Ўзбекистонда туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида Swissôtel, Sheraton, Ritz-Carlton, Novotel, Pullman, Marriott, ibis, Mercure каби 23 та нуфузли меҳмонхона бренди ўз филиалларини очиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, жорий йилда тадбиркорлар томонидан киритилган 6,5 триллион сўмлик сармоя эвазига 24 минг ўринли меҳмонхона иншоотлари фойдаланишга топширилган.
Келгуси йилда меҳмон ўринлари сони яна 30 мингга кўпайиши кутилмоқда. Бунда тадбиркорлар томонидан 10 триллион сўмлик инвестиция киритиш режалаштирилган.
Шунингдек, 2023 йилда ишга туширилган 17 та йирик савдо-туризм маркази сони яна 25 тага кўпайиши белгиланган.
Ушбу лойиҳалар орасида Бўстонлиқ туманидаги "Emin Agalarov Sea Breeze Uzbekistan" халқаро туризм маркази ажралиб туради. Қиймати 10 миллиард долларга тенг бўлган бу мажмуа Ўзбекистоннинг туристик инфратузилмасини янги босқичга кўтариши кутилмоқда.
Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатнинг халқаро туристик бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш ва инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.