Эндиликда 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган аҳолининг саломатлик профили баҳоланади

Улашиш:

Президент қарорига мувофиқ, ҳар йили бир маротаба 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган аҳолининг овқатланиши, тамакига қарамлилиги, тана вазни, артериал босими, қондаги қанд ва холестерин даражасига қараб, уларнинг саломатлик профили баҳоланади. 40 ёшдан ошганлар йилига камида бир марта скрининг текширувларидан ўтказилади. Юрак-қон томир касалликлари бор 200 мингдан ортиқ аҳолига эса эналаприл дори воситаси бепул берилади.

Президент 26 январь куни «Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [103-сон] қарорга имзо чекди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.

Қарорга асосан эҳтиёжманд аҳоли қатламлари зарур дори воситалари билан бепул таъминланади.

2022 йилдан бошлаб:

  • йилига бир марта 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган аҳолининг саломатлик профили (овқатланиш характери, тамакига қарамлик, тана вазни индекси, артериал босим, қондаги қанд ва холестерин даражаси ва бошқалар) баҳоланади;
  • 40 ёшдан ошганлар йилига камида бир марта скрининг текширувларидан ўтказилади;
  • юрак-қон томир касалликлари аниқланганларнинг ягона электрон реестри юритилади ва реестрдаги 200 мингдан зиёд аҳолига эналаприл (Enalapril) дори воситаси бепул берилади;
  • эҳтиёжга кўра туман (шаҳар) шифохоналари коагулометр ускунаси ва зарур реактивлар билан таъминланади.

2023 йил 1 январгача юрак-қон томир касалликлари хавф-стратификациясини баҳолаш учун мобил илова яратилади.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалларида кардиология йўналишида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари босқичма-босқич 15 турдан 35 тургача оширилади.

Шунингдек, қарор билан 2023 йил 1 январга қадар Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази (Марказ) клиникасини кўп тармоқли клиника сифатида трансформация қилиш ва зарур бўлган замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш чоралари кўрилади.

Бунда:

  • 2023 йил 1 январга қадар Марказда юрак-қон томир касалликлари илмий тадқиқотлар лабораториялари ташкил этилади;
  • 2022 йил 1 февралга қадар Марказнинг юрак қон-томир касалликлари илмий тадқиқотлар лабораторияларини замонавий тиббий ускуналар билан таъминлаш учун халқаро молия ташкилотлари ҳамда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 5 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағларни йўналтирилади;
  • превентив кардиология, нур ёрдамида диагностика ва бошқа йўналишларда янги илмий тадқиқотлар учун замонавий лабораториялар ташкил этилсин ҳамда Марказда 15 дан зиёд юқори технологик амалиётларнинг йўлга қўйилиши таъминланади;
  • 2022 йил якунига қадар, кейинчалик эса ҳар йили Германия, Россия ва бошқа давлатларнинг нуфузли тиббиёт муассасаларида 30 нафардан кардиолог мутахассисларнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан малакаси оширилади.

Бундан ташқари, 2023 йил якунига қадар Марказнинг барча ҳудудий филиалларида телемедицина ва телеметрия марказларини ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 9 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселекторда юрак-қон томир касалликларини даволаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинишини маълум қилинганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.