Жиззах шаҳрининг Мустақиллик кўчаси, Халқобод, Зилол ва Оққўрғонлик маҳаллаларида жойлашган қурилиш ва хўжалик моллари савдо дўконлари атрофини тартибга келтириш ишлари бошланди. Жиззах вилоят солиқ бошқармаси ва тегишли идоралар ходимлари томонидан ушбу ҳудудларда фаолият юритаётган 100 дан ортиқ савдо дўкони эгалари билан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Натижада, дўконлар олдига чиқариб қўйилган катта ўлчамдаги сув бочкалари, қурилиш материаллари, электр симлари, сантехника воситалари, пластмасс қувурлар, изоляцион ашёлар ва бошқа турли товарлар дўкон ичига ҳамда омборларга жойлаштирилди. Бу орқали йўллар ва фойдаланувчилар учун қулайлик яратилди ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилди.
Шу билан бирга, Эски шаҳар буюм бозорига кириш қисмидаги ноқонуний савдо нуқталари ҳамда йўл четларида ёйма савдо билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, гилам, кийим-кечаклар ва бошқа маҳсулотлар сотилаётган ҳудудлар ноқонуний эгаллаб олингани учун қонун доирасида бўшатиш талаб этилмоқда. Мулк эгаларига Маъмурий жавобгарлик кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жавобгарлик белгилангани ҳақида огоҳлантириш хати берилди. Унда айтилишича, ерларни ноқонуний эгаллаш ёки умумий тартибга риоя қилмаслик учун қонуний чоралар қўлланилади. Мулк эгаларига ўз хатоларини тузатиш учун 15 кунлик муддат берилган. Акс ҳолда, огоҳлантиришга риоя этмаган шахсларга нисбатан жарима ёки бошқа маъмурий чоралар кўрилиши ҳақида аниқ маълум қилинди.
Жиззах шаҳар давлат кадастрлар палатаси вакиллари ҳам бу жараёнда фаол иштирок этмоқда. Палатанинг кадастр муҳандиси Абдуваҳоб Фармонов таъкидлашича, ушбу чора-тадбирлар нафақат ҳудудни тартибга келтириш, балки қонунларга риоя этилишини таъминлашга қаратилган. Шунингдек, келгусида шунга ўхшаш ҳолатларни олдини олиш мақсадида мунтазам назорат ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Бу каби чоралар орқали шаҳар ҳудудларида фуқаролар учун қулай ва тартибли муҳит яратилишига эришилади. Тартиб – тараққиёт кафолати!
Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати