Ўзбекистон бюджети тақчиллиги рекорд даражада ортди. Қайси соҳаларга кўп харажат қилинган?

Улашиш:

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистон бюджетининг 2023 йил ижроси тўғрисидаги дастлабки маълумотларни тақдим этди. Қайд этилишича, ўтган йилда мамлакат бюджети тарихдаги энг катта тақчилликка дуч келган.

Бюджет дефицити рекорди

2023 йилда Ўзбекистон консолидациялашган бюджети даромадлари 321,0 триллион сўмни, харажатлари 380,0 триллион сўмни ташкил этди. Бунда харажатлар даромадлардан 59 триллион сўмга кўп бўлиб, бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,5 фоизга етган.

Таққослаш учун, 2022 йилги бюджет даромадлари 286,5 триллион сўм, харажатлар 321,7 триллион сўм бўлган. Ўшанда йиллик бюджет дефицити 35,2 триллион сўм ёки ЯИМнинг 4 фоизини ташкил этган.

Маълумот учун, мамлакат бюджетида 2019 йилда 13,2 триллион сўм, 2020 йилда 26,1 триллион сўм, 2021 йилда 40,8 триллион сўм тақчиллик кузатилган.

2023 йилда бюджет пуллари нималарга кўпроқ сарфланди?

Ўтган йилда давлат бюджетидан ижтимоий соҳа харажатлари учун 137,2 триллион сўм йўналтирилган. Шундан:

  • таълимга 61,2 триллион сўм;
  • соғлиқни сақлаш соҳасига 31,1 триллион сўм;
  • нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловларига 19,2 триллион сўм;
  • пенсиялар учун трансфертларга 13,8 триллион сўм;
  • маданият ва спортга 5,3 триллион сўм;
  • фанга 1,7 триллион сўм;
  • бошқа харажатларга 4,9 триллион сўм ажратилган.

2023 йилда иқтисодий харажатлар учун 42,9 триллион сўм сарфланган. Шундан:

  • табиий газ нархидаги тафовут учун субсидияларга 18 триллион сўм;
  • сув хўжалиги харажатлари 8,7 триллион сўм;
  • суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга 7,7 триллион сўм;
  • аҳоли пунктларини ободонлаштиришга 4,7 триллион сўм;
  • уй-жой коммунал соҳасига 2,2 триллион сўм;
  • геология-қидирув ишларига 1 триллион сўм тўланган.

Харажатларнинг иқтисодий таснифлари

Ўтган йилдаги харажатлар иқтисодий таснифларга ажратилганда энг кўп маблағ иш ҳақлари учун тўлангани маълум бўлади — 93 триллион сўм. Шу билан бирга:

  • грантларга 30,7 триллион сўм;
  • субсидияларга 29,3 триллион сўм (шундан 20,7 триллион сўми энергетика ва геология-қидирувга сарфланган);
  • ижтимоий ажратмаларга 23,9 триллион сўм;
  • товарлар ва хизматларга 24,5 триллион сўм;
  • ижтимоий нафақаларга 21,7 триллион сўм харажат қилинган. Давлат олган кредитларга хизмат кўрсатиш фоизларига 8 триллион сўм тўланган.

Ҳудудлар кесимида олганда Тошкент шаҳрининг йиллик даромад (8,2 триллион сўм) ва харажатлари (10,3 триллион сўм) бошқа ҳудудларга қараганда энг юқори даражада қайд этилган. Энг кам даромад (1,4 триллион сўм) ва харажатлар (3,1 триллион сўм) Сирдарё вилояти ҳиссасига тўғри келган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил ноябрда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департамент директори Шерзод Муҳамедов бюджет дефицити ортишига бир неча сабаблар борлигини айтганди.

Бюджет тақчиллигининг бу қадар ошиб кетишига маҳаллаларда фуқароларни қийнаб келган иқтисодий муаммолар ҳал қилингани, кам таъминланганларга қўшимча пуллар ажратилгани, пенсия ва нафақаларни белгиланган вақтдан олдин оширилгани таъсир қилди. Йил якунигача бюджет тақчиллигини 5,5 фоиздан оширмаслик чоралари кўрилмоқда”, — деган вазирлик масъули.

Маълумот учун, 2022 йилдаги консолидациялашган бюджет тақчиллиги (-35,2 триллион сўм) ташқи ва ички кредитлар олиш, давлат активларини хусусийлаштириш ва давлат ғазна облигацияларини чиқариш ҳисобидан қопланганди.

2024 йил учун тасдиқланган бюджет қонунига кўра, жорий йилда мамлакатнинг консолидациялашган бюджет даромадлари 375 триллион сўмни, харажатлари 427, 6 триллион сўмни ташкил этиши прогноз қилинган. Бунда бюджет тақчиллиги 52 триллион сўмдан ортиши кутилмоқда.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.