Жиззахда сўнгги 3 йилда фойдаланишга топширилган уйлардан аҳоли мамнунми?

Улашиш:

Зоир Ёдгоров 37 ёшида Жиззах шаҳридаги кўп қаватли уйлардан квартира сотиб олди. Бу осон бўлгани йўқ. Уй-жойли бўлиш ҳар бир ўзбек оиласининг орзуси. Ушбу орзуни амалга ошириш учун ҳаммада ҳам имконият етарли бўлавермайди. Жиззахда сўнгги 3 йилда фойдаланишга топширилган уйлардан аҳоли мамнунми?

Ойлик маошини тийинлаб йиғиб, иморат кўтариш ёки 2-3 хонали квартира сотиб олиш осон эмас. Айниқса ўқитувчига. Баъзида кўп йиллар давомида ижарада яшашга, aйрим ҳолларда эса битта ҳовлида оилали бўлган ака – укалар  хотини, бола чақаси билан биргаликда истиқомат қилишига тўғри келади. Даромади етарли оилалар учун бу муаммо саналмаслиги мумкин. Лекин аксарият ўзбекларда бу муаммо бор. 

2017 йилда Жиззах шаҳридаги Мирзо Улуғбек маҳалласида қуриб фойдаланишга топширилган  янги кўп қаватли уйлар ўзига хос дизайн ва кўринишга эгалиги билан жиззахликларнинг эътиборига тушди. Ушбу уйлар “Жиззах вокзали”га кириб келаверишда йўлларни кенгайтириш ва эски ҳамда пастқам уйларни бузиш ҳисобига бунёд этилди. Қисқа вақтда бу уйларнинг харидори ҳам топилди. “Қишлоққурилишбанк”нинг ипотека кредити асосида кўпчилик фақат бошланғич тўловни тўлаб, 18 йил муддатга уйларни ҳарид қилишни бошлади. 

Ўқитувчи Зоир Ёдгоров ҳам ушбу имкониятдан фойдаланиб уй учун ҳужжатларни расмийлаштиришга киришди. Банк ва қурувчи билан олиб борилган музокаралардан сўнг, дастлабки тўловни амалга оширди. Банк эса кредит ажратди. Қурувчи уйни тўлиқ таъмирлаб, унга калитини топширди. 

Ҳаммаси бир қарашда жуда яхшидек эди, лекин қатор муаммолар келиб чиқмагунча.

2019 йилда ушбу уйларга одамлар кўчиб кела бошлади. Қўшнилар бошқа жойларда бўлгани каби турли маҳаллаларда яшашган, бир-бирларини танишмасди ҳисоб. Лекин орадан вақт ўтиб, уларни яшаётган кўп қаватли уйнинг муаммолари бирлашишга, ўзаро танишишларига сабаб бўлди. Янги уйдаги қатор камчиликларни бартараф этиш учун югур-югурлар бошланди. 

- Бу камчиликларни бартараф этиш учун муаммоларни биргаликда ҳал этиб, бир неча марта ўз ҳисобимиздан пул сарфлашимизга тўғри келди,- дейди З.Ёдгоров. – Бу айниқса 2023 йил январь-февраль ойларидаги аномал совуқда жуда ҳам билинди. Уйимизнинг ертўла (подваль) қисмида сув музлаб қолиб юқори қаватларга чиқмай қолди. Сув қувурларини оловда эритиб юқорига чиқаришга муваффақ бўлдик. 

Биз бугун нафақат ичимлик суви билан боғлиқ муаммо, балки сўнгги 3 йилда Жиззахда фойдаланишга топширилган уйлардан аҳоли мамнунлиги масаласини ўрганмоқчи бўлдик. Шу мақсадда фейсбукдаги саҳифамда бу ҳақда пост қолдирдим. Орадан кўп ўтмасдан бир неча йил олдин “Жиззах телеканали”да биргаликда ишлаган ҳамкасбим, бугунги кунда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган Шерали Рустамов алоқага чиқиб қолди. 

“Станцияликлар”  ёки бу қандай жой

Жиззах шаҳридаги “вокзал кўчаси” деб ном олган ҳудуд шаҳарнинг энг гавжум жойларидан бири, “Кўкбозор” ҳозирги “Марказий” деҳқон бозорига туташ жойлар ҳисобланади. Темир йўл станциясига яқин бўлгани учун бу жой халқ тилида “станция”, “станция бозори”, халқини эса “станцияликлар” деб аташади.

2013 йилда биринчи президент И.Каримовнинг Жиззахга ташрифидан сўнг Мирзо Улуғбек маҳалласи ҳудудида жойлашган вокзал бутунлай қайта реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилган бўлса, 2017 йилда Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан вокзал атрофи ва унга туташ ҳудудлар  ободонлаштирилиб, эски уй ва қатор бинолар бузилиб, қайтадан қурила бошланди.

Йўл кенгайтирилиб, икки томондан кўриниши жиҳатидан бир – бирини такрорламайдиган уйлар қурила бошланди. Уйлар битгач эса банк томонидан кредит асосида узоқ муддатга уйлар сотилди.

Шерали Рустамов ва Зоир Ёдгоров каби узоқ йиллар ижарама-ижара сарсон бўлган инсонлар бу уйларга кўчиб кира бошлашди. Бошида деярли камчилиги йўқ, фақат кредит фоизини қайтариб турсак, кейин “тан” қисмини қайтариб маза қилиб яшаймиз деб ўйлаган бу фуқаролар, бугун бу уйдаги муаммолардан энг кўп азият чека бошладилар.

Уйнинг ҳаво алмашиш тизими бутунлай ишламайди. Ҳаттоки биринчи қаватда овқат пиширилса, 7-қаватдаги уйга, юқори қаватдагилар пиширган таом ҳиди эса пастки қаватларга, хаттоки ертўлага тушади. Бир неча бор қурилиш фирмасига қилинган мурожаат ҳам ўзининг самарасини бермади, - дейди шу уйда яшовчи аёллардан бири. 

- “Халқ қабулхонаси”га қилинган шикоятлар ҳам масалага ечим топилмасдан ёпилиб кетмоқда,   - дейди З.Ёдгоров. 

Уйнинг ертўласини кўздан кечирар экансиз, айрим нопрофессионал жиҳатларга кўзимиз тушди. Айнан ушбу уйнинг йўлак қисмида ёғингарчиликлардан сўнг чўка бошлаган. Ёмғир сувлари эса ертўлага сизиб ўтмоқда. Аҳоли хонадонларига ичимлик сувини бир меъёрда етказиб бериш мақсадида сув бочкалари ўрнатилган бироқ ушбу сувларнинг сифати ва хавфсизлиги масаласи очиқ қолган кўринади. Кимдир сув бочкалари ичига бирор бир модда ташлаб кетмаслигига кафолат бера олармикан.

Яна бир жиҳат сув насослари учун туширилган электр симлари ўта нопрофессионаллик билан тортилганки, эҳтиётсизлик қилиб тегиб кетилса, ҳаёт учун реал хавф пайдо қилади.

Ертўланинг канализация қувури эса аҳолининг ўз маблағлари ҳисобига қайта таъмирланиб, уйнинг ер ости  ва ташқи қисмларини бузишга тўғри келган.

СТАТҚЎМ: кўп қаватли уйлардаги квартиралар сони қанча

Жиззах вилояти ҳокимлиги расмий сайтида  “2023 йилнинг 1 январь ҳолатига Жиззахда кўп қаватли уйлардаги хонадонлар сони очиқланди” номли хабар жойланди. 

Статистика агентлиги маълумотларига таянган ҳолда берилган хабарга кўра, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига вилоятдаги кўп қаватли уйлардаги хонадонлар сони 67,2 мингтадан иборат эканлиги қайд этилган. 

Ушбу жадвалга кўра ҳудудлар кесимида энг кўп квартира (уй)лар сони бўйича етакчи поғоналарни Фарғона (800,8 минг ёки республикадаги умумий уйлар сонининг 11,0 %), Самарқанд (788,3 минг ёки 10,8 %), Тошкент (707,7 минг ёки 9,7 %) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри (724,7 минг ёки 9,9 %) банд этган.  

2023-йилнинг январь-феврал ойларида Жиззах вилояти бўйича 286,6 млрд. сўм нодавлат мулкчилигидаги корхона ва ташкилотлар томонидан қурилиш ишлари бажарилди.

Уларнинг таркибида бино ва иншоотлар қурилиш ишлари 233,9 млрд. сўмни  ёки жамига нисбатан улуши 81,6% ни, фуқаролик объектлари қурилиш  ишлари 33,9 млрд. сўмни ёки жамига нисбатан улуши 11,8 % ни ва ихтисослаштирилган қурилиш ишлари эса 18,8 млрд. сўмни ёки жамига нисбатан улуши 6,6 % ни ташкил этди.

2022-йил якунларига кўра, Жиззах вилояти бўйича қурилишда яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми 1 487,8 млрд. сўмни ташкил этди ва 2021-йилга нисбатан 6,5 % га ўсди. Кузатилаётган даврда ЯҲМ таркибида мазкур тармоқнинг улуши 5,6 % ни ташкил этди.

Бу эса ҳозирча рақамлар ва мазкур ўсишлар сифатдан кўра соннинг орқасидан қувишга ўхшайди. Аслида янги уй-жой олган харидор бир неча йилгача муаммосиз, ортиқча таъмирлашларсиз яшамоғи керак. Лекин Жиззахдаги ушбу уйда 2020 йилдан бери аҳоли муаммолар билан курашиб келмоқда.

Юртимизнинг қайси ҳудудида кўпроқ қурилиш корхоналари фаолият юритмоқда?

2023-йилнинг 1-апрель ҳолатига республикамизда жами 35 106 та қурилиш корхоналари фаолият кўрсатиб келмоқда ва улардан 1 291 таси жорий йилнинг январь-март ойларида янги ташкил этилди.

Ҳудудлар кесимида фаолият юритаётган қурилиш корхоналари сони:

Тошкент шаҳри – 7 017 та

Тошкент вилояти – 3 014 та

Фарғона вилояти – 2 927 та

Қашқадарё вилояти – 2 923 та

Самарқанд вилояти – 2 509 та

Бухоро вилояти – 2 479 та

Сурхондарё вилояти – 2 407 та

Андижон вилояти – 2 298 та

Қорақалпоғистон Респ. – 1 821 та

Наманган вилояти – 1 737 та

Хоразм вилояти – 1 700 та

Жиззах вилояти – 1 579 та

Навоий вилояти – 1 491 та

Сирдарё вилояти – 1 204 та



Мазкур инфографикаларни келтиришдан мақсад шуки, ҳудудларда фаолият юритаётган қурилиш корхоналарининг барчаси ҳам профессионал соҳа вакиллари саналмайди. Масалан, ўтган апрель ойида Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида қурилаётган 9 қаватли уйнинг сифати танқид қилинган видео ортидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хабар беришича, қурилишда бир қатор қоидабузарлик ва сифатсиз бажарилган ишлар аниқланди.

Бинони қуришда «Зилзилавий ҳудудларда қурилиш» меъёр талаблари бузилган. Котлован тайёргарлиги тўғрисида геолог далолатномаси ва замин тупроқ қатлами зичлиги бўйича лаборатория хулосалари тўлиқ расмийлаштирилмаган.

Объектнинг барча қаватларини кўтаришда монолит-бетон контрукцияларнинг мустаҳкамлиги бўйича лаборатория синовларининг хулосалари олинмаган. Шунингдек, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган.

Бундан ташқари, хавфсизлик ленталари тортилмай туриб, опалубка монтаж ишлари бажарилган. Опалубка монтаж ишларида лойиҳадан четга чиқилган.

Қурилишнинг белгиланган ижро ҳужжатлари, хусусан, қоидага кўра қурилиши бўйича ижро схемалар, ишлатилган қурилиш материалларининг сифатини тасдиқловчи паспорт ва сертификатлар, ёпиқ ишлар далолатномалари тўлиқ расмийлаштирилмаган.

«Бугунги кунда қурилиш монтаж ишлари вақтинча тўхтатилганини маълум қиламиз. Юқорида кўрсатиб ўтилган қоидабузарликларни лойиҳа ва қурилиш меъёрлари талаблари асосида бартараф этилиши юзасидан техник назоратчи ҳамда пудратчи масъулларига тегишли кўрсатмалар берилган», дейилади хабарда.

Пудрат ташкилоти раҳбари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддасига асосан (Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) жаримага тортилган. Кодексда бунга БҲМнинг 5−10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10−20 бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланган.

Ушбу воқеа ортидан журналистлар қурилиш корхонаси масъулидан интервью олишди.

Хулоса ўзингиздан. Жиззахда қурилган, ҳамманинг хаваси келадиган уйларни ҳам балки номутахассис қурувчилар қуришган бўлса-чи. Акс ҳолда аҳоли элементар муаммолар ортидан қатор муаммоларга дуч келмас эди. Ўйлаймизки масъуллар мазкур масала бўйича  Жиззах шаҳри, Мирзо Улуғбек маҳалласи 2-уй аҳолисининг муаммоларига ечим топиб берадилар.

Жиззах вилоят қурилиш бош бошқармаси, “Қишлоққурилишбанк” ҳамда мазкур уйни қурган қурилиш корхонасидан расмий муносабат кутамиз ва Sangzor.uz аслида муаммолар нимадан келиб чиққанлигини аниқлаш мақсадида уларга ҳам минбардан жой беражагини маълум қиламиз.

Ҳакимжон Фозилов

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.