Саратоннинг энг хавфли турини эрта аниқлаш усули топилди

Улашиш:

Буюк Британия олимлари саратон касаллигининг энг хавфли турини эрта аниқлаш усулини топди. Изланишларда ошқозон ости бези саратонига чалинган 9 минг нафарга яқин кишининг тиббий маълумотлари (турли даврлардаги тана вазни индекси, қондаги қанд миқдори) 35 минг нафар соғлом инсонлар кўрсаткичлари билан солиштирилган.

Таъкидланишича, ошқозон ости бези саратони ўсма касалликлари орасида энг хавфлиси ҳисобланади. Чунки у сезиларли аломатларсиз пайдо бўлади. Вазн камайиши ва қон таркибида қанд миқдори ошиши бу дардга хос белгилардир. Аммо организмдаги ушбу ўзгаришлар қачон ва қандай содир бўлиши номаълум. Агар шифокорлар бу борада аниқ маълумотга эга бўлса, касалликни эрта ташхислаш имконияти ошиши, шубҳасиз.

Мазкур эҳтиёж Буюк Британия олимлари изланишлари учун сабаб бўлди. Улар юқоридаги аломатлар беморларда қачон ривожланишини ўрганди. Якунда ушбу хавфли дардга йўлиққан одамларда кескин вазн йўқотиш ҳолати касаллик ташхиси қўйилишидан икки йил аввал бошлангани маълум бўлди. Яъни уларда тана вазн индекси соғлом кишиларга нисбатан деярли уч бирлик пастлиги қайд этилди. Шунингдек, ошқозон ости бези саратонига чалинганлар қонида қанд миқдори ортиши хасталик аниқланишидан уч йил олдин бошлангани кузатилди.

Олимларнинг якуний хулосасига кўра, қандли диабетдан азият чекаётган беморларда ушбу ўсма касаллиги ривожланиш хавфи юқори бўлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.