Арнасойда 4-сектор сайёр қабулида мурожаатларга ечим топилди. Ёшларга китоб, сертификат ва ерга эгалик қарорлари топширилди

Улашиш:

Айни вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул бўлган 4-сектор томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, улар муаммоларини ҳал этиш борасида қатор ишлар амалга ошириляпти. Ўтган куни сектор раҳбарияти томонидан Арнасой туманининг олис ҳудуди ҳисобланган Бўстон МФЙ ўтган сайёр қабулда ҳам ана шундай муаммоларга ечим топилди.

 

“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” муносабати билан ташкил этилган сайёр қабул тумандаги 5-мактаб ҳудудида ташкил этилди. “Бўстон” МФЙ аҳолиси ва ёшлар иштирок этган тадбир халқ қабулхонаси ва маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ҳамкорлигида ташкил этилди.

4-сектор раҳбари Бекзод Тошпўлатов фуқаролар мурожаатларини тинглар экан асосан тиббиёт, йўл қурилиши, ичимлик суви, электр энергияси, бандлик, солиққа оид масалалар юзасидан 30 га яқин мурожаат тингланди. Айрим масалаларга шу жойнинг ўзида ечим топилди. Бир фуқаронинг саломатлиги билан боғлиқ мурожаатига хусусий клиникада даволаниш бўйича амалий кўмак кўрсатиладиган бўлди. Яна бир фуқаро эса ичимлик суви билан муаммони кўтариб чиқди. Унинг таклифи асосида туман сув таъминот бўлими дастлабки ҳисоб – китобни қисқа фурсатларда ҳал қилгач, сектор томонидан сув қувури олиб берилиши ва келгуси ойда ҳудуддаги 35 га яқин хонадонга тоза ичимлик суви тортиб боришда кўмак кўрсатиладиган бўлди.

 

 

Айни пайтда маҳалла ҳудудига борадиган йўллар, қолаверса бетон симёғочлар ўрнатиш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш каби қатор мурожаатлар бўйича тегишли муддат белгиланиб, улар устида сектор масъуллари иш олиб борадиган бўлди.

Шу куни кредит олиш истагида бўлган ёшларга тижорат банки томонидан ажратилган кредит сертификатлари топширилди.

 

 

Аввалги сайёр қабуллар давомида бир қанча фуқаролар фарзандларининг таълим олиши учун талаба кредити олиш юзасидан мурожаат қилган эди. Уларга ҳам тегишли тартибда расмийлаштирилган кредит сертификатлари тақдим этилди. “Е-ижро  аукциони” орқали ер майдонларини ютиб олган қатнашчиларга эса аукцион қарорлари тантанали тарзда топширилди. Тадбирда маҳалла ёшлар етакчисига аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида бадиий адабиётлар тўплами совға қилинди.

Айни пайтда сектор раҳбарияти вилоятнинг барча туманларида бу каби сайёр қабулларни тегишли режа асосида ўтказиб келмоқда.

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.