Саудия Арабистонида ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё Кубоги финалида Ўзбекистон терма жамоаси тарихий ғалабага эришди. Финалда юртдошларимиз мезбон Саудия Арабистонига қарши баҳс олиб борди ва 2:0 ҳисобида зафар қучди.
Биринчи бўлимда икки ўйинчи четлатилди
Учрашувнинг биринчи тайми драматик тарзда кечди. 40-дақиқада Нурбек Сарсенбаев рақибга жисмоний таъсир ўтказгани учун тўғридан-тўғри қизил карточка олди. 45-дақиқада эса Миразиз Абдукаримов рақибнинг бирга-бир чиқиб кетишини тўхтатгани учун майдондан четлатилди. Шу тариқа Ўзбекистон 9 киши бўлиб ўйнашга мажбур бўлди.
Ўйиннинг иккинчи ярмида кутилмаган сценарий
Иккинчи бўлимда Ислом Исмоилов бошчилигидаги жамоа юқори руҳда ҳаракат қилди. 50-дақиқада қўл билан ўйин учун берилган пеналтини Муҳаммад Ҳакимов аниқ амалга оширди. 71-дақиқада эса Садриддин Ҳасанов якка ўзи ҳужум уюштириб, иккинчи голни киритди.
Ўзбекистон иккинчи марта қитъа чемпиони
Бу натижа орқали Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё Кубогида иккинчи марта чемпионликка эришди. Илк чемпионлик 2012 йилда қўлга киритилган эди.
Осиё Кубоги U-17. Финал натижаси:
Ўзбекистон — Саудия Арабистони 2:0
20 апрель, Тоиф шаҳри, "Қирол Фаҳд" стадиони
Голлар:
Муҳаммад Ҳакимов (50, пенальти)
Садриддин Ҳасанов (71)
Четлатишлар:
Нурбек Сарсенбаев (40)
Миразиз Абдукаримов (45)