Шомуродов Россияда қолиб кетган «Бунёдкор» ёшлар жамоасини 1,5 ой давомида моддий таъминлаб турган

Улашиш:

Фото: ЎФА
Ўзбекистон терма жамоаси ва «Женоа» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов 2020 йил пандемия даврида хайрли ишга қўл ургани маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон терма жамоаси ва «Бунёдкор» фан-клуби етакчиси Абдураҳмон Фозилов «Красава» каналига берган интервьюсида маълум қилди.

Маълум бўлишича, «Бунёдкор» болалар жамоаси Россиянинг Краснодар шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада иштирок этаётган вақтда коронавирус сабаб карантин чоралари кучайтирилган ва жамоа ўша ерда қолиб кетган. 30 кишидан иборат жамоанинг захираси меҳмонхонада ўн кун истиқомат қилишга етган, кейинчалик уларда ресурс қолмаган.

Бундан хабар топган Шомуродов Ростовдан Краснодарга борган, меҳмонхона ва бошқа харажатларни қоплаб берган. Шундан кейин у делегацияни Ростовга олиб кетган ва 1—1,5 ой давомида уларни таъминлаб турган. Вазият бироз юмшагач, Ўзбекистон ФВВ махсус рейс орқали «Бунёдкор» ёшларини ортга қайтарган.

«Шомуродов 30 кишидан иборат жамоани 1,5 ой давомида боқди. Бу ҳақда у на YouTube, на Instagram ва на бошқа жойда гапирди. Унинг ишлари улкан ҳурматга лойиқ. Шундан кейин у йигитларни Ростовдан Москвагача кузатиб қўйди ва самолётга чиққунгача бўлган харажатларни барчасини қоплаб берди», — дейди Абдураҳмон Фозилов.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.