Украинада урушнинг 308-куни: Зарбалар остида ишлаётган шифокорлар ва разведкачилар (фото)

Улашиш:

Украинада урушнинг 308-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

Волгоградда сафарбар қилинган эркакнинг рафиқаси ҳарбий прокуратурага шикоят қилиб, эрини “ДХР” ҳудудида “урушга боришдан бош тортганлар учун қамоқхона”да тутиб турилганини айтган.

Украинада Эрон камикадзе дронларини уриб тушира олувчи дронлар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Володимир Зеленский Олий радага мурожаат йўллади. 52 дақиқа давом этган нутқи чоғида Украина президенти Россия билан ҳарбий низодан якуний мақсад — Украина ҳудудий яхлитлигини қайта тиклаш ва асирга тушганларни озод этиш эканини айтди.

Украина ҳаво кучлари спикери Юрий Игнат мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари сентябр ойидан буён 420 та ракета ҳамда 430 та камикадзе дронни уриб туширгани ҳақида маълум қилди.

Луганск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдайнинг айтишича, Россия қўмондонлиги Креминна шаҳрини тарк этган. Ушбу шаҳар учун жанглар бир неча ойдан буён давом этаётганди. Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти ҳам Украина қуролли кучлари сўнгги кунларда ушбу йўналишда муваффақиятга эришганини қайд этган.

Челябинск областида сафарбар қилинганлардан бири ўз капитанини уриб ўлдирди. 23 декабр куни аскар поездда ўз бошлиғига ҳужум қилган - у воқеа жойида жон берган. Қурбон бўлган ҳарбий ҳам сафарбар қилинганлардан эди.

The Guardian маълумотига кўра, юзлаб украиналик болалар Россиядаги дам олиш лагерларидан қайта олмаяпти. Ота-оналар оккупация чоғида бу болаларни лагерларга юборишган, улар Россия ҳудудида эканида Украина армияси бу ҳудудларни озод этган. Энди лагерлар маъмуриятлари болаларни қайтаришдан бош тортмоқда.

Украиналик ҳарбийларнинг Беларус билан чегарадаги позициялари

13 декабр куни Беларусда армия тайёргарлигини тўсатдан текшириш бошланди. Аммо, Украина давлат чегара хизмати маълумотига кўра, чегарадаги вазият ўзгармаган. Украина чегарачилари спикери вазиятни шундай изоҳламоқда:

Украина учун бу амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайди, биз Беларус билан чегарада мудофаа қобилиятимизни мустаҳкамлаб келяпмиз, буни давом эттирамиз, чунки Украина ҳеч қачон Беларусдан такрорий босқин бўлиши ёки Беларус қўшинлари Россиянинг Украинага қарши бошлаган босқинига қўшилиши эҳтимолини истисно этмайди.

У шунингдек Украина томони чегара яқинида руслар ва беларусларнинг қанча қўшини тўплангани борасида аниқ маълумот йўқлигини қўшимча қилди. Ноябр ойи охирида Украина қуролли кучлари Бош штаби Беларус ҳудудида РФ армиясидан тахминан тўққиз минг киши жойлаштирилгани тўғрисида хабар берганди. Бундан ташқари, ноябр ойи ўрталарида Украина Беларус билан чегарада девор қура бошлади. Қуйида Украина қуролли кучларининг Житомир области ҳудудида Беларус билан чегарадаги позициялари акс этган.

Фото: Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA

Фото: Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA

Фото: Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA

Фото: Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA

Фото: Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA

Бахмутда отишма остида қолган украин разведкачилари ва қочқинлар


Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти маълумотига кўра, Россия ҳарбийларининг Бахмут ҳудудидаги ҳаракати сўнгги вақтларда шахсий таркиб ва ўқ-дори етишмовчилиги туфайли секинлашган. ISW таҳлилчилари бу вазиятни РФ армиясининг август ойида Херсон атрофида тушиб қолган ҳолати билан солиштирмоқда, ўшанда Россия қўмондонлиги йирик батальон ва рота тактик гуруҳлари билан юриш қилишдан воз кечишга мажбур бўлганди.


ISW прогнозига кўра, РФ қўшини Бахмут ҳудудида бундан кейин ҳам секин ҳаракатланишда давом этади — агар яқин вақтлар ичида қўшинлар шахсий таркиби тўлдирилмаса ва ўқ-дорилар билан таъминламаса, ҳужумлар тўхтаб қолиши ҳам мумкин. Шунга қарамай, россиялик ҳарбийлар Бахмутни мунтазам равишда ўққа тутишмоқда. Украина қуролли кучлари шаҳарни қандай ҳимоя қилаётгани қуйидаги суратларда.

Фото: Pierre Crom / Getty Images

Украиналик ҳарбийлар ертўлалардаги маҳаллий аҳоли вакилларини эвакуация қилмоқда
Pierre Crom / Getty Images

Миномёт снаряди портлаши
Pierre Crom / Getty Images

Украина разведка батальони зобитлари дрон ёрдамида олдинги чизиқда олинган кадрларни таҳлил қилмоқда
Pierre Crom / Getty Images

Фото: Pierre Crom / Getty Images


Херсон россияликлар зарбалари остида


27 декабр куни Россия ҳарбийлари яна бир бор Херсонни ўққа тутди — РФ армияси ноябр ойида ўзи ташлаб чиққан шаҳарга доимий равишда зарба бериб келмоқда. Бу сафар Херсондаги шифохонанинг туғуруқ бўлими зарбага учраган. Ҳужум вақтида шикастланганлар йўқ. Президент офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенконинг сўзларига кўра, ҳужум арафасида шифокорлар туғуруқхонадаги беш ҳомиладор аёлдан бирини кесарча йўл билан туғдиришга улгуришган.

Туғуруқ бўлими ходимлари Херсонда ўққа тутилган шифохона биноси вайроналари остидан яроқли жиҳозларни олиб чиқишмоқда.
Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix / LETA

Ҳужумдан кейин Херсон шифохонаси ҳудудини тозалаётган ишчи
Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix / LETA

Херсон шифохонасининг туғуруқ бўлими шифокори иш чоғида
Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix / LETA

Херсонда 24 декабр кунги ҳужумлар чоғида ҳалок бўлган Елена Афанасьевскаянинг дафн маросимидаги қабристон ишчилари. Маҳаллий расмийларга кўра, ўша куни шаҳарда зарбалар оқибатида 16 киши ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида уч киши ҳудудни миналардан тозалаш билан машғул бўлган ФВВ ходимлари эди.
Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix / LETA

Наталья Рясковаянинг онаси Светлана Клишчицкая қизининг дафн маросимида. Наталья —23 декабр кунги зарбалар оқибатида ҳалок бўлган уч кишидан бири эди.
Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix / LETA

Озод этилган Купянскдаги ҳаёт


Купянск Харкив областида, Россия билан чегарадан 40 километр масофада жойлашган — фронт чизиғигача тахминан тўққиз километр. Россия қўшини шаҳарни 27 феврал куни босиб олган ва у бўйлаб ўтган темирйўл орқали Харкив области ҳамда Донбасс шимолидаги бўлинмаларга таъминот етказиб берган. Украин ҳарбийлари сентябрда Купянскни озод этди — қуйида ушбу шаҳарнинг ҳозирги манзаралари.

Маҳаллий аҳоли вакили россияликлпр зарбаларидан шикастланган уй ёнидан ўтиб, гуманитар ёрдам олиш учун бормоқда. Шаҳар маъмурияти раҳбари Андрей Бесединнинг айтишича, Купянскдаги биноларнинг 30 фоизи вайрон бўлган
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Купянскда яшовчилар World Central Kitchen кўнгиллилари тарқатаётган иссиқ овқат учун навбатда
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Купянскда яшовчи Володимир Дубровский ўз уйида шам ёқмоқда

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.