Шифокор 8-9 миллион, ҳамшира эса 3-4 миллион сўм маош олиши мумкин — Президент

Улашиш:

Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан учрашув вақтида шифокорлар қай тариқа рағбатлантирилишини маълум қилиб ўтди.

«Тўртинчи йўналишдаги чора-тадбирлар бевосита тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ.

Бу борада, энг аввало, соғлиқни сақлаш ходимларини моддий рағбатлантириш янада кучайтирилади.

Ушбу масала юзасидан, сиз, ҳурматли тиббиёт соҳаси вакиллари томонидан 3 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Лекин аслида улар 500 мингдан зиёд барча тиббиёт ходимларининг таклиф ва истакларини ифода этади, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.

Барчангизга маълум, бюджет ходимларининг маошини ҳар йили ошириб боряпмиз.

Бу йил ҳам бюджет ташкилотлари қаторида, тиббиёт ходимларининг ойлик иш ҳақини ҳам, камида 10 фоизга оширишни режа қилганмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент томонидан маълум қилинишича, соҳа вакилларининг машаққатли меҳнатини янада рағбатлантириш мақсадида, жорий йил 1 июндан:

- тиббиёт ходимларининг ойлик маоши малака тоифасига қараб, яна 15 фоизгача оширилади.
- юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга эса яна 25 фоиз миқдорида устама тўланади.
Бундан ташқари, Тиббиёт ходимларини рағбатлантириш жамғармасига йилига 1,5 триллион сўм ажратилади.
Ушбу маблағлар ҳисобидан:
- алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар ҳам белгиланади;
- янги иш бошлаган фидоий ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устама тўлаш тартиби жорий этилади.
«Содда қилиб тушунтирадиган бўлсам, мисол учун, ҳозирги кунда олий тоифали шифокор 4 миллион сўм маош олса, энди иш ҳақининг ошиши ва янги устамалар ҳисобига, 8-9 миллион сўмгача маош олиши мумкин бўлади.
Ҳамширалар эса, ҳозирги 1,5 миллион сўм ўрнига, тоифаси ва эришган натижаларига қараб, 3-4 миллион сўмгача ойлик олиши мумкин», — деди Шавкат Мирзиёев.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.