Пахтакорда ўтган 4-сектор сайёр қабулида қандай мурожаатларга ечим топилди

Улашиш:

 Пахтакор туманида ўтган ҳафтанинг шанба куни вилоят 4-сектор раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди. Туман марказидаги болалар мусиқа ва санъат мактабида Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жасур Достонов “Дўстлик” МФЙда яшовчи фуқаролардан 18 та таклиф ва мурожаатларни қабул қилди. Айни пайтда мазкур маҳаллада 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг аксарияти тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият кўрсатадилар. Маҳалла ҳудудида эришилган натижалар билан бирга,  ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам мавжуд.

 

Жумладан, маҳалланинг 2 та асосий йўли таъмирга муҳтож бўлиб, ушбу йўлни таъмирлаш орқали аксарият аҳолининг равон йўлдан фойдаланиш имкониятини ошириш мумкин. Маҳалла оқсоқоллари ушбу йўналишдаги ишлар бошланиб, айни кунда тўхтаб қолганлиги юзасидан шикоят қилдилар. МФЙга бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Озода Отажонованинг айтишича, йўлни таъмирлаш жорий йил 4-чораги дастурига киритилган. Ҳозирда барча ҳисоб-китоблар олиниб, йўлга бетон ётқизиш режалаштирилганлиги маълум бўлди. Яна бир муаммо эса кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, том қисмини таъмирлаш, атрофни ободонлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

 

 

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун кредит олишда кўмаклашиш, талабаларнинг тўлов-контракти бир қисмини қоплаб бериш, қуёнчилик ва паррандачилик учун қафаслар ясаш мақсадида симтўрлар харид қилишда кўмаклашиш каби қатор масалаларга жойида ечим топилди.

 

Шу куни маҳаллага бириктирилган туман ҳокими ёрдамчиси ташаббуси билан мономарказда касб-ҳунарга ўқиган хотин-қизларга тикувчилик фаолияти учун зарур техника воситалари хариди учун кредит сертификатлари ва тикув ускуналари топширилди. Тадбирда бир қатор инсофли солиқ тўловчи тадбиркорларга бошқарма бошлиғининг фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари топширилди.

Жиззах вилоят ДСБ ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.