Муддати ўтган маҳсулотларга «иккинчи ҳаёт» беришга уринаётган «уддабурон» тадбиркорлар ҳақида

Улашиш:

Сўнгги пайтларда катта бозорлар яқинидаги кўчма ярмаркаларда, аҳоли гавжум чорраҳалар ва йўл бекатлари ёнида, кичик дўкончалар расталарида ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган озиқ-овқат маҳсулотларини учратиш мумкин. Айни жазирама ёз фаслида бундай маҳсулотларни истеъмол қилиш инсон организмида турли касалликларни келтириб чиқариш эҳтимоли жуда юқори.

Текширувлар нимани кўрсатмоқда?
Маълум қилинишича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига 2020 йил давомида яроқлилик муддати ўтган товарларни сотиш ҳолатлари бўйича 157та мурожаат келиб тушган, ушбу мурожаатларда муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари истеъмолчилар томонидан харид қилингани аниқланган.

Бундан ташқари, июнь ойининг бошида агентлик ходимлари томонидан республиканинг ички истеъмол бозорларида маркировкалаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги (озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда сотишда) талабларига риоя қилинишини аниқлаш мақсадида ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, ўрганилган 284та савдо объектида 1075та ҳолатда озиқ-овқат маҳсулотларини маркировкалаш қоидалари бузилгани қайд этилган. Ушбу маҳсулотларнинг 32таси ёки 3 фоизи импорт маҳсулоти бўлса, қолган 97 фоиз маҳсулотлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тегишли.

Таҳлилларга кўра, қоида бузиш ҳолатларининг 31 фоизи қандолатчилик маҳсулотларида, 17 фоизи сут маҳсулотлари, 13 фоизи колбаса маҳсулотлари, 3 фоизи макарон маҳсулотлари ва 3 фоизи қадоқланган ўсимлик ёғи маҳсулотларида кузатилган.

Кўриниб турибдики, қоида бузиш ҳолатларининг 70 фоизга яқини кундалик истеъмол қиладиган маҳсулотларимиз билан кузатилган. Бундан ташқари, ўрганилган савдо объектининг ҳар бирида ўртача 4тага яқин ҳолат қайд қилинган.

Қонунда қандай чоралар кўрилади?
Бугунги кунда яроқлилик муддати ўтган товарларни сотганлик учун максимал жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари(2 млн 450 минг сўм)га тенг.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига мувофиқ, истеъмолчиларга била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, шу жумладан, товар истеъмолига оид хусусиятлар ёки сифати хусусида чалғитиш туфайли истеъмолчиларга зарар етказиш – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Яроқлилик муддати ўтган товарларни, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги қонун ҳужжатларида назарда тутилган товарларни ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилиш ҳамда сотиш учун қабул қилганлик –ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўзда тутилган.

Хўш, бошқа давлатларда инсофсиз тадбиркорларнинг бу каби жиноятлари учун қандай чоралар кўрилади. Германияда муддати ўтган маҳсулотларни сотганлик учун ўртача жарима 20 минг евро(257 млн сўм)ни, Бирлашган Араб Амирликларида 25 минг евро(321 млн сўм)ни ташкил этади. Қозоғистонда бундай қоидабузарлик учун 4 миллион тенгегача (99,5 млн сўм), Россияда эса 50 минг рублгача(7,4 млн сўм) жарима ёки альтернатива сифатида дўкон фаолиятини 90 кунгача тўхтатиб қўйиш чоралари қўлланилади. Шунингдек, муддати ўтган сифатсиз маҳсулот бир кишидан ортиқ инсон ўлимига олиб келса, жиноий жавобгарлик қўлланилиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланиши мумкин.

«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда кўриб чиқилмоқда. Қонун лойиҳасида норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган, яроқлилик муддати ўтган, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган, шунингдек, қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари (12 млн 250 минг сўм) миқдорида молиявий санкция қўллаш кўзда тутилган. 

Бу каби ҳолатлар кузатилишига асосий сабаб нимада?
Нима учун инсофсиз тадбиркорлар мазкур муддати ўтган товарларнинг инсон саломатлигига таъсир тўғрисида ўйлаб кўришмайди? 
Мутахассислар бундай муддати ўтган маҳсулотлар инсон организмини заҳарлаши ва соғлигига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида бот-бот таъкидлашади. Сабаби оддий. Ўзбекистонда шу пайтга қадар бундай жиноятлар учун жавобгарлик жиддий бўлмаган ва текширув тадбирлари етарли даражада амалга оширилмаган. Инсонларнинг саломатлигини хавф остига қўяётган «тадбиркор» арзимаган жарима билан қутулиб қолаверган.

Истеъмолга яроқсиз маҳсулотни «ўтказиш» йўллари кўп, энг осони – уларни ўз вақтида расталардан олмаслик. Кўп ҳолларда эътиборсиз истеъмолчи товарнинг яроқлилик муддатига аҳамият бермайди, шошган ҳолда харид қилади. Яна бир кенг тарқалган йўли бу - товар маркировкасини, уни қайтадан (устидан) ёпиштириш, ўчириш, бошқатдан маркировкалаш орқали ўзгартириш ҳисобига товарларни сотувга чиқариш ҳисобланади.

Шунингдек, бу соҳада тўғри маркетинг стратегияси ишлаб чиқилмаганлигини ҳам кузатиш мумкин. Кўпчилик ривожланган давлатларда савдо тармоқлари ўзларининг муддати ўтаётган маҳсулотларига чегирмалар тизимини ишлаб чиқади. Бу каби маҳсулотларни махсус мобил илова ва сайтлар ёрдамида топиш мумкин ва уларни катта чегирмалар билан сотиб олиш имконияти мавжуд. Бу ҳолатда тадбиркор ҳам кўраётган зарарининг бир қисмини қоплайди, истеъмолчилар ҳам маҳсулотларни белгиланганидан анча арзон нархларда харид қилиши мумкин.

Умуман олганда, ишлаб чиқарувчиларнинг озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш санасини ва сақлаш муддатини кўрсатишни истамаслигининг асосий сабаби товарларни вақт чекловисиз сотиш имкониятидир. Дўконлардаги сотувчилар ҳам бундан унумли фойдаланиб, озиқ-овқат маҳсулотида аниқ бузилиш белгилари пайдо бўлгунга қадар товарларни истеъмолчига сотишлари мумкин.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун тадбиркорлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш, керак бўлса, жарималар миқдорини янада ошириш керак. Инсон саломатлиги ҳамма нарсадан устун бўлиши лозим ва лобуд.

Зарарли оқибатлари
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, аксарият ҳолатларда заҳарланиш муддати ўтган маҳсулотларни истеъмол қилиш натижасида юзага келади. Болаларда бундай ҳолатга мойиллик кўпроқ. Мутахассислар бунга бола танасининг ҳали етарлича шаклланмагани ва қаршилик кучига эга эмаслиги сабабли, озиқ-овқат маҳсулотлари билан организмга тушадиган токсик моддаларга вақтида ва етарли даражада қаршилик кўрсата олмаслигини сабаб сифатида кўрсатишади.

Охирги бир ой давомида кўчада сотилаётган музқаймоқ ва колбаса маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида тез тиббий ёрдамга мурожаат қиливчилар сони анча ортган. Маълум қилинишича, уларда тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши оқибатида кучли қайт қилиш ҳолатлари кузатилган.

5 ёшгача бўлган ҳар 10 боланинг биттаси (асосан ўғил болалар) етарлича овқатланмаслик натижасида ўсишдан орқада қолмоқда. Болалардаги камқонликнинг 75 фоизи темир танқислиги сабабли ривожланган. Бунга биргина истеъмол қилинаётган «йодланган» белгиси қўйилган тузнинг ҳаммаси ҳам талаб даражасида эмаслигини кўрсатиш мумкин.
Одамлар орасида заҳарланиш ҳолатларининг , камқон болалар туғилишининг олдини олиш мақсадида истеъмол қилаётган маҳсулотларга эътиборли бўлиш талаб этилади.

Озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати тўғрисидаги маълумот ўз ичига нималарни олиши керак?
Маҳсулот қадоғида унинг ишлаб чиқарилган йили ва ойи, тез бузиладиган маҳсулотлар, болалар ва парҳезли озуқалар учун – кун ва соати, уларни сақлаш ва истеъмол қилиш шартлари келтирилган бўлиши керак.

Достон Аҳроров тайёрлади
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.