Шавкат Мирзиёев 18 март куни соғлиқни сақлаш ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказади

Улашиш:

Шавкат Мирзиёев 18 март куни соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Қайд этилишича, унда соҳани янада ривожлантириш, тизимли муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинади. Тиббиёт ходимларининг таклифлари эшитилади.

Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида тиббиёт ходимлари ва аҳолидан 25 мингдан ортиқ мурожаат ва таклифлар келиб тушган. Улар таҳлил қилиниб, соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва халққа тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Учрашувда соҳанинг барча бўғинларидан 10 минг нафардан зиёд ходим иштирок этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 20 август куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтганди. Бундай шаклдаги учрашув илк бор ўтказилган ва унда жами ўн мингга яқин тадбиркор иштирок этган.

Ноябрь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Шавкат Мирзиёев олимлар, шифокорлар, фармацевтлар, ҳамширалар ва тизим ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказишини маълум қилди. Вазирлик тиббиёт соҳасини ривожлантириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни камчиликларни ижобий ҳал қилиш мақсадида махсус Call-марказни ишга туширди. Мурожаатларнинг аксарияти Call-марказга бириктирилган мутасаддилар томонидан ҳал қилиниб, бир қисми олимлар, шифокорлар, фармацевтлар, ҳамширалар ва тизим ходимлари билан бўладиган очиқ мулоқотда президентга тўғридан-тўғри етказилиши айтилганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.