Арнасойда янги боғча иш бошлади

Улашиш:

Арнасой туманидаги “Гулбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида янгидан барпо этилган давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари ижроси доирасидаги улкан бунёдкорлик ишлари аҳоли турмуши фаровонлигини янада яхшилашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Бу борада айниқса, мактабгача таълим тизимидаги ислоҳотлар келажак авлод таълим-тарбиясида муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида қайд этилди.

“Обод қишлоқ” давлат дастури асосида 120 ўринга мўлжалланган ушбу 10-сонли “Ширинтой” номли давлат мактабгача таълим ташкилотида Инвестиция дастури асосида қуриб фойдаланишга топширилди.

“BOSTON  MONTAJ TA’MIR”  хусусий корхонаси қурувчилари томонидан 3 миллиард 738 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. 2 қаватли ушбу муассасанинг умумий майдони 9517.75 кв.м ташкил этиб, кўмир ва электр билан иситишга мослаштирилган, индивидуал қозонхона, тоза ичимлик суви билан таъминланиб, ҳар бири 2 тоннадан сув сиғимига эга 2 та сув сақлагич ўрнатилди.

Муассасадаги 4 та ёш гуруҳи учун ётоқ ва ўйин хоналари, 120 ўринли ошхона, мусиқа ва бадиий гимнастика зали, мўжазгина кутубхона, тиббиёт хонаси ва маъмурий хоналар қаттиқ ва юмшоқ мебеллар, ошхона жиҳозлари, болалар ўйинчоқлари, спорт инвентарлари билан жиҳозланган.

Мактабгача таълим ташкилоти ҳовлисида 4 та айвон, очиқ спорт майдончаси барпо этилди. Бино ҳовлисида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, 25 туп арча, 110 туп мевали дарахт ва ранг-баранг гул кўчатлари экилди.

– Муассасамизда 3 ёшли кичик, 4 ёшли ўрта, 5 ёшли катта ҳамда 6 ёшли тайёрлов гуруҳлари фаолиятини бошлади, – дейди МТТ раҳбари Бобур Назаров – Болажонларимизга таълим-тарбия “Илк қадам” дастури асосида олиб борилади.

Ушбу мактабгача таълим муассасасида 18 та янги иш ўрни яратилди. Муассасада болажонларга малакали педагоглар билан бир қаторда иқтидорли ёш кадрлар таълим-тарбия беради.

Бундан ташқари, тарбияланувчилар давлат МТТ қошида ташкил этилган инглиз, рус тиллари, мусиқа, рақс, бадиий гимнастика ва бошқа тўгаракларда ҳам етук мутахассислардан сабоқ олиши мумкин.

– Туманимизда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар сони 3 минг 652 нафарни ташкил этиб, бугунги кунгача 3071 нафари МТТларга қамраб олиниб, қамров кўрсатгичи 84.1 фоизни ташкил этмоқда, – дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Бобур Нарзуллаев. – Айни пайтда туманимизда 11 та давлат, 2 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги ва 36 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият олиб бормоқда.

2021 йил якунига қадар қамров даражасини ошириш мақсадида Чўлқувар МФЙ ҳудудида Давлат хусусий шерикчилик асосида “Камалак-2018” НТМ фаолиятини йўлга қўйиб 100 қувват, 2 та оилавий НМТТ ташкил этиб  50 қувват, 2 та болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳларига 60 қувват, ЖАМИ 210 қувват яратилиб туманда мактабгача таълимга қамровни  87,1 фоиздан ошириш кўзда тутилган.

Арнасой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.