Жиззах шаҳрида яна бир мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди

Улашиш:

Жиззах шаҳрида болажонлар учун барча қулайликларга эга бўлган мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Қувонарлиси, эндиликда шаҳримиздаги яна 360 нафар кичкинтойларга сифатли таълим-тарбия бериш имкони яратилди. 

Жиззах шаҳрининг "Иттифоқ" маҳалласи ҳудудидаги 36-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти 1985 йилда қурилган бўлиб, кейинги йилларда анчагина ачинарли аҳволга тушиб қолган эди. Сўнгги пайтларда бор-йўғи 6 та гуруҳ фаолият кўрсатиб, тарбиячилар сони ҳам кескин камайиб кетди. Давлатимиз раҳбарининг ёш авлод тарбиясига жиддий эътибор қаратиши сабабли, муассасада ўтган йилнинг июнь ойидан эътиборан капиталь таъмирлаш ишлари бошланди. Бу ерда "Иштиҳон транс сервис" МЧЖ қурувчилари томонидан салкам олти миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бугунга келиб, барча қулайликларга эга, замонавий, кўркам бино қад ростлади. Натижада гуруҳлар сони икки баробарга ошди. Шу муносабат билан бу жойда ҳақиқий маънодаги байрам тадбири ташкил этилди.

Ташкилотнинг очилиш маросимида сўз олган Жиззах шаҳар ҳокими К.Холмуродов маҳаллий аҳолини, қолаверса, ташкилот ходимлари ва жажжи тарбияланувчиларни янги бино билан табриклаб, ушбу муассасадан келгусида жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшадиган ажойиб кадрлар етишиб чиқишига ишонч билдирди. Шунингдек, шаҳар ҳокими айни пайтда ҳудудимизда давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва ташкил этилаётган бошқа муассасалар орқали тарбияланувчи болалар қамрови кундан-кунга ошиб бораётганлигини мамнуният билан таъкидлаб ўтди.

Тадбирда ҳозир бўлган Жиззах шаҳар ҳокимлиги, кенг жамоатчилик, ота-оналар ва бошқа меҳмонлар ташкилотда яратилган шарт-шароитлар билан танишишди. Эътиборли жиҳати, "тўйга тўёна", деганларидек, тарбия муассасаси Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Жиззах шаҳар мактабгача таълим бўлими томонидан ташкилот янги стол-стул, ётоқ кроватлари, ечиниш-кийиниш мебеллари, ошхона анжомлари, мусиқа асбоблари, спорт инвентарлари, гилам ва бошқа кўплаб зарурий жиҳозлар билан таъминланди.

Кенг, ёруғ хоналар, замонавий спорт ва мусиқа заллари, ошхона, очиқ сув ҳавзаси, ёзги айвончалар... буларнинг барча-барчаси нафақат жажжи болажонларнинг, балки, уларнинг ота-оналари, маҳалла фаолларининг ҳам қувончига бирдек сабаб бўлди, десак асло муболаға қилмаган бўламиз.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.