Тиббиёт соҳасидаги 2025 йилги Нобел мукофоти соҳиби бўлган олимлар номи эълон қилинди. Бу йилги мукофотни Мэри Брунков (АҚШ), Фред Рамсделл (АҚШ) ва Шимон Сакакучи (Япония) периферик иммун толерантлик бўйича олиб борган илмий тадқиқотлари учун қўлга киритди. Улар инсон иммун тизимининг “ўзиники” ва “бегона” ҳужайраларни ажратиш механизмларини илмий жиҳатдан изоҳлаб бергани учун юқори баҳоланди.
Нобел қўмитаси маълумотига кўра, олимларнинг иши аутоиммун касалликлар — масалан, ревматоид артрит, склероз ёки диабет каби хасталикларнинг ривожланишини тўхтатиш имконини берувчи янги даволаш усуллари учун асос бўлади.
Бу кашфиёт инсон танасининг ҳимоя тизимидаги мувозанатни — “ўз” ҳужайраларга қарши иммун жавобни чеклаш жараёнини — чуқурроқ англашга имкон берди. Мазкур жараён периферик толерантлик деб аталади ва у аутоиммун реакцияларнинг олдини олади.
Фактчекинг нуқтаи назаридан, мазкур кашфиёт сўнгги ўн йилликларда иммунология соҳасидаги энг катта илмий ютуқлардан бири сифатида баҳоланмоқда. 2020-йилларда аутоиммун касалликлар сонининг ўсиши инсон организмидаги иммун тизим мувозанатига оид изланишларни янада долзарб қилган эди.
2025 йилги Нобел мукофоти ғолибларининг ишлари ушбу соҳадаги илмий ва амалий таҳқиқотларни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда. Улар илмий жамоатчилик томонидан “инсон иммун тизими картасини қайта ёзган олимлар” сифатида таърифланмоқда.