Одилнинг суперголидан 0:6гача. Осиё кубоги тарихидаги энг яхши иштирок ва Австралиядан учралган «нокаут»

Улашиш:

Роппа-роса 13 йил аввал – 2011 йилнинг январида Қатар илк марта Осиё кубогига мезбонлик қилганди. Вадим Абрамов мураббийлигидаги миллий жамоамиз турнир кашфиётига айланиб, Осиё кубогидаги энг яхши натижасини қайд этган. Унутилмас воқеаларга бой бўлган мусобақанинг яримфиналида Австралиядан қабул қилинган қақшатқич зарбанинг алами ҳамон унутилмади. Бу сафарги тўқнашув олдидан ўзаро ҳисоб-китобимиз борлигини унутмаслик шарт.

Вадим Абрамовнинг тайинланиши ва танқидлар

ЖЧ-2010 саралаш босқичидаги муваффақиятсизликлар, қолаверса Осиё кубоги-2011 саралаш босқич сўнгги турида Тошкентда БААдан учралган мағлубиятдан (0:1) кейин Миржалол Қосимов истеъфога чиқарилди. Ўзбекистон 2-ўрин билан Қатардаги турнирга йўлланмани қўлга киритган бўлса-да, ЎФФ раҳбарияти миллий жамоанинг Қосимов билан Осиё кубогида натижа кўрсата олишига ишонмайди ва унинг ўрнига кўпчилик учун кутилмаганда Вадим Абрамов бош мураббий этиб тайинланади. Асосан «Трактор», «Локомотив» ва Ўзбекистон ёшлар жамоасида ишлаб, айтарли натижа кўрсатмаган мураббийнинг ЎФФ томонидан бош мураббий этиб тайинланиши ўшанда танқидга учраганди.

Қолаверса, миллий жамоанинг Осиё кубогигача номдор рақиблар билан эмас, асосан клублар билан назорат баҳси ўтказиб Қатарга йўл олгани ва таркибда кўпчилик кутмаган номлар борлиги Вадим Абрамовга нисбатан ОАВ ва мухлислар босимини кучайтирганди.

Одилдан супергол ва очилиш ўйинида мезбон устидан ғалаба

Турнир олдидан танқид тошлари остига қолиб кетган Вадим Абрамов бошчилигидаги жамоамиз Осиё кубоги-2011 очилиш ўйинидан кейин барча хавотирлар ўринсиз эканини кўрсатиб беришди ва мухлислар ҳамда ОАВнинг бош жамоамизга нисбатан қарашини 180 даражага ўзгартира олишди.

 «А» гуруҳида Қатар, Кувайт ва Хитойга қарши баҳс олиб борган вакилларимиз 1-турдаги очилиш ўйинида мезбонлар устидан ажойиб ғалабага эришади. Одил Аҳмедовнинг чамаси 30 метрлардан Қатар дарвозасига йўллаган суперголи билан ҳисоб очилган бўлса, Сервер Жепаров жамоамизнинг 2-голига муаллифлик қилганди.

Кувайт билан ўйиндаги ғалаба эвазига вакилларимиз муддатдан аввал гуруҳдан чиқиш вазифасини бажаргач, 3-турда Хитой билан 2:2 ҳисоби қайд этилади ва Ўзбекистон – пешқадам, Қатар 2-ўрин билан плей-оффга йўлланма олади. Александр Гейнрихнинг хитойликлар дарвозасига йўллаган суперзарбаси эса мусобақанинг энг чиройли голи деб топилганди.

Улуғбек Бақоевнинг дубли ва тарихий натижа

Қатардаги турниргача чоракфинал – Ўзбекистон учун ўтиб бўлмас довон бўлиб қолаётганди. Бу сафарги 1/4 финалда вакилларимиз турнирда энг яхши натижасини қайд этаётган, гуруҳида Саудия Арабистони ва Сурияни мағлубиятга учратган, Япония билан эса дуранг қайд этган Иорданияга қарши рўбарў келишди. Муҳим баҳсда Вадим Абрамовнинг Максим Шацкихни асосий таркибга қўймай, ўрнига Улуғбек Бақоевни туширгани барчани ажаблантирганди. Аммо айнан Бақоев муҳим паллада ўйин тақдирини ҳал қилди. Ҳужумчининг 46 ва 49-дақиқалардаги голлари Ўзбекистонга ғалаба келтириб, миллий жамоа ўз тарихида илк бор Осиё кубоги яримфиналига йўлланма олди. Финал остонасидаги баҳсда эса жамоамизни Австралия кутиб турганди...

Австралиядан қақшатқич зарба

Яна бир чоракфиналда Австралия Ироқ билан ўйиннинг 119-дақиқасида Кюэллнинг голи эвазига қийин ғалаба эришиб, Ўзбекистоннинг яримфиналдаги рақибига айланганди. Ўйин олдидан кўпчилик мутахассислар Ўзбекистон океанияликлардан кучсиз эмаслиги ва Абрамов шогирдларининг финалга ҳам чиқа олиши ҳақида гапира бошлаганди.

Бироқ, ўйин олдидан таркибда муаммолар йўқ эмасди. Чоракфиналда жароҳат олган Игнатий Нестеров ўрнини яримфиналда Темур Жўраев эгаллаб, илк бор асосий таркибда майдонга тушди. Ўйиннинг 5-дақиқасидаёқ Ҳарри Кюэллнинг голидан кейин миллий жамоамиз ўйинида парокандалик кузатилди. Дарвоза ва ҳимоя чизиғидаги қўпол хатолардан кейин австралияликларнинг Темур Жўраев дарвозаси томон ҳар бир юриши голга айланаётганди. Ҳисоб 0:3 бўлиб турган пайтда чоракфиналдаги қаҳрамон Улуғбек Бақоевнинг қизил карточка олиб майдондан четлатилишидан сўнг, жамоамиз батамом тор-мор этилади – 0:6...

Қақшатқич зарбадан 3 кун ўтиб, 3-ўрин учун ўйинда миллий жамоамиз Жанубий Корея билан баҳснинг 40-дақиқасидаёқ 0:3 ҳисобида ютқазаётган ва жамоамизни навбатдаги шармандалик кутаётган эди, гўё. Жамоамиз жонига оро кирган Александр Гейнрих дублга эришиб, «нокаут»дан кейин мухлисларга тасалли берганди – 2:3. Финалда эса Япония Австралияни мағлуб (1:0) этиб, Осиёда тенгсизлигини кўрсатган.

Қатар-2011нинг якуни қўрқинчли тугаган бўлса-да, Абрамов бошчилигида қўлга киритилган 4-ўрин – Ўзбекистон миллий жамоасининг турнирдаги энг яхши иштироки бўлиб қолмоқда. Орадан 13 йил ўтиб, бош жамоамиз айнан Қатарда энг яхши натижамизни янгилашига умид билдириб қоламиз. Айниқса, Австралия билан 2011 ва 2019 йилги турнирдан ўзаро ҳисоб-китобимиз борлигини унутмаслик шарт...

Осиё-2011. «А» гуруҳи

1-тур. 2011 йил 7 январ

Қатар – Ўзбекистон – 0:2

Голлар: Одил Аҳмедов (59), Сервер Жепаров (77).

2-тур. 2011 йил, 12 январ

Ўзбекистон – Кувайт – 2:1

Голлар: Максим Шацких (41), Сервер Жепаров (65) – Бадир ал-Мутва (49, пенальти).

3-тур. 2011 йил, 16 январ

Хитой – Ўзбекистон – 2:2

Голлар: Ю Хаи (6), Хао Юн мин (56) – Одил Аҳмедов (30), Александр Гейнрих (46).

Чоракфинал. 2011 йил 21 январь

Ўзбекистон – Иордания – 2:1

Голлар: Улуғбек Бақоев (47, 49) – Башар Мустафо Бани Ёсин (58).

Яримфинал. 25 январ

Ўзбекистон – Австралия – 0:6

Голлар: Ҳарри Кюэлл (6), Саша Огненовски (35), Дэвид Карни (66), Эмертон (73), Карл Валери (82), Робби Крузе (83).

3-ўрин учун ўйин

Ўзбекистон – Жанубий Корея – 2:3

Голлар: Александр Гейнрих (45, пенальти, 53) – Ку Жа Чол (18), Жи Донг Вон (28, 39).

Усмон Ибодов

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.