Давлат тиббий суғуртаси: Ўзбекистонда тизим қандай ишлаяпти, натижа ва муаммолар нималардан иборат

Улашиш:

Ўзбекистон бутун мамлакат бўйлаб тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этмоқда

Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси (ДТС) тизими жорий этилмоқда. Тажриба-синов лойиҳаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсияларига асосланган ҳолда 2021-йил июл ойида Сирдарё вилоятида бошланган. 2023-йил октябр ойида эса Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида ДТС жорий этила бошланди.

Журналист Шухратжон Хуррамов   давлат тиббий суғуртаси қандай ишлаётгани, одамлар ва мутахассисларнинг бу борадаги фикрлари ҳамда дастлабки натижаларга оид маълумотларни келтириб ўтади.

Давлат тиббий суғуртаси нима

Давлат тиббий суғуртаси — бу фуқароларга давлат буджетидан молиялаштириладиган бепул ёки арзон тиббий ёрдам кўрсатиш тизимидир.

Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси (ДТС) мажбурий ҳисобланади ва у давлат томонидан амалга оширилади. Ушбу тизим ҳар бир фуқарога асосий тиббий хизматлар ва дори-дармонларнинг кафолатланган тўпламини тақдим этишни назарда тутади.

Тиббий хизматлар учун маблағлар давлат бюджетидан ажратилади. Ушбу маблағларни тақсимлаш билан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси шуғулланади. Жамғарма аҳоли номидан тиббий хизматларни сотиб олади ва соғлиқни сақлаш тизимининг самарали ишлашини таъминлайди.

Давлат суғурталовчи сифатида барча фуқароларга асосий тиббий хизматлар ва дори-дармонлар тўпламини бепул тақдим этади.

«Ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — тиббиёт соҳасида рақобат муҳитини яратиш, замонавий бошқарув услубларини жорий этиш, бюрократик жараёнларни соддалаштириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва тиббиётда рақамли технологияларни ривожлантиришдир», — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий суғурта бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алмарданов.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими қандай ташкил этилган

Мамлакатда икки босқичли соғлиқни сақлаш тизими амал қилади: давлат ва хусусий секторлар мавжуд. Аҳолига асосий тиббий ёрдамни давлат муассасалари кўрсатади. Ушбу муассасалар давлат бюджети ҳисобидан фаолият юритади ва хизматлар асосан бепул тақдим этилади.

Бироқ, бундай хизматларнинг сифати ҳар доим ҳам юқори бўлмайди, айниқса чекка ҳудудларда. Кўплаб ҳолатларда шифокорлар сони кам, тиббий асбоб-ускуналар етишмайди, поликлиникаларда эса узоқ навбатлар ва тирбандликлар кузатилади.


Фуқаролар ДТС ҳақида қандай фикрда

72 ёшли Нуриддин Иброҳимов Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси (ДТС) тизимининг жорий этилишини қўллаб-қувватлайди. Унинг айтишича, бу каби тизимлар Қозоғистон ва Россия каби қўшни мамлакатларда муваффақиятли ишламоқда.

Иброҳимовнинг фикрича, тиббий хизматлар нархининг ошиб бораётганини ҳисобга олганда, ДТС барча фуқароларнинг даволаниш имконияти тенглашишида муҳим рол ўйнаши мумкин. Бироқ, Иброҳимов шу билан бирга, поликлиникалардаги шароитларни яхшилаш, айниқса соғлиқни сақлаш тизимида рақамлаштиришни жадал суръатда олиб бориш зарурлигини ҳам таъкидлайди. Чунки ҳозирда кўплаб тиббиёт муассасалари ҳали ҳам эски усулда — қоғоз карталар ва қўлда ҳисоб-китоб билан ишламоқда.

«Давлат тиббий суғуртаси — бу оғир пайтларда ёрдамсиз қолмасликнинг кафолати. Энг муҳими — қўшни давлатлардан орқада қолмаслик ва замон билан ҳамнафас бўлиш», — дейди у.

Алтиной Жавшиева, 46 ёш

«Болалигимдан сон суягимда муаммолар бор. Ҳозиргача бешта оперatsiяни бошдан кечирдим. Охиргиси ДТС тизими бўйича амалга оширилди, ҳамма нарса бепул эди: оперatsiя ҳам, дори-дармонлар ҳам, даволаниш ҳам. Оғир ва сурункали касалликларга чалинган одамлар учун бу жуда муҳим. Бу ёрдамсиз мен бундай оперatsiяни тўлай олмасдим. ДТС керакли даволанишдан маҳрум бўлганларга соғлиқни сақлаш имкониятини беради».

Бадалсиз тиббий суғурта — ДТС қандай ишлайди

Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Унинг асосий фарқларидан бири — хорижий моделлардан фарқли ўлароқ, фуқаролардан ҳеч қандай қўшимча бадал (тўлов) талаб этилмаслигидир.


«Барча харажатлар давлат томонидан қопланади — бу тизимнинг асосий тамойилидир», — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий суғурта бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алмарданов.


Маблағлар бюджетдан келиб тушади ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармасида жамланади. Ушбу жамғарма кафолатланган ёрдам пакетига кирувчи хизматларни тўлайди.

Ислоҳотларни бошлашдан аввал Ўзбекистон ҳукумати Буюк Британия ва Испания, шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистон каби мамлакатлар тажрибасини ўрганиб чиқди. Жараён давомида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Жаҳон банки экспертлари билан ҳамкорлик қилинди. Ишчи гуруҳ рақамлаштириш, беморлар учун қулайликлар яратиш, шунингдек, ресурслардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

ДТС нинг асосий элементлари

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишдаги энг муҳим ташаббуслардан бири — ҳаётий зарур дори-дармонларни электрон рецепт асосида бепул олиш имкониятидир.

Бепул дори-дармонлар рўйхатига сурункали касалликларни — гипертония, диабет, юрак ҳамда нафас йўллари касалликларини даволаш учун 29 та дори киритилган.

ДТС тизими оилавий тиббиёт тамойиллари асосида шакллантирилмоқда. Бемор биринчи навбатда оилавий шифокорга мурожаат қилади. Зарурат туғилганда эса, у беморни тор ихтисосликдаги мутахассисга ёки стatsiонар даволанишга юборади.

Шифохона ва поликлиникаларда «Электрон поликлиника» ва «Электрон шифохона» каби рақамли тизимлар жорий этилмоқда. Ушбу тизимлар ёрдамида касаллик тарихи, йўлланма, рецептлар ва бошқа тиббий ҳужжатлар электрон шаклда юритилади.

Барча аҳоли махсус дастур орқали оилавий шифокорларга бириктирилган бўлиб, саломатлик ҳақидаги маълумотлар ягона маълумотлар базасида сақланади. Поликлиникалар компьютерлар билан жиҳозланиб, кўплаб жараёнлар босқичма-босқич рақамли форматга ўтказилмоқда.

Бу беморларга нима беради:

— шифокорга электрон ёзув;

— электрон тиббий карта;

— йўналишлар ва рецептлар онлайн.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ДТС жорий этилишининг дастлабки натижалари қувонарли

Шу йил давомида 40 ёшдан ошган 240 минг киши текширилди. Оилавий шифокорлар беморларга 5–6 дақиқа ўрнига 15–20 дақиқа вақт ажрата бошлади — қабул сифати сезиларли даражада ошди.

Кундузги стatsiонар:

— беморлар сони 75 фоизга ошди;

— йўлланма бўйича касалхонага ётқизиш 45 фоиздан 85 фоизга ошди;

— тор соҳа мутахассисларига мурожаатлар 7 фоизга камайди;

— шифохоналардаги беморлар сони 10 фоизга камайди;

— асоссиз касалхонага ётқизиш 45 фоиздан 20 фоизгача қисқарди.

Бепул дорилар:

— 70 турдаги дори-дармон ва 27 турдаги тиббий буюмлар бепул берилади;

— сурункали касалликлар учун реимбурсaция мавжуд — электрон рецепт бўйича 29 та дори воситаси;

— 182 474 нафар бемор дастурдан фойдаланган;

— жамғарма томонидан 4,1 млрд сўмлик дори-дармонлар тўлаб берилди.

ДТСни жорий этишга нима тўсқинлик қилмоқда — ЖССТ фикри

Ўзбекистонда давлат тиббий суғуртаси тизимининг кенгайиши режалаштирилганидан секинроқ кечмоқда. Бунинг асосий сабаби — COVID-19 пандемиясининг таъсири бўлиб, у эътиборни янада долзарб вазифаларга қаратди.

Шунингдек, рақамли инфратузилманинг етишмаслиги жараённи секинлаштирмоқда. Аниқ ва ишончли маълумотларсиз, ДТС жамғармаси клиникалар хизматларига тўғри ҳақ тўлай олмайди, бу эса бутун тизимнинг самарали ишлашини қийинлаштиради.

Мураккаб оперaциялар   бошқа ёндашувни талаб қилади

Тошкент давлат тиббиёт университети умумий жарроҳлик кафедраси доценти, «Vitamed Medical» клиникаси амалиётчи жарроҳи Хасан Жафаров соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотлар бошлангач, тизим қандай ўзгаргани ҳақида фикр билдирди.

Тизимдаги тартиб ва диагностикага осон кириш — асосий афзалликлар

Шифокорнинг сўзларига кўра, ДТС жорий этилиши билан унинг амалиётида кўплаб ўзгаришлар юз берди. Беморлар оқими янада бошқариладиган бўлди, квоталар бўйича ўтказиладиган оперaцияларни режалаштириш осонлашди. Диагностика соҳасида ҳам янги имкониятлар очилди.

«Лаборатория ва инструментал текширувларга тезкор кириш имконияти пайдо бўлди — бу вақтни тежайди ва аниқ ташхисни тезроқ қўйишга ёрдам беради».

Бироқ, ижобий ўзгаришлар билан бирга қўшимча мажбуриятлар ҳам юзага келди.

«Қоғозбозлик кўпайди: суғурта хизматлари учун ҳужжатларни расмийлаштириш вақт талаб қилади ва беморлар билан ишлаш жараёнидан чалғитади».

ДТС ёрдам беради, лекин ҳаммасини қопламайди

Жафаровнинг сўзларига кўра, ДТС доирасидаги тиббий ёрдам сифати асосан мураккаб бўлмаган оперaцияларни ўтказишда асосий стандартлар ва бошқаларига жавоб беради. Аммо юқори технологияли жарроҳлик, масалан, эндопротезлаш ёки онкооперaциялар учун ҳозирча етарли имкониятлар мавжуд эмас.

«Мураккаб оперaциялар кўпинча квоталар ёки қўшимча молиялаштириш манбаларини талаб қилади. Тизим ишламоқда, аммо ҳозирча беморларнинг барча эҳтиёжларини қамраб ололмаяпти»,— дейди у.

Нимани ўзгартириш керак

Жарроҳнинг фикрича, ДТСнинг потенциали мавжуд, аммо бунинг учун тизимни ривожлантириш зарур. Аввало жараёнларни соддалаштириш ва тизимни шифокорлар учун янада адолатли қилиш муҳим.

«Иш ҳақини дифференциаллаштиришни жорий этиш лозим — мураккаб оперaциялар бошқача баҳоланиши керак. Шунингдек, клиникалар билан суғурта жамғармаси ўртасидаги ҳужжат алмашинувини соддалаштириш зарур».

Ҳудудларни қўллаб-қувватлаш ҳам катта аҳамиятга эга:

«Ҳудудий шифохоналар кўпинча тўлиқ жиҳозланмаган. У ерда молиялаштириш ва малакали кадрлар ёрдамисиз ДТС тамойилларини амалга ошириш қийин».

ДТС тўғри йўналишдаги қадам бўлса-да, тизимли ёндашув талаб этилади

Ҳасан Жафаровнинг фикрича, ДТСни бутун мамлакат бўйлаб тўлиқ жорий этиш муҳим ва реал вазифа, бироқ бунинг учун комплекс тайёргарлик зарур.

«Рақамлаштириш, малакали кадрлар ва ривожланган инфратузилма мавжуд бўлмаса, тизимни барча ҳудудларда баробар даражада татбиқ этиб бўлмайди. Аммо тўғри ёндашув билан ДТС мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини сезиларли даражада яхшилаши мумкин».

Қўшниларнинг аҳволи қандай

Қозоғистон: 2020-йилдан бошлаб мажбурий суғурта, иш берувчилар ишчи даромадининг 2-3 фоизини тўлайди.

Қирғизистон: 2023-йилдан бошлаб полис барча фуқаролар учун мажбурий.

Тожикистон: қонун 2008-йилда қабул қилинган, аммо ислоҳот кечиктирилмоқда.

Туркманистон: ихтиёрий суғурта 1996-йилдан бери амал қилади.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш: асосий рақамлар

Ўзбекистонда битта шифокорга тахминан 400 киши тўғри келади. Мамлакатда 166,9 мингдан ортиқ шифохона ўринлари мавжуд — 1432 та шифохона фаолият юритмоқда. Бу 2019-йилга нисбатан 227 тага кўпдир.

Хусусий сектор фаол ривожланмоқда — 2024-йил охирига келиб Ўзбекистонда 9 мингдан ортиқ хусусий тиббиёт муассасалари мавжуд (2017-йилда эса тахминан 3,5 минг).

Бугунги кунда хусусий клиникалар:

— барча лаборатория текширувларининг 40% бажаради;

— 60% офталмологик ва 70% лор хизматларини кўрсатади;

— стоматологик ёрдамнинг 91% таъминлайди;

— барча ўринларнинг 35 фоизини назорат қилади — бу тахминан 42 750 ўрин.


Хусусий тиббиётда 17 мингдан ортиқ шифокор ва 26 мингдан ортиқ тиббиёт ходими фаолият юритмоқда. Мамлакатда хорижий капитал иштирокида 159 та хусусий клиника фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон 2024-йилда CEOWORLD Magazine томонидан эълон қилинган соғлиқни сақлаш сифати индексида 110 мамлакат орасида 64-ўринни эгаллади.

Давлат тиббий суғуртаси тизимини бутун мамлакат бўйлаб 2026-йил охиригача жорий этиш режалаштирилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.