Тошкентдаги «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасида Президент Шавкат Мирзиёев ва Россия ҳукумати раҳбариятига турли мамлакатларда қўлланилаётган рақамли маркировка тизимлари тақдим этилди.
Россия саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Екатерина Приезжева ҳамда CRPT директорлар кенгаши раиси Михаил Дубин Президент Мирзиёев ва Денис Мантуровга Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатларидаги маркировкалаш жараёнлари ҳақида маълумот берди. Сўз давомида ASL BELGISI ва «Честный Знак» иловалари орқали истеъмолчилар маҳсулотни мустақил равишда текшириш имкониятига эга экани таъкидланди — яроқлилик муддати, ишлаб чиқарилган жойи ва таркиб каби маълумотлар иловада кўрсатилади.
Шунингдек, Россия тажрибаси мисолида, рақамли маркировка сут маҳсулотларида қалбакилаштириш ҳолатларини 30 фоиздан 0,01 фоизгача қисқартиргани қайд этилди. Истеъмолчилар қоидабузарлик ҳолатларини аниқлаганида бевосита илова орқали давлат органларига хабар беришлари мумкин — бундай сигналлар 2019 йилдан буён 250 минг марта қабул қилинган.
Михаил Дубин маълум қилишича, 2021 йилдан буён Ўзбекистонда маркировка тизими орқали давлат бюджетига 6 триллион сўмдан зиёд маблағ тушган, шунинг 2 триллион сўми алкоголь ва тамаки маҳсулотларига тўғри келади.
Кўргазмада шунингдек Россияда ишлаб чиқарилган ва 90 фоиз маҳаллийлаштирилган маркировка ускуналари, «Каллисто» компаниясининг алюмин қопқоқларни рақамли белгилаш технологиялари ҳам намойиш этилди. Ушбу инновация ишлаб чиқариш харажатларини камайтиради ва самарадорликни ошириш имконини беради.