Бир китоб тарихи ёҳуд мутолаага тавсия қисса

Улашиш:

 

      “Бола эдим, гўдак эдим. Онам ака-укалар ҳақида ғалати бир чўпчак айтиб берган эди. Эмишки, бир замонлар икки ака-ука яшаган экан. Бирининг оти Илҳақ, иккинчисиники Исҳоқ экан. Иккаласи бир-бирини кўрарга кўзи йўқ, жуда ноаҳил экан. Уларнинг кўнглини оламан деб, икки ўртада оналари адойи тамом бўлибди. Шунда қодир худонинг қаҳри келибди-ю иккисининг ҳам кўзини кўр қилиб қўйибди. Шундагина ака-ука бир-бирини кўрмаса туролмаслигини, бир-бирига керак эканлигини тушунибди. Ўшандан бери иккаласи кечалари бўзлаб бир-бирини чақириб чиқармиш-у тополмас эмиш.”

Бу жумлалар менимча китобхонлар учун ёд бўлиб кетган бўлса ажаб эмас. Ҳа, бу ўша Ўткир Ҳошимовнинг ҳаммага таниш бўлган, барчамиз севиб мутолаа қиладиган “Дунёнинг ишлари” қиссасидан парча.

Бу қиссани ҳеч охиригача ўқимаган эканман, ёшлик вақтларимда бир-бир варақлаган эдим холос. Яқинда ижтимоий тармоқлардаги бир каналга шу китобнинг электрон вариантини ташлаб қолишди. Қизиқиб ўқий бошладим, кейинги жараёнлар нима бўларкин дея ўқишни давом этдим. Кўз олдимга беихтиёр мунис онам келди. Мен ҳам онаман, уларни энди тушуняпман. Ёзувчи бу қиссада биргина онаси билан бўлиб ўтган воқеаларни қоғозга тушириш орқали барча оналарнинг ҳаёт тарзини кўрсатиб беришга ҳаракат қилган. Бу борада муаллифнинг ўзи шундай дейди:

  • Бу қисса катта-кичик новеллалардан иборат. Бироқ уларнинг барчасида мен учун энг азиз одам - онам сиймоси бор. Бундаги одамларнингг ҳаммасини ўз кўзим билан кўрганман. Фақат баъзиларининг исми ўзгарди, холос. Бу одамларнинг қисмати ҳам қайсидир жиҳати билан онамга боғланган. Дунёдаги ҳамма оналар фарзандига муносабат бобида бир-бирига жуда ўхшайди. Бас, шундай экан, бу асар сизларга бағишланади, азиз Онажонлар!

    Ўткир Ҳошимов бу қиссада болалик давридан бошлаб онаси билан ўтказган ҳар бир яхши ва ёмон кунларини ёзган. Она шу қадар улуғ ва қудратли зотки, у кўзга кўринмас улкан куч билан, меҳр-муҳаббат билан фақат фарзандларини, яқинларини эмас, балки бутун бошли инсониятни бағрига босиб, дардига дармон бўла олади.

Бу китобнинг энг таъсирли жойлари муаллиф томонидан ёзилган энг сўнги пушаймонлик борасидаги жумлалар бўлди. Яхшиси, бу сермазмун гапларни сизга яна эслатай:

  • Дунёнинг ишлари доим шошилинч. Онам ўлимидан икки ҳафта олдин нонушта вақти болам кел бирга суратга тушгани борайлик деди. Мен она вақтим йўқ десам, яқинда мен ўламан деди. Шунда бирданига кулиб юбордим. Орадан икки ҳафта ўтди-ю...онам ҳаётдан кўз юмди. Кечалари уйғониб кетаман. Ўйлайман: сен номард, сен аҳмоқ нимага, нимага ўшанда кулдинг? Суратга тушишга вақтинг йўқмиди? Керак бўлса топасан-ку! Китоб учун, журнал учун, иш устида, боғда, кўчада... Нима, сен кино юлдузмисан? Жаҳоншумул шахсмисан? Aна, бир даста суратинг ётибди. Ҳар хил. Ҳар ерда... Фақат... Онанг билан тушган суратинг йўқ! деб ўзимни койийман.

       Биринчи китобим чиқди. Ҳар гал янги китобим чиқиши билан биринчи нусхасини онамга атар эдим. Ҳар гал бир хил сўз ёзиб берардим: «Биринчи ўқитувчим - онамга!» Онам китобни кўриши билан кўзлари қувончдан порлаб кетар, узундан-узоқ дуо қилар, пешонамдан ўпиб, яккаш битта гапни такрорлар эди: - Сен менинг суянган тоғимсан, ўғлим.

     Қўшниларимиздан бири китобимни ўқиш учун олибти. Кўчада турсам қуёшда сарғайиб стол устида ётибти. Онамга келиб нимага бердингиз китобни хор бўлиб ётибти деб уришдим. Онам ўзингни сиқма жон болам хафа бўлма ҳозир бориб олиб келаман деди. Кеча уйга келсам китобни олиб келибти.

     Бугун янги китобим чиқди. Биринчи нусхасини эмас, битта нусхасини эмас, олтмиш минг китобнинг ҳаммасини онамга бағишладим. Лекин...онам йўқ.

          Мутолаа қиласиз-у йиғидан ўзингизни тиёлмайсиз, қайта-қайта ўқишга юрак йўл қўймайди. Онажонингизга бўлган эътиборингиз ошади, уларни борида қадрлашга киришасиз. Улар билан ўтказган ҳар бир дамингизни хотирлайсиз, соғинасиз.

Қайси китобни тавсия қиласиз дейишса ҳеч иккиланмай “Дунёнинг ишлари” қиссасини албатта ўқинг деган бўлардим. Сабаб йўқ, яхшиси вақт ажратиб мутолаа қилиб кўринг ва хулоса қилинг.

Диловар Набиева - ДХА вилоят бошқармаси маъсул ходими.

 

 

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.