари Беларус тарафдан Киевни эгаллаш учун яна бир уриниб кўрадими?

Тўрт тахмин

10 октябр куни Украинага (хусусан, Беларус ҳудудидан ҳам) кенг кўламли ракета ҳужумлари уюштирилди ва шу куни Александр Лукашенко Россия билан биргаликдаги «қўшма гуруҳ» тузилишини эълон қилди.

Экспертлар Беларусда «қўшма гуруҳ» ташкил қилиниши сабаби бўйича тўртта назарияни олдинга сурмоқда:

Украина қўмондонлигини бошқа фронт чизиқларидан чалғитиш учун оғзаки таҳдид

Лукашенко бу усулни уруш бошида ҳам қўллаган эди. Беларус кучлари оператив (ва норасмий) жиҳатдан Россиянинг Ғарбий ҳарбий округига киради. Бу округ қўшинлари яқинда Харкивда катта йўқотишларга учради. Эндиликда округ қўшинлари таркиби Беларус кучлари ҳисобига тўлдирилиши ва шу ердаги ҳарбий базаларга жойлаштирилиши мумкин. Бу йўл билан беларуслар украинларни шимолга эътибор қаратишга мажбур қилиши ва бошқа фронт чизиқларидан чалғитиши мумкин.

Россия авиацияси, ракета комплекслари ва дронларини Беларусга жойлаштириш

Узоқ танаффусдан сўнг Россия Украинанинг ғарби ва шимолига (шу жумладан Киевга) ҳаво зарбалари беришни бошлади. Ҳужумларнинг бир қисми Беларус ҳудудидан учирилган «Герань-2» камикадзе дронлари (Эронда ишлаб чиқарилган) ёрдамида амалга оширилди.

Эҳтимол, Россия армияси Украинанинг муҳим инфратузилмаларини йўқ қилишни назарда тутувчи «вайронагарчилик уруши»ни янги стратегия сифатида давом эттириши мумкин. Беларус ҳудудидан фойдаланмасдан туриб бундай тактикани амалга ошириб бўлмайди. Россия дронлар ва ракеталарни Украина ғарбига айнан Беларус ҳудудидан учиришни мақсад қилган бўлиши мумкин.

«Қўшма гуруҳ» келажак учун яратилмоқда, Россия қўмондонлиги урушнинг Украинадан ташқарига тарқалиши ва НАТО давлатлари билан зиддият муқаррар равишда кучайишини тахмин қиляпти

Россия қуролли кучлари томонидан Украинага қарши стратегик бўлмаган ядровий қуроллардан фойдаланиш натижасида Ғарб билан ҳарбий можаро кучайган тақдирда Кремль Беларусдаги ўз ҳарбий кучларига таянмоқчи.

Россия ростдан ҳам Украина ғарби ва шимолига яна ҳужум қилмоқчи

Ҳозирча Кремль ҳужум учун етарли кучга эга эмас, бундан ташқари, босқин Украина-Беларус чегарасининг географияси сабаб ҳам қийинчиликка учраши мумкин. Феврал ва март ойларида руслар Киевни эгаллаши керак бўлган шимолий ва ғарбий армияларга кам сонли йўллар ва кўп сонли сув тўсиқлари сабаб керакли таъминотни етказиб бера олмаганди.

Ҳужум Беларуснинг Брест области орқали уюштирилиб, Украинанинг Европа билан чегараларини эгаллашни мақсад қилган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ бунинг учун Россияга жуда катта куч керак бўлади ва бундай куч сафарбарликдан кейин ҳам пайдо бўлиши эҳтимоли кам.

Ва бу ҳужумда Беларус армияси иштирок этмайди. Чунки Россия ўз иттифоқчиси армиясини кучайтириш ўрнига заифлаштирмоқда: унинг ҳарбий қуроллари ва ўқ-дориларини олиб, бошқа фронтларга жўнатяпти.

Беларусда ҳозирда қанча россиялик аскар бор?

Бутун ёз давомида Беларус ҳудудидан янги ҳужум операцияларини ўтказиш имконияти муҳокама қилинди. Лекин, Украина қуролли кучлари Бош штаби ҳисоботларида Беларус билан чегарадаги Волин ва Полеск йўналишларидаги вазият ҳар доим «сезиларли ўзгаришларсиз» дея тавсифланди.

Умумий форма йўқлиги, турли ёш тоифалари, кўзойнаклар, шунингдек турлича бош кийимлар - буларнинг барчаси Россияда янги сафарбар қилинганларни ифодалайди. Фото: Беларус мудофаа вазирлиги
Бироқ, кузда Россия яна Беларус ҳудудида қўшин тўплашни бошлади. Россияда сафарбарлик эълон қилиниши билан вазият янада хавотирли тус олди. Украина разведкаси маълумотларига кўра, Беларус Россия Федерациясидан сафарбар қилинган 20 минг кишини қабул қилишга тайёрланмоқда.

Яқин вақтгача Беларусдаги доимий рус контингенти сони мингтага яқин ҳарбий хизматчидан ташкил топганди. Буларга олтита зарбдор самолётларга техник хизмат кўрсатиш бўйича мутахассислар, «Искандер» оператив-тактик ракета тизимининг тўртта қурилмаси, 12 та С-400 зенит-ракета комплекслари, шунингдек, Ганцевичи ва Вилейка станциялари сигналчилари кирган.

Беларусдаги россиялик ҳарбийлар сони қанчалик сезиларли даражада ортиши ҳозирча номаълум, аммо Беларус ҳарбий ҳамкорлик бўлими бошлиғи Валерий Ревенко гап тўққиз минг аскар ҳақида кетаётганини маълум қилди.

Агар ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва расмларга ишонилса, руслар Беларусга асосан яқинда сафарбар қилинганларни жўнатмоқда.

Фото: Беларускі Гаюн
17 октябр куни Беларус томони тез орада қўшма гуруҳ учун Россиядан 170 га яқин танк, 100 мм калибрли юзлаб миномётлар ва икки юзта жанговар машиналар келишини эълон қилди.

Шу билан бирга, Беларуснинг «Беларускі Гаюн» телеграм-канали ёзишича, русларнинг эшелонлари Украина билан чегарадош ҳудудларга эмас, балки Беларуснинг марказий ва шимолий ҳудудларига йўл олмоқда.

Шимолдан ҳужум Украина учун қанчалик хавфли?

Ўтган ҳафта «Ахборий қаршилик» лойиҳасининг ҳарбий-сиёсий кузатувчиси Александр Коваленко Украинага кенг кўламли бостириб кириш таҳдидини яратиш учун Россия Беларусда камида 40 та батальон тактик гуруҳларини тўплаши кераклигини таъкидлади.

Ҳозирча Беларусда россияликларнинг зарбдор гуруҳлари шакллантиргани белгилари кўзга ташланмаган. Суратда Россия бўлинмалари билан келган автомобил техникалари. Фото: Беларус мудофаа вазирлиги
Бу миқдордаги тактик гуруҳлар шахсий таркиби сони 24-28 минг ҳарбий хизматчини ташкил қилади. Феврал ойида Беларусдан Украинага бостириб кирган рус қўшинларининг тахминий сони шунча эди.

Агар ҳужум атиги тўққиз минг киши билан уюштирилса, бу 12 тактик гуруҳ дегани. Коваленконинг айтишича, у ҳолда бу тўлақонли операция эмас, балки техникаларсиз батальонлар марши бўлади.

«Бу ҳақиқий ҳужумдан кўра кўпроқ чалғитувчи зарба бўлади», дейди у.

Агар Беларусдаги рус контингенти сони тез ўсишни бошласа, Россия ҳақиқатан ҳам бу ердан ҳужумга тайёргарлик кўраётган бўлиши эҳтимоли катта. Бунда рус қўмондонлиги деярли мотивацияга эга бўлмаган ва ёмон тайёргарлик кўрган сафарбар қилинган аскарлардан фойдаланади.

Россияда ҳужум қилиш учун кучлар етарлими?

Украинанинг Defense Express мудофаа интернет портали таҳлилчиси Иван Киричевский BBC нашрига айтишича, бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. «Бошқа фронтлардаги Россия армияси жуда қаттиқ чарчаб, чизиқни аранг ушлаб туришни бошлаганда, Кремль Украина қўшинларини чалғитиш учун Беларусдан ҳужумга ўтиши мумкин», дейди у.

Феврал ойида россиялик десантчиларнинг илғор қисмлари Беларусдан Украинага кириб, жуда тез билан илгарилаганди. Февралда сунъий йўлдошда олинган суратда - Буча яқинидаги Берестянкда турган Россия қўшинлари.
SATELLITE IMAGE 2022 MAXAR TECHNOLOGIES VIA EPA

Бироқ, Киричевский Россия шимолдан навбатдаги ҳужумни бошлаш учун етарлича қўшинлар гуруҳини туза олишига шубҳа қилмоқда.

Бунга мисол сифатида у Россия август ойи ўрталарида жангларга ташламоқчи бўлган 3-армия корпусининг муваффақиятсизлигини келтиради. Россия қўмондонлиги бу корпусни фақатгина сентябр ойида фронтга юборди ва шунда ҳам тўлиқ шакллантирилмаган ҳолда.

«Натижада Украина армияси бу корпусни Харкив атрофидан улоқтириб ташлади», дейди эксперт.

Украина шимолдан эҳтимолий ҳужумга тайёрми?

Ҳужумларни режалаштиришда асосийси - ўз имкониятларингга холис баҳо бериш ҳисобланади. Феврал-март ойларида Киев, Черниҳив ва Суми областларидаги муваффақиятсизликлар Россия армиясида бу борада муаммолар борлигини кўрсатганди.
Фото: Россия мудофаа вазирлиги

Украина қуролли кучлари бирлашган қўшинлари қўмондони генерал-лейтенант Сергей Наев Россия армиясининг уруш бошида Украина шимолидаги эришган муваффақиятларини бу пайтда Украина қўшинларининг асосий қисми Донбассда бўлгани билан изоҳлади. Ўша даврда Беларус билан чегарада асосан тинчлик давридаги бир неча бўлинмалар бўлган ва бу кенг кўламдаги тажовузни қайтариш учун етарли бўлмаган.

Эҳтимол бунга Россия босқинидан икки кун олдин Беларус Мудофаа вазири Виктор Хрениннинг украиналик ҳамкасби Олексий Резниковга Беларусдан Украинага ҳеч қандай ҳужум бўлмаслиги ҳақида «офицер сўзини бергани» ҳам сабаб бўлган. Бу ҳақда Резниковнинг ўзи Американинг Washington Post газетасига берган интервьюсида айтганди.

Генерал Наевнинг таъкидлашича, Украина ҳозир Беларус томондан ҳужум бўлишига тайёр. «Беларусда тўпланадиган қўшинлар уларнинг тайёрлик даражасини оширади. Шубҳасиз, Украина қўмондонлиги ҳам куч ва техникаларни шай ҳолга келтиради», дейди генерал.

Украинанинг Беларус билан чегарадош областлари маъмуриятлари ҳам эҳтимолий ҳужумга тайёргарликлари ҳақида хабар бермоқда.

Полесье - ҳар қандай мамлакат қуролли кучлари учун ноқулай ландшафтдир, айниқса кузги эриш даврида. Фото: Getty Images
Беларус билан 218 километрлик умумий чегарага эга бўлган Ривне области ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари Виталий Ковалнинг BBC News Ukraina нашрига айтишича, чегара мудофаасини кучайтириш бўйича ишлар етти ойдан бери давом этмоқда.

Ковалнинг сўзларига кўра, шимолдан бўладиган ҳар қандай ҳужум катта тўсиққа дуч келади.

«Ҳудудимизнинг 40 фоизи ўрмонлар билан қопланган. Ва айнан Беларус билан чегарадош шимолий областлар ўтиб бўлмайдиган ўрмонлар, шунингдек, ботқоқликлардан иборат. Бундан ташқари, 170 та дарё бор. Булар душман учун табиий тўсиқлардир. Дарёлар устидаги кўприклар турли йўллар билан тўсиб қўйилиши мумкин бўлган ва душман ҳаракатини тўхтатиб турадиган объектлардир», дея изоҳ беради Ривне области раҳбари.

«Фақат ўз жонига қасд қилганларгина Украина-Беларус чегараси орқали бизга қарши уруш бошлаши мумкин», дея қўшимча қилади у.

Беларус армияси Россия томондан урушга кириши мумкинми?

Назарий жиҳатдан Беларус армияси ҳам урушга кириши мумкин. Аммо экспертлар бундай эҳтимолни жуда паст баҳолашади
Ўтган йил охирида Беларус қуруқликдаги қўшинлари сони 17 минг ҳарбий хизматчидан иборат бўлиб, уларнинг асосий қисми муддатли ҳарбий хизматчилар бўлган.

Беларус армияси ҳам зирҳли техникага, ҳам авиацияга эга ва Иван Киричевскийнинг сўзларига кўра, Беларуснинг урушга кириши ҳақиқатан ҳам хавфли бўлиши мумкин. Бироқ, беларуслик ҳарбийлар жанговар тажрибага эга эмас.

Бундан ташқари, Беларус раҳбарияти, жумладан Лукашенко Украина билан жанг қилишни истамаслигини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ Хрениннинг 22 февралдаги ваъдалари эсга олинса, бундай баёнотларга ишониш мумкин эмас.

Беларусда ҳам сафарбарлик эълон қилинадими?

Бир неча кун олдин Беларусдаги мухолифат «Наша нива» нашри «Беларусда сафарбарлик тўғрисида қарор қабул қилинди» сарлавҳали мақола эълон қилди, унда журналистлар ўз манбаларига таяниб, Лукашенко ҳарбий қисмларни тўлдириш учун Беларусда яширин сафарбарлик ўтказиш бўйича фундаментал қарор қабул қилганини айтган.

Мақола муаллифларининг фикрича, бу Беларус ва Украина чегарасида тўқнашув юз бериши эҳтимолини оширади.

18 октябр куни бу ҳақдаги маълумотни Украина қуролли кучлари Бош штаби ҳам тасдиқлади. «Ўқув-машғулот йиғинлари ниқоби остида Беларус қуролли кучлари сафини тўлдириш учун яширин сафарбарлик амалга оширилмоқда. Мавжуд маълумотларга кўра, зенит-ракета тизимлари операторлари ва танк экипажларини йиғиш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда», дейилади Бош штаб баёнотида.

Расмий равишда Минск сафарбарлик ҳақида ҳеч қандай маълумот эълон қилмади ва аввалроқ, Александр Лукашенко бундай режа борлигини кескин рад қилди.

Беларуслар Украина билан жанг қилишни хоҳлайдими?

Беларус танки шу йил августида россияликлар билан қўшма машғулотларда. Фото: Getty Images
Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Олексий Арестовичнинг айтишича, Беларусда ҳақиқатан ҳам қисман яширин сафарбарлик кетмоқда, лекин улар асосан қурилиш мутахассислигига эга ҳарбий хизматчиларни армияга жалб қиляпти.

«Яъни Беларус томонининг асосий вазифаси биз билан жанг қилиш эмас, балки Россия контингенти яшаши учун қандайдир шароитлар яратишдир», дейди у.

Арестовичнинг таъкидлашича, Беларус армиясининг Украинага қарши урушда бевосита иштирок этиш эҳтимоли нолга тенг бўлмаса ҳам, жуда паст.

Кўпгина ҳарбий кузатувчилар Беларус армияси тўғридан тўғри ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш ниятида эмаслиги, балки рус қўшинларига Беларус арсеналларидан қурол ва ўқ-дорилар беришни кўзда тутганини таъкидламоқда.

Киричевскийнинг фикрича, Лукашенко шу тариқа ўз армиясининг Украинага қарши урушга тўғридан тўғри киришидан қочишга ҳаракат қилмоқда.

«Полонез» баравар ўт очиш реактив тизими. Беларус бу тизимни Хитой билан ҳамкорликда ишлаб чиққани тахмин қилинади.
Фото: Беларус мудофаа вазирлиги

«Беларускі Гаюн» телеграм канали муаллифлари ҳам Украинага бевосита бостириб киришни бир неча вариантлардан бири дея ҳисоблаган.

Беларуснинг урушдаги иштироки ўз ҳудудида Россия кучларини тайёрлаш, уларга қурол-яроғ етказиб бериш ва Беларус полигонларида сафарбар этилган россияликларни тайёрлаш билан чекланиши мумкин.

Бироқ, эртами-кечми Беларус армияси барибир урушга киришига ишонаётганлар бор.

Украина ҳарбий хизматчиларига кўмаклашувчи «Тирик қайтинг» жамғармаси раҳбари Тарас Чмут Беларус қуролли кучларида «Искандер» ва С-400 мажмуалари пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарга шундай изоҳ берди: «Улар урушга киради. Ёки биз бундан олдин ғалаба қозонамиз ва Россия Федерацияси парчаланиб кетади».

Беларусларнинг кайфиятини ўрганиш учун BBC News Ukraina нашри қариндоши Беларус армиясида хизмат қилувчи исмини ошкор қилишни истамаган беларуслардан бири билан суҳбатлашган. «Беларус Республикаси жанг қилишни хоҳламайди. Ва бу юз бермайди», деган у.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.