Тадбиркор ва солиқчилар: Очиқ мулоқотлар янги босқичда

Улашиш:

Жиззах вилоятида тадбиркорлар билан солиқ органлари ўртасидаги очиқ мулоқотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Илгари бундай учрашувлар Жиззах шаҳриАрнасой ва Бахмал туманларида ўтказилган бўлса, бу галги навбат Дўстлик тумани тадбиркорларига келди. Бу каби мулоқотлар тадбиркорлик муҳитини янада очиқ ва ишончли қилишга хизмат қилмоқда.

Дўстлик туманида бўлиб ўтган очиқ мулоқот ҳам ана шу саъй-ҳаракатлар давоми сифатида ташкил этилди. Жиззах вилояти солиқ бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирда кичик ва ўрта бизнес вакиллари, туман ҳокимлиги ҳамда солиқ органлари мутасаддилари иштирок этди. Асосий эътибор тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, уларга амалда ёрдам бериш ва солиқ соҳасидаги сўнгги янгиликларни етказишга қаратилди.

Тадбирда Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Б. Исмоилов, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари И. Қаршибоев, маҳаллий солиқ инспекцияси вакиллари ҳамда фаол тадбиркорлар қатнашдилар. Мулоқот очиқ ва амалий руҳда ўтди, иштирокчилар ўз фикр ва таклифларини эркин баён этиш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, солиқ қонунчилигидаги янгиликлар, айниқса кичик бизнес учун яратилган енгилликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбир якунида фаол ва ҳалол ишлаётган тадбиркорлар турли номинациялар бўйича тақдирланди. Бу эътироф уларнинг фаолиятини рағбатлантириш, бошқаларга ўрнак қилиш ва барқарор бизнес муҳитини шакллантиришда муҳим қадамдир.

Мулоқот доирасида Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси раҳбари Дўстлик туманидаги “SINTEZ DUSTLIK TEXTILE ACCESSORIES” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишди. Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу замонавий корхона этикетка, стикер, упаковка, тугма ва кнопкалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхонага 23 миллион долларлик технологиялар олиб кирилган ва ҳозирда 70 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлган.

2025 йил март ойи якунида мазкур корхона 1 миллиард 200 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаргани ҳам унинг самарали фаолиятидан далолат беради. Солиқ органи раҳбари корхонада солиқ тўловчи сифатидаги рейтингни ошириш, хисоботларда аниқлик ва шаффофликни таъминлаш юзасидан амалий тавсиялар берди.

Жиззах вилоятида тадбиркорларнинг овозини эшитиш, улар билан тенгма-тенг мулоқот қилиш амалиёти изчиллик билан давом этмоқда. Ҳар бир тумандаги тадбирлар нафақат муаммоларни аниқлаш, балки янги иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва барқарор солиқ тушумларини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда. Эндиликда бу анъана вилоятнинг бошқа туманларида ҳам амалга оширилиши, тадбиркорлик салоҳиятини янада юксалтириши кутилмоқда.

Вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.