Фарғонадаги АЁҚШдаги портлаш: Ҳалок бўлганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатилди

Улашиш:

Фарғона вилоятида 17 декабрь куни газ контейнерини тўлдириш пайтида юз берган портлаш ва ёнғин оқибатида ҳалок бўлган тўрт нафар фуқаронинг оиласига моддий ёрдам берилди.

Фарғона вилояти ҳокими жабрдийдаларнинг оилаларига ташриф буюриб, ҳамдардлик билдирган ва зарур ёрдам кўрсатган. Ҳоким дафн маросимида ҳам иштирок этган.

Фожиа натижасида жами 13 киши турли даражада тан жароҳатлари олган бўлиб, уларнинг олти нафари шифохонада даволанмоқда. Шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, ҳалокат жойида вафот этган бир кишидан ташқари, шифохонада яна уч киши, жумладан икки нафар бола ҳалок бўлган.

Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, гумонланувчилар қўлга олинган. Текширув ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, Фарғона вилояти ҳокими вилоятдаги барча ёқилғи қуйиш шохобчаларини хавфсизлик талабларига мувофиқлигини текшириш бўйича кўрсатма берган. Бу чоралар келгусида шундай фожиаларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.