Осиё Чемпионлар лигаси, дастлабки саралаш босқичи ОКМК – “Ал-Сиб” учрашувидан олдин жамоамиз бош мураббийи Миржалол Қосимов ва футболчимиз Санжар Турсунов матбуот анжуманида қатнашди.
Бўлажак ўйин ҳақида
Миржалол Қосимов: Узоқ кутилган кун етиб келди. Ўтган мавсумдаги қайд этган натижаларимиздан келиб чиқиб, ушбу босқичда иштирок этмоқдамиз. ОЧЛ ҳавоси барибир бошқача. Эртанги бўлажак учрашувга тайёрмиз. Ягона мақсадимиз – кейинги босқичга чиқиб, гуруҳ босқичига йўлланмани олиш.
Санжар Турсунов: Эртага олмалиқлик муҳлисларга кўтаринки кайфият улашишга ҳаракат қиламиз.
Матбуот анжуманларнинг бирида биз фақат кейинги рақиб ҳақида ўйлаймиз дегансиз. «Олимпик»га қарши ўйин якунланганига кўп бўлмади. Кетма-кет ўйинлар мобайнида саралашдаги бўлажак рақиб етарлича ўрганилдими?
Миржалол Қосимов: Ҳа, шундай деганман. Чунки тайёрланиш жараёнида ўйиндан-ўйинга сакраб бўлмайди. Лекин бу ҳам миянинг бир четида туради. Рақиб етарлича ўрганилди. Рақиб жамоа яхши ҳимояланиш хусусиятига эга. Шу ўринда тез ҳужумга ҳам ўта олади. Жамоа сўнгги дақиқаларда гол уриб, оҳиригача кураша олишини ҳам инобатга олиш керак. Йигитларимга ишонаман.
ОКМК Суперлига баҳсларида кўплаб ўйинларда дарвозасидан кўп тўп олиб чиқмоқда. Бу сизни хавотирланишга олиб келмайдими?
Миржалол Қосимов: Ғалаба омадга ҳам боғлиқ. ОКМК қувноқ ўйин намойиш этади. Ўйинларимизни кузатсангиз, ўзи ҳам ўйнаб ҳамда рақибга ҳам имкон беради. Эртанги ўйин битта учрашувдан иборат. Гуруҳ ўйинлари бўлганда ҳам майли эди. Жамоамиз эртага фақат ғалаба учун майдонга тушади.
Санжар Турсуновга савол.
Янги таъмирдан чиққан майдон ҳолатини қандай баҳолайсиз?
Санжар Турсунов: Ўйлашимча, майдон ҳолати Ўзбекистондаги энг яхшиси.
Миржалол Қосимов: Клуб раҳбариятига барча яратилган шарт-шароитлар учун миннатдорчилик билдирамиз. Насиб қилса, бу майдонда ҳам Ўзбекистон терма жамоаси ўз ўйинларини ўтказади.
ОКМК матбуот хизмати