Мураккаб операцияларни бажарган хирургларга қўшимча устама жорий этилади

Улашиш:

“Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–136-сон, 17.05.2022 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2022 йил 1 июндан давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари:

  • олий ва биринчи малака тоифаларига эга тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 15 фоизга;
  • иккинчи малака тоифасига эга ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун – 10 фоизга;
  • тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун – 15 фоизга оширилади.

Шунингдек:

  • ходимларни моддий рағбатлантиришга ажратилган маблағлар ҳисобидан давлат тиббиёт муассасасининг юқори малакали тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларига ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача, бошқа ходимларга 75 фоизигача ойлик устамалар;
  • янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устамалар;
  • оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00 гача узайтириш ҳисобига иккинчи сменада ишловчи шифокор ҳамда ҳамшираларга лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик қўшимча устамалар тўлаб берилади.

Фармонга кўра, тиббиёт муассасаларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатга мувофиқ юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокор-хирурглар лавозим маошининг 25 фоизи миқдорида қўшимча устама жорий этилади.

2022 йил 1 сентябрдан даволаш-профилактика муассасаларининг ходимларига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси учун лавозим маошининг 60 фоизигача ва фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун лавозим маошининг 30 фоизигача миқдорда ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.

Бундан ташқари, барча тиббиёт ходимлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан бепул ўтказилади.

2022 йил 1 июлдан вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан, шунингдек, хорижий давлатлардан Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғирот туманларига бориб ишловчи шифокорларнинг ойлик лавозим маошига дастлабки уч йил давомида 100 фоизМўйноқ туманида эса 200 фоиз миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама тўловлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади.

Бунда, шифокор бошқа ҳудудда камида 2 йил ишлаган ҳамда камида иккинчи даражали малака тоифасига эга бўлган бўлиши лозим.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.