Ўзбекистонда дори-дармон нархлари бўйича интизом бузилишлари тобора кўпаймоқда. Жорий йил бошидан буён мамлакат бўйлаб 225 та дорихонада 62,7 мингта нарх қоидабузарлиги ҳолати аниқланди. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотларига кўра, бу ҳолатлар орқали дорихоналар 2,6 миллиард сўмдан ортиқ ноқонуний даромад орттирган.
Қўмита текширувларни Fair Tech ягона ахборот тизими орқали келиб тушган мурожаатлар ва сигналлар асосида ўтказган. Ҳар бир ҳолат юзасидан иш қўзғатилиб, фуқаролардан ноқонуний йўл билан олинган маблағларни қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Жиноий эътиборда бўлган йирик улгуржи етказиб берувчилар қаторида Evro Farm Biznes (1700 дан зиёд қоидабузарлик), Tar Pharm Alliance (1650 га яқин) ва Гармония Фарм (5000 дан ортиқ ҳолат) каби компаниялар ҳам бор. Уларнинг барчаси нархларни асоссиз равишда оширганликда гумон қилиниб, расмий тергов ишлари бошланган.
Қўмита таъкидлашича, рецепт асосида бериладиган дори воситаларини сотиш белгиланган тартиб асосида амалга оширилиши шарт. Нарҳлар эса ваколатли органлар томонидан белгиланган савдо устамаларига мувофиқ бўлиши лозим. Қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда дорихоналар лицензиясини йўқотиши ҳам мумкин.
Айни пайтда дорихоналарда нархларни мониторинг қилиш автоматлаштирилган тизим орқали амалга оширилмоқда. Бу тизим Солиқ қўмитаси ва Фармацевтика хавфсизлиги маркази платформалари билан интеграция қилинган бўлиб, ҳар қандай оғишларни тез ва самарали тарзда қайд этиш имконини беради.
Қайд этиш жоиз, 2024 йилда ҳам Ўзбекистон дорихоналари томонидан дори нархларини асоссиз ошириш орқали 7 миллиард сўмдан ортиқ ноқонуний даромад орттирилган эди.