Вадим Абрамов қўлидаги «қўғирчоқлар» ва Ўзбекистоннинг шармандали мағлубиятини яширишга уринганлар - Аброр Имомхўжаев

Улашиш:

«Бунёдкор» клубининг собиқ ходими, спорт журналисти Аброр Имомхўжаев «Championat.asia» сайтига интервью берди.

Футболчилик фаолиятини эрта якунлашига нима сабаб бўлгани ҳақида

8 ёшимда «Пахтакор» футбол мактабига борганман. Кейинчалик ҳозирги Олимпия захиралари коллежига ўқишга кирганман. 8-синфлигимда кўз нурим хиралаша бошлаган. Шунда шифокорлар футбол билан шуғулланишни тўхтатишимни маслаҳат берган, яъни улар тўпга бош билан зарба бермаслигимни, агар бундай қиладиган бўлсам, кўриш қобилиятим янада ёмонлашишини айтган. Шундан кейин футболдан кетишга мажбур бўлганман.


«Бунёдкор»га келиб қолгани ҳақида

2006 йил «Қурувчи» («Бунёдкор»нинг аввалги номи) биринчи лигада ҳаракат қилган вақтда жамоани Ҳикмат Эргашев бошқариб борарди. У, Мурод Алиев, Миржалол Қосимов ва бошқа соҳалардан бўлган яна бир қатор шахслар билан кичик даврамиз бор, шу орқали яхши танишмиз. Улар билан «Қурувчи»нинг ҳар бир ўйинига борардик ва клубнинг барча аъзолари билан таниш эдик. Жамоа Олий лигага йўл олгач, янги лойиҳа бошланган. 

Ташкилий гуруҳ тузилган, унга мени ҳам таклиф қилишган. Шу тариқа 2006 йилдан кейин анча вақт «Бунёдкор»да ишладим.
«Бунёдкор» лойиҳаси маблағ жиҳатидан ўзини оқламагандир, бироқ футболнинг ривожига ҳисса қўшди. Жамоа ўша вақтда шаклланган «Пахтакор» монополиясига чек қўйди. Хориждан футбол юлдузлари ва кучли мураббийларнинг келиши ҳам ўзбек футболида катта бурилиш ясади.


Криштиану Роналдунинг Тошкентга ташрифи ҳақида

Кўп машҳур футболчиларда инжиқлик хислатлари бўлади, бироқ биз Роналдуда буни сезмаганмиз. Ёнидаги одамлар нима деган бўлса барчасини бажарган. У шундай шарт билан келгандики, майдонга тушиб ўйнаши мумкин бўлмаган. Чунки ўйин вақтида жароҳат оладиган бўлса, «Реал» унинг ўзига катта жарима солиши мумкин. Эсингизда бўлса, ўша вақтда ЖАР стадиони мухлислар билан тўлиб кетганди. Шу сабаб унинг ўзи ҳам қизиқиб кетган ва майдонда ёш футболчилар билан тўп тепган. Мени ҳайрон қолдирган томони шундаки, ҳозирга қадар Месси билан Роналдуни шу вақтга қадар тенгма-тенг солиштириб келишган бўлса, Месси келганда бу қадар ажиотаж бўлмаган. Роналдунинг Ўзбекистонда мухлислари бу даражада кўплигини билмагандим.


Тожикистонга қарши ўйиндаги йирик мағлубиятни эълон қилиш тақиқлангани ҳақида

Осиё Кубоги—1996 саралаш босқичида Ўзбекистон терма жамоаси Тожикистонга тўқнаш келган. Дастлабки ўйин Душанбеда, жавоб ўйини эса Тошкентда бўлиб ўтиши белгиланганди. Ўша вақтда раҳбарлардан бири Тожикистонга қарши сафар ўйинига легионерсиз, фақат маҳаллий чемпионат футболчилари билан боришни федерациядагиларга буюрган. Бу ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси 0:4 ҳисобида мағлуб бўлган. Бу энди сиёсий томонга ўтиб кетиб қолади: қўшни мамлакат, футболи бизникидан бир неча баробар паст бўлган жамоага қанақасига ютқазиш мумкин? Шу сабаб ўша мутасаддининг ўзи бу маълумот энг юқори даврага етиб бормаслигига ҳаракат қилган. 

У вақтда цензура бор эди. Уларга буйруқ берилган: «Бу натижа ҳеч қаерда эълон қилиниши мумкин эмас». Газетада бу иш осон. Цензурадан ўтсагина босмага рухсат берилади, бўлмаса — йўқ. Телевидениеда спорт бўлими «Ўзбекистон» телеканалида бўларди, уларга айтилган: «Ҳеч қайси кўрсатувда ўйин натижасини бермайсан». Мен у вақтда «ТВ-2»да (ҳозирги «Ёшлар» телеканали) «Футбол олами» кўрсатувини олиб борардим. У вақтда бу канал фақат Тошкент шаҳри ва вилоятида эфирга узатиладиган, кичик телеканал эди. Ўша кўрсатувда нафақат ҳисобни, ўша тўрттала голни ҳам кўрсатганман. Бу кўрсатувдан кейин катта шов-шув кўтарилган. Тепадан қўнғироқлар бўлган, бироқ айбдор топилмаган. Чунки менга бу ҳақда ҳеч ким айтмаганди.


Миржалол Қосимов ҳақида

Қосимовнинг Ўзбекистон терма жамоасидаги, «Спартак Алания»даги ўйинини кўрганлар яхши билади, ҳозиргача ўзбек футболида у каби ўйинчи йўқ. На Одил Аҳмедов, на Сервер Жепаров унга тенг кела олган. Майдонни кўриш, жарима тўплари, аниқ узатмалар ва ақл — бу борада ҳеч ким унга тенг эмас.


«Бунёдкор» собиқ раҳбари Бахтиёр Бобоев ҳақида

2006 йилдан клубда ишлаган бўлсам, уч марта «Бунёдкор»дан кетганман. Миржалол Қосимов жамоани қабул қилиб олгандан кейин матбуот хизматида менинг ишлашимни хоҳлади. У вақтда бу лавозимда Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ишларди. Очиғи, у билан муносабатларимиз бир воқеадан кейин бузилиб кетган ва ҳозирга қадар яхши эмас. Миржалол мени клубга олиб келмоқчи бўлган, бироқ Бобоев бунга қарши чиққан. Қосимов ўз гапида туриб олган ва унинг раъйига қарши чиқа олмай, мени чақиришган. Шу тариқа матбуот хизматида алоҳида ишлай бошладим: Тўхтамирзаев клуб ишларига жавоб берган бўлса, мен кўпроқ академияда бўлардим. Миржалол Қосимов терма жамоага ўтиб, клубдан кетганидан кейин Бобоев йил якунида мени чақирди. «Сизни Қосимовнинг илтимоси билан олгандик, энди у йўқ. Бу ишларни Тўхтамирзаев ҳам бемалол қилаверади», деди. Шундан кейин аризамни ёзиб чиқиб кетдим.


«Бунёдкор» собиқ бош директорининг шубҳали фаолияти борасида

Масалан, маошлар билан боғлиқ можароларга сабаб бўлган Александр Пишурнинг агенти ҳам, Симоненконинг агенти ҳам битта одам бўлган — Наманганда ишлаб кетган Сефер Алибаев. У Бахтиёр Бобоев билан жуда яхши муносабатда эди. Одатда бу қадар яқин инсонлар орасида бундай низо чиқиши мумкин эмас. Менда охири шунақа хулоса пайдо бўлдики, балки, шундай қарздорлик туфайли катта пул ундиришдан иккала томон ҳам манфаатдордир? Бу нарса содир бўлди демоқчи эмасман, бироқ менда шундай тасаввур қолди. Ахир, яқин оғайниси-ку, қандай қилиб бундай воқеа бўлиши мумкин?

Фан-клуб билан учрашув вақтида бир нарсани эшитиб қолдик, маълум бўлишича, раҳбарият «Биз шу ерда эканмиз, Миржалол Қосимов қайтмайди», деб айтган экан. Сабаби Миржалол Қосимов клубда ноҳақликларга йўл қўйиб бермасди. У оддий бош мураббий эмас, менежер эди: ўйинчи харид қилишдан тортиб таркибгача ўз назоратида ушларди. Бу эса клуб раҳбарларига маъқул келмасди. Ундан кўра уларга «хўп» деб турган мураббий яхшироқ.


«Бунёдкор» раҳбариятидаги ўзгариш ҳақида

Клуб Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилганидан кейин ташкилот ҳужжатларни текширишни бошлаган. Айнан нима бўлганини билмайман, тушунишим бўйича айрим молиявий ҳужжатлар уларни қониқтирмаган. Улуғбек Мирзаев ишдан олинган йиғилишда у ўзининг ишдан бўшатилишига нима сабаб бўлганини сўради. Давлат активларини бошқариш агентлиги вакили шундай деди: «Сиз биз сўраган ҳужжатларни вақтида етказиб бермадингиз. Шу сабаб биз бундай раҳбар билан ишлай олмаймиз». Ўша йиғилишда Айниддин Ғиёсов директор этиб тайинланди. Кўп ўтмасдан Ғиёсов соғлиғи сабаб умуман ишга чиқмади. Шундан кейин клуб жуда қийин ҳолатни бошдан кечирди. Директор йўқ, муҳр йўқ.


Абрамов билан келишмовчилик ва Мақсудов билан муносабатларнинг бузилиши ҳақида

Бу орада Вадим Абрамов «Ўзбекнефтгаз»га бориб шикоят қилишдан тўхтамади: «Мирзаев, Ғиёсов ва Имомхўжаевлар футболни одами эмас, шу сабаб клуб шу аҳволга тушди. Янги директор қилиб Шуҳрат Мақсудовни тайинланг, у футболдан чиққан». Кунларнинг бирида Равшан Эрматов келди ва клубга Шуҳрат Мақсудов бош директор вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани, бироқ ҳали расман тасдиқланмаганини маълум қилди. Бу ҳақда буйруқ чиқиши билан Мақсудовнинг биринчи буйруғи мени ишдан бўшатиш бўлди. Шундан уч кун ўтиб, Мирзаев судда ютиб чиқиб, қайта ўзининг жойига ўтирди. Мақсудов эса мураббийликка кетди.

Биз Шуҳрат билан 30 йиллик қадрдонмиз, аниқроғи қадрдон эдик. Оилавий борди-келдимиз бор эди, жуда яқин эдик. Бироқ Абрамов билан муносабатим яхши эмас эди, буни очиқ айтаман. Ҳужжатларни кўтарганда бир нарса мени ҳайрон қолдирганди. Абрамов «Бунёдкор» билан Суперлигада 3-ўринни эгаллаб, ОЧЛ плей-офф босқичига йўлланма олгандан кейин раҳбариятдан 60-65 миллион сўмлик маошини 150 миллионга кўтаришни сўраган. Раҳбар Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига йўлланма олинган тақдирда бунга рози бўлишини айтган ва қўл қўйган. Бироқ ўша вақтда ҳисобчи ва молиявий менежерга бу маошни йиллик сметадан ошиқча пул сарфламаган ҳолда қоплаш талабини қўйган. Улар қўшимча даромадларга ишониб, розилик берган. 

Абрамовга бунча маош тўлаш учун эса бирор нимадан воз кечиш керак: ходимлар, футболчилар маошидан ололмайди, сафарга ажратилган пулларга тега олмайди, таъминотдан кечишган. Аммо бу вақтда пандемия бошланди, бор ҳомийлар ҳам йўқ бўлди, тушум камайди. Охири шу даражага етиб бордикки, озиқ-овқат таъминотидан қарзимиз 300 миллион сўмгача чиқиб кетди. Ҳар куни таъминотчилардан таҳдид эшитардик: «эртадан таъминот узилади». Бу жуда қўрқинчли ҳолат эди. 

Фараз қилинг, академия болалари эрталаб туриб, ошхонага тушса, ҳеч вақо йўқ. Бир куни академия мураббийлари ўша вақтда вақтинчалик раҳбар бўлганим учун мендан талаб қила бошлади. Шунда вазиятни тушунтирдим ва Абрамовга маош тўлаб бериш учун таъминотдан воз кечилди, шунинг учун ҳолат шу аҳволга келганини айтдим. Бу бир зумда Абрамовнинг қулоғига етиб борди. Ўшандан кейин у мени кетказиш ҳаракатига тушиб қолди. Амаллаб, Мақсудовни директорликка тайинлади. Ўртада келишув бўлган: «ўтиришинг билан Имомхўжаевни ишдан оласан».

Буйруқ чиқиши билан Мақсудов мени хонасига чақирди ва бош директор ўринбосарлигидан кетишим кераклигини айтди. Жаҳлим чиқиб кетди: «Шуҳрат ‘Бунёдкор’ стадиони раҳбарини нечта ўринбосари бор? Тўртта. Агар таъсисчи ишдан олмоқчи бўлса, биринчи бўлиб ўшаларни олади. Бизда ўзи битта ўринбосар бўлса... Ундан кўра бу Абрамовнинг истаги эканини айтиб қўяқол», дедим. Шу тариқа тортишиб қолдик, аризамни ёздим ва чиқиб кетдим.


Абрамовнинг «Бунёдкор» ишларига аралашишдан тўхтамагани борасида

ЎФА томонидан терма жамоалар бош мураббийлари клубда фаолият юритиши бекор қилингандан кейин ҳам Абрамов деярли ҳар куни жамоада кўриниш берарди. Юқорида айтиб ўтилган мажлисни ҳам Абрамов ташкил қилди. У ахир терма жамоа бош мураббийи ва клубга умуман алоқаси бўлмаслиги керак. Матбуотда ҳам чиқди: «Абрамов ‘Бунёдкор’да ўзига захира аэродроми тайёрлаб кетмоқда», яъни Абрамов терма жамоага кетгани билан, унинг ёрдамчилари Мифтахуддинов ва Мақсудов қолади, бироқ жамоани Абрамов бошқаришда давом этади. Худди шундай бўлди.

Билишим бўйича, Абрамов ўйин вақтида кийиниш хонасига кирган ва ПФЛ комисарлари билдиришнома ёзиб берган. ПФЛ эса уларни ЎФАга оширган. «Мен терма жамоа мураббийиман ва ҳар бир кийиниш хонасига киришга ҳаққим бор», дея охиригача ўжарлик қилиб туриб олди. Лекин ҳаммаси маълум эди, таркиб борми, бошқаси борми, ҳаммасини у белгилаб берарди.


Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ—2022 2-саралаш босқичида қолиб кетишида кимнинг айбдорлиги ҳақида

Бунга Вадим Абрамов айбдор. Ассоциация унинг учун ҳамма шароитни яратиб берганидан хабарим бор. Ҳозир болалар футболи, тизим, порахўрлик, ҳакамлар савиясини айтиш мумкин, бироқ бу босқичда қолиб кетишимизга бош айбдор — Абрамов.
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.