Ислом Исмоилов: «Йигитлар деярли имконсиз вазифани бажаришди»

Улашиш:

Ўзбекистон U-17 миллий жамоаси Саудия Арабистонида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё Кубогида ғолиб чиққач, жамоа бош мураббийи Ислом Исмоилов ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. У финалдаги драматик ғалабани «жасорат ва матонат намунаси» деб баҳолади.

— Аввало, Ўзбекистон халқига ушбу ғалаба муборак бўлсин. Бу муваффақият ортида кўплаб инсонларнинг меҳнати бор. Сўнгги йилларда юртбошимиз томонидан спортга, айниқса футболга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этмоқчиман. Бунинг учун чуқур миннатдорлик билдираман, — деди Ислом Исмоилов.

Мураббий, шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциациясига, хусусан, халқаро алоқалар ва миллий жамоалар бўлимига алоҳида раҳмат изҳор қилди.

— Биз учун кўплаб йиғинлар ташкил этилди, турли халқаро мусобақаларда иштирок этишимизга шароит яратилди. Бу муваффақият — жамоавий меҳнатнинг натижаси.

— Ватанимиз доимо мардлар ва қаҳрамонлар юрти бўлиб келган. Бугун футболчиларимиз буни яна бир бор исботлашди. Финалдаги ғалаба нафақат техник ва тактик ютиш, балки ирода ва руҳий тайёргарлик самарасидир. Йигитларга раҳмат — улар деярли имконсиз вазифани бажаришди.

Исмоилов сўзларига кўра, жамоа олдида янада масъулиятли ва йирик мусобақа — U-17 Жаҳон чемпионати турибди.

— Бу йўлда ҳам бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Юртимиз шарафини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилиш — асосий мақсадимиз, — деди бош мураббий.



2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.