Зарбдор туманида вилоят 4-секторининг жорий йилдаги сўнгги сайёр қабули ўтказилди

Улашиш:

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларга ҳуқуқий ечим топишда сайёр қабулларнинг аҳамияти катта. Бу борада Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул бўлган 4-сектор раҳбарияти томонидан ҳам аниқ чора-тадбирлар асосида Зарбдор тумани Алишер Навоий маҳалласида сайёр қабул ташкил этилди. Ҳудуддаги 9-мактаб мажлислар залида бўлиб ўтган қабул аввалида, сектор раҳбари Бекзод Тошпўлатов аҳолининг ҳар қандай мурожаати тегишли тартибда ўрганиб чиқилиши ва тегишли тартибда ечим топишга ҳаракат қилиниши таъкидланди.

 

А.Навоий маҳалласи тумандаги энг йирик аҳоли манзилларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда 2 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда ўзига хос ечимини кутаётган масалалар мавжуд. Сайёр қабулда 15 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Жумладан, бир фуқаро ҳудуддаги марказий кўчалар тўлиқ асфалтлаштирилгандан сўнг транспорт воситалари ҳаракати ҳам тезлашгани, оқибатда фуқаролар ҳаётига хавф туғилаётганлиги, ушбу масаланинг ечими сифатида пиёдалар йўлакчаси бунёд этиш зарурлиги таъкидланди. Туман ободонлаштириш бўлими ўз маблағлари ҳисобидан ушбу масалани келгуси йил биринчи чорагида амалга оширишини маълум қилди.

Яна бир фуқаро эса хонадонининг том қисми ёғоч устунларини кемирувчи чумоли ва термитлардан зарар кўраётганлиги сабабли бунга чора кўришда  амалий ёрдам кўрсатилиши сўради. Туман ФВБ ҳамда Санитария эпидемиология осойишталик маркази бош врачи ушбу муаммонинг ечими юзасидан амалий ёрдам беришини маълум қилди. 

 

 

 

Мурожаатчилардан яна бири 2007 йилда туғилган 15 ёшли фарзандининг гуруҳ ногирони эканлигини ва жисмоний нуқсонлари сабабли  уй шароитида таълим олишини, шу билан биргаликда фарзандининг IT соҳасига қизиқишини ва бу соҳада   ўз қобилиятини янада тўлиқроқ ривожлантириши учун шахсий копьютерга эҳтиёжи борлигини маълум қилди. Туман Халқ таълими бўлими мудири ушбу масалада ўқувчига кўмак кўрсатадиган бўлди.  

Барчамизга маълумки, инсон дунёга келганда унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳисобланади. Ушбу ҳужжат тегишли тартибда шаҳар ва туман ФҲДЁ бўлимларида қайд этилади. Зарбдор туман Навоий МФЙ   яшовчи   фуқаро Нилуфар Мамарасулова  фарзанди туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ФХДЁ органлари томонидан бир вақтнинг ўзида 2 та ҳолатда қайд этилиб қолганлигини, шу сабабдан болалар нафақа пули тайинланмай қолишига сабаб бўлаётганлиги юзасидан муражаат қилди. Мазкур ҳолатни атрофлича ўрганиш мақсадида сабаби ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, моддий ёрдам, саломатликни тиклаш, йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминоти, электр ва газ таъминоти, кадастр, бандлик, светофор ўрнатиш, уй-жойини таъмирлашда кўмаклашиш каби масалаларда мурожаатлар қабул қилинди. Мурожаатларнинг барчаси тегишли тартибда қайд этилиб, масъул ташкилотларга кўрсатмалар берилди.

Сайёр қабул якунида ишга жойлашган ёшларга бандликка кўмаклашиш марказининг сертификатлари топширилди.

Бир сўз билан айтганда, бугун ҳеч бир мурожаат шунчаки қоғозларда қолиб кетмаяпти. Ўтказилаётган сайёр қабуллар муаммоларни аниқлаш, жойида ҳал қилиш, уларни бартараф этиш мақсадларига қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.



 Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.