Президент истеъфога чиқди

Улашиш:

Арманистон президенти Армен Саркисян истеъфога чиқди.

«Мен узоқ ўйладим ва тўрт йиллик фаол меҳнатдан сўнг Арманистон президенти лавозимидан истеъфога чиқиш қарорига келдим. Бу ҳеч қандай ҳиссиётлар таъсиридаги эмас, балки мантиққа асосланган қарор», — дейилади президент сайтида жойланган мурожаатда.

Саркисяннинг айтишича, президент «мамлакат ва миллат учун ҳозирги мураккаб даврда ички ва ташқи сиёсатдаги туб жараёнларга таъсир ўтказа оладиган зарур дастакларга эга эмас».

«Давлатимиз учун миллий бирдамлик зарур бўлган бундай оғир даврда президент институти ғийбат ва фитна назариясига айланмаслиги керак. Акс ҳолда биз — бутун дунё арманлари ўз мақсадимизга эриша олмаймиз, ўзимизнинг хатолар туфайли тарих чеккасида қолиб кетамиз», — деди у.

Арманистон президенти ўз баёнотида жиддий геосиёсий ўзгаришлар рўй берган ўтган асрнинг 90-йиллари бошида арман халқи ўз мустақил давлатини яратиш учун энг кенг имкониятларга эга бўлганини таъкидлади.

«Тарихий имкониятдан илҳомланиб, мен ҳам кўплаб ватандошларим каби ўзимни ушбу миссияга бағишладим. Баъзи сабабларга кўра, турли босқичлардаги иштироким ўзгарди, лекин мен миллий муваффақиятимизга ишонишдан тўхтамадим», — қўшимча қилди Саркисян.

Армен Саркисян 2018 йил 9 апрелидан буён Арманистон президенти лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Маълумот учун: Арманистонда президент — номинал давлат раҳбари ҳисобланади ва парламент томонидан 7 йил муддатга сайланади. Бир шахс бир муддатдан зиёд бу лавозимда фаолият олиб бориши мумкин эмас.

Бироқ Арманистонда ҳукумат дастаги (ижроия ҳокимият) барча парламент республикаларида бўлгани каби бош вазир қўлида. Ички ва ташқи сиёсатда бош вазир (Арманистонда — Никол Пашинян)нинг ваколатлари бошқа давлатларнинг президентлариникидан деярли тафовут қилмайди.

Арманистон конституциясига кўра, навбатдан ташқари президентлик сайлови 2022 йил февраль ойининг ўрталарида ўтказилиши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.