Жиззахда янги уйлар фойдаланишга топширилди

Улашиш:

 Марказий ҳарбий округнинг Жиззах гарнизонида жойлашган ҳарбий шаҳарчалардан бирида мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида 2 та янгидан қурилган 4 қаватли ҳамда 3 та 2 қаватли уйлар қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Замонавий лойиҳалар асосида қурилган уйлар икки ва уч хонали бўлиб, уларда ҳарбийларнинг оилалари фаровон ҳаёт кечириши учун барча қулайликлар яратилган. Меҳмонхона, ошхона ва бошқа ёрдамчи хоналар замонавий жиҳозланган.

Унинг очилиш маросимида Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов, Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Шукуров, Нуроний жамғармаси Жиззах вилояти бўлими раиси Норқул Нушаров, Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев, фахрийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ва янги хонадон эгаларининг оила аъзолари иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, ҳарбий хизматчилар учун барча қулайликларга эга янги уй-жойларнинг барпо этилиши президентимиз раҳнамолигида ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, уларни уй-жой билан таъминлаш ва маиший шароитларини яхшилашга доир доимий эътибор натижасидир. Юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида садоқат билан хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар тадбирда сўз олиб, ўзларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлардан мамнун эканликларини билдиришди.

Тадбир давомида янги хонадон эгаларига калитлар тантанали тарзда топширилиб, қурилиш ташкилотлари вакилларига тўнлар кийгизилди. Меҳмонлар янги хонадонларга эга бўлган ҳарбий хизматчилар уйларига кириб, уларга оилавий бахт ва омад тилашди.

Шу куни ушбу ҳарбий шаҳарчада янгидан қуриб битказилган «Хотира хиёбони»нинг ҳам очилиш маросими ўтказилди.

Эндиликда ушбу масканга ташриф буюрувчилар Шароф Рашидов туманидан Иккинчи жаҳон урушига кетган ватандошларимиз ва Ватанимиз мустақиллигини ёвуз кучлардан ҳимоя қилишда фидойилик кўрсатган мард ва довюрак ўғлонларимизнинг жасоратлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишади.

Зеро халқимизнинг асл фарзандларининг фидойиликлари ҳозирги тинч ва осойишта замонда яшаётган юртдошларимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёшларимиз учун эл-юртга садоқатли бўлиб камолга етиш борасида улкан намуна бўлиб хизмат қилади.

ЎзА

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.