2025-йилнинг 3-апрель куни Жиззах вилояти солиқ бошқармаси томонидан кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирокида муҳим учрашув ташкил этилди. Ушбу очиқ мулоқот Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 19-март куни ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларга амалий ечимлар топишга хизмат қилди.
Мулоқотдаги асосий йўналишлар
Тадбир давомида тадбиркорлар ўз фаолиятларида дуч келаётган энг долзарб масалаларни очиқ мулоқот шаклида муҳокама қилишди. Улар жумладан:
солиқ имтиёзларидан фойдаланиш тартиби;
бизнесни кенгайтиришдаги тўсиқлар;
ҚҚС суммаларини бошқа солиқларга ўтказиш ва қайтариш механизми;
рақамли маркировка жорий этилиши билан боғлиқ саволлар
каби 20 дан ортиқ муаммо ва таклифларини баён қилишди.
Тадбиркорлар рағбатлантирилди
Учрашув якунларида вилоятдаги фаол тадбиркорлар қуйидаги номинациялар бўйича тақдирланди:
Энг кўп солиқ тўлаган тадбиркор
Энг кўп фискал чека берадиган тадбиркор
Энг кўп экспорт қилган тадбиркор
Энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор
Энг интизомли солиқ тўловчи
Энг ёш тадбиркор
Мазкур тақдирлаш жараёни бизнесни ҳалол, шаффоф ва самарали юритган тадбиркорларни оммага танитиш, уларни янада рағбатлантиришга қаратилган.
Экспорт ва янги иш ўринлари асосий эътиборда
Тадбир давомида кичик бизнес субъектларининг экспорт салоҳияти, иш ўринлари яратиш имкониятлари ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш механизми кўриб чиқилди. Шунингдек, давлат томонидан кўрсатилаётган солиқ енгилликлари ва уларнинг амалийотда татбиқ этилиши бўйича тушунтиришлар берилди.
Тадбиркорлик – стратегик йўналиш
Эслатиб ўтамиз, Президентимиз 19-март куни ўтказилган умумреспубликанинг йиғилишида:
“Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – бизнинг стратегик йўлимиз”,
дея алоҳида таъкидлаган эдилар.
Шу асосда мамлакатимиз бўйлаб кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда ва улар орқали тадбиркорларнинг фикрлари эшитилиб, амалий ёрдам кўрсатиш тизими шакллантирилмоқда.
Жиззах вилоятидаги учрашув кичик ва ўрта бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш, солиқ тизимидаги янгиликларни тушунтириш ҳамда тадбиркорлар билан ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилди. Шунингдек, бу каби мулоқотлар келгусида бошқа ҳудудларда ҳам мунтазам ўтказилиши белгиланган.
Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати