Давлат тиббий суғуртаси билан аҳолига бепул тиббий хизматлар кўрсатилади

Улашиш:

Давлат тиббий суғуртаси доирасида бепул тиббий хизматлар кўрсатилади ва дорилар берилади. Бунда суғурта хизматлари Давлат бюджетига тўланаётган солиқлар ҳисобидан амалга оширилади.

 

Президент Қарорига кўра, бунинг учун аҳолидан қўшимча тўлов ундирилмайди.

 

Ҳужжатга биноан, қуйидагиларни назарда тутувчи давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади:

 

▪️ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари тасдиқланади ва ушбу пакетга киритилган тиббий хизматлар ва дори воситалари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан тақдим этилади;

 

▪️ кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш учун белгиланган муддатларда тегишли тиббий кўриклардан ўтиш, оилавий шифокорга ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиш талаб этилади;

 

▪️ шифокор расмийлаштирган электрон ресепт асосида дори воситалари кафолатланган пакет доирасида беморларга дорихоналар томонидан бепул берилади ва дорихоналарнинг тегишли сарф-харажатлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади (реимбурсация дастури);

 

▪️ тиббиёт ташкилотлари фаолиятидаги жараёнларни ўз ичига олувчи «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизими яратилади ҳамда ишга туширилади;

 

▪️ кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматларни кўрсатишга давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари жалб этилади;

 

▪️ туман (шаҳар), вилоят ва республика шифохоналарида тиббий ёрдам кўрсатишда касалликнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб, бепул даволанадиган касалликлар рўйхати тасдиқланади ва амалиётга жорий этилади;

 

▪️ имтиёзли тоифадаги шахслар шифокор кўрсатмасига биноан ахборот тизими орқали шакллантириладиган йўлланма асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул даволанади.

 

Бундан ташқари, 2025 йил 1 июлдан бошлаб фуқаролар тиббий ёрдамни электрон навбат асосида бепул олиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, ушбу санадан тиббиёт ва фармасевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг алоҳида тартиби ҳамда шартлари татбиқ этилади.

 

2024 йил якунигача эса «Электрон поликлиника» ва «Электрон шифохона» ахборот тизимлари амалиётга жорий этилади.



2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.