«Тиббиётимизнинг барча йўналишларига лоббизм кириб келиб бўлди», деган профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг «Тиббий психология» китобида шундай сатрлар бор: «Кучли ёки доимий руҳий жароҳатлар сабабли инсон организмида турли хил касалликлар ривожланади». Ташхис нотўғри қўйилади ва беморлар зарур бўлмаган текширувлардан ўтиб, турли бўлимларда даволаниб юради. Ваҳоланки, уларни тиббий психолог даволаши керак. Хўш, бизда бу қандай йўлга қўйилган? Ёш шифокор, тиббий психолог, психотерапевт Гули Тўраева билан шу хусусда суҳбатлашдик.
Бемор касалликдан ўлмайди
– Тиббий психология. Ушбу атама ўзбеклар учун қай даражада таниш? Яқин йилларда бу соҳа мавжуд эмас эди, тўғрими?
– Аввало, психологияга таъриф берсак, психология – инсон руҳиятини ўрганувчи фан. Тиббиёт психологияси эса бемор одамлар психологиясини ўрганади.
«Тиббиёт психологияси» ҳозирги кунда янги атама бўлгани билан бу соҳа янги эмас. Тиббиёт асосчиси бўлган буюк алломамиз Абу Али ибн Сино «Тиб қонунлари» асарида тиббиёт ва психологияга оид фикрларни келтириб, руҳни даволамасдан вужудни даволаб бўлмайди, деган эдилар.
Бу соҳа мутахассисларини ҳозирги кунда жуда камчилик билади деб ўйлайман. Ҳатто тиббиёт ходимлари орасида ҳам бу янги мутахассисликнинг вазифасини билмайдиганлар борки, соҳадан йироқ инсонларни энди тасаввур қилиб олаверинг.
Сабаби, тиббиёт психологиясига эътибор жуда кам бўлган, одамлар дори-дармон ва техника-ускуналарга ишонишган. Антибиотик яратилганда, «мана, бўлди, энди беморлар ўлмайди», дейишган эди. Ҳолбуки, натижасини кўриб турибмиз. Инсоният бошига тушган синовли дамлар, коронавирус инфекцияси даврида тиббий психологлар нақадар кераклиги, инсон руҳияти кўп нарсани ҳал килиб беришига гувоҳ бўлдик. Чунки жуда кўплаб беморлар касалликдан эмас, унинг ваҳимасидан вафот этадилар...
– Тиббий психологияга талаб ва эҳтиёж қай даражада? Мурожаат қилаётганлар кўпми? Юқорида айтганимиздек, ҳали кўпчилик тиббий психологияни билмайди, демак, бизда бу борада мурожаат қиладиганлардан кўра мурожаат қилмайдиганлар кўп бўлса керак?
– Талаб бўлиши учун халқимизда тиббий психологларнинг хизматлари моҳияти, иш вазифалари тўғрисида маълумот шаклланган бўлиши керак. Шу боис талаб катта эмас деб ўйлайман. Лекин эҳтиёж масаласига тўхталадиган бўлсак, мутахассис сифатида тиббий психологларга эҳтиёж жуда катта деб айтган бўлардим. Талаб қилишлари учун халқимиз тиббий психологларнинг психопрофилактика, психогигиена, психотерапия, психореабилитация хизматлари ҳақида билим ва тасаввурни шакллантириши керак деб ўйлайман.
– Беморлар, агар шундай аташ жоиз бўлса, асосан, қандай дард ва муаммолар билан келишяпти? Дарвоқе, буни дард дейиш мумкинми ёки муаммоми?
– Келинг, яхшиси, мурожаат қилувчилар дейлик, чунки уларнинг ҳаммасини ҳам бемор дея олмаймиз. Охирги вақтларда – албатта бу менинг шахсий кузатувларим – мурожаат қилувчиларнинг аксарияти турли невротик бузилишли беморлардир. Невроз – руҳий жароҳат етказувчи омиллар натижасида ривожланадиган асаб системасининг функционал касаллиги. Асосан, невротик бузилишлардан фобиялар (қўрқувлар), обсессив-компульсив бузилишлар (ёпишқоқ ўй-хаёл, фикрлар, ҳаракатлар) ваҳима хуружлари билан кўпроқ мурожаат қилишяпти.
Дард бир кунда туғилмайди, муаммо келиб чиқади, яъни руҳий жароҳат бўлади, баъзида руҳий стресслар давомли равишда кечиб, натижада дардга айланади. Бизда одамлар, руҳиятимда ўзгариш бўляпти, деб психологга учрамайдилар, қачонки у танада дард ҳосил қилса кейин боришади. Соҳа мутахассиси танани даволайди, руҳият жароҳати эса қолиб кетаверади. Шу тарзда психосоматик касалликлар ривожланади. Улар сурункали равишда хусусий клиникаларнинг доимий мижози бўлиб, танасини дорилар билан вақтинча зарарлаб юришаверади. Шу ўринда айтиб ўтишим керак, нафақат руҳий жароҳат танада дард келтириб чиқаради, балки танадаги жароҳат ва касалликлар ҳам руҳиятда ўзгаришлар қилади. Аниқроқ қилиб тушунтирсам, масалан, оғир пневмонияни ўтказган болалар, бош мияда қон айланишининг бузилиши бор кишиларда кейинчалик ваҳима хуружлари, фобияларга мойиллиги мавжуд бўлиб қолади (ёпиқ жойлар, лифтлардан қўрқишади).
Биз одамларни стандартларга сола олмаймиз. Ҳар бир инсоннинг алоҳида, индивидуал хусусиятлари бор. Кимнидир ёмон ва яхши ҳам деёлмаймиз. Бизга мурожаат қилган инсонларнинг ёши, ирқи, эътиқоди ва жамиятдаги мавқеидан қатьи назар, барчага бир хил ёндашишимиз керак.
Охирги вақтларда психологлар, шаблон маслаҳатлар жудаям кўпайиб кетди. Майли, кўпайсин, бу босқичдан ҳам ўтиш керакдир балки. Вақт-соати келгач, ҳақиқий мутахассис танланиб ажралиб қолаверади. Лекин мен психологларни ҳам шифокорлар каби ўта масъулиятли касб эгаси деб ҳисоблайман. Инсон хаёти ва тақдири билан ўйнашиб бўлмайди.
Психологлик қилаётганларнинг билим базаси мукаммал бўлиши керак.
– Агар ҳудудлар кесимида олиб қаралса, сизларга қайси вилоят ёки туманлардан мурожаатлар кўп бўлади?
– Ривожланган, ҳаёт тезлиги юқори бўлган жойлардан мурожаатлар кўп. Қишлоқларда ўзаро меҳр-оқибат, қўллаб-қувватлаш бор. Яқинлар бирга яшашади. Аслида бизнинг менталитетимиз бўйича психологларга эҳтиёж жуда катта бўлмаслиги керак, чунки меҳмондўст, бағри кенг, саховатли, мурувватли халқмиз. Аммо минг афсуски...
Шаҳар жойларида ҳаёт бошқача. Ҳамма шошган. елиб-югурган, нега, қаерга, нима учунлиги ҳақида, ҳатто баъзида тин олиб, фикр юритишга, тўхташга вақт йўқ. Тошкан – ҳамма ишга шошган. Оддий ишлатадиган қўл телефони кун давомида ишлаб, қуввати тугагач тўлдирамиз. Биз, инсонлар-чи, кечқурун тунда ухлаймизми?.. Йўқ, қолиб кетган ишларимиз, ишхонанинг муаммолари, эртага қилинадиган юмушлар режаси... Бунинг натижасида инсон руҳий қуввати камайиб, тана ҳам заифлашиб бораверади.
– «Псих-больница», яъни руҳий касалликлар шифохонаси врачлари ҳам тиббий психологлар дейиладими?
– Псих-больницалардаги мутахассислар психиатрлар дейилади. Уларни психологлар деб бўлмайди. Бу мутахассислар руҳиятида чуқурроқ ўзгариши бор беморлар билан ишлашади. Психиатрлар ҳам айрим турдаги, масалан, қарамликлар, чуқур депрессия ҳолатидаги беморлар борасида тиббий психологлар билан ҳамкорликда ишлашса мақсадга мувофиқ бўларди.
Озодликдаги руҳий бемор учун жавобгар борми?
– Хабарингиз бор, шу йил бир аёл ўзининг боласини ҳайвонот боғидаги айиқ сақланадиган жойга ташлаб юборди. Яқинда эса бошқа аёл боғчага бориб, гўдаклар бор-йўқлиги, шунингдек, мактаблар билан қизиққан. Уларнинг руҳий беморлиги аён бўлди. Бундайларни «очиқ», эмин-эркин қўйиш жамият учун хавфли-ку? Мазкур беморларни тўла-тўкис даволаб бўладими? Уларнинг ўзини тутиши учун соҳангиз мутахассислари жавобгарми аслида?
– Ҳа, бу каби хабарлар ҳаммани ҳушёр торттирди. Албатта, руҳий носоғлом инсонлар ёнимизда эканлиги жуда хатарли. Бундай беморларни даволаса бўлади. Сиз айтгандек, бизнинг соҳа мутахассислари жавобгар.
Уларни даволаб ва доимий психореабилитация ҳам қилиб туриш мақсадга мувофиқ. Шу ўринда, балки аёл киши бўлганим учундир, мазкур ҳолат оқибат деб қаралса, келиб чиқиш сабабларини ўрганиш керак, деб ҳисоблайман. Агар бу аёлларга ўз вақтида тўғри ёрдам кўрсатилса, улар ҳам ўзини қадрлаб, вақтида муолажаларни олишса, вазият бунчаликка бормас эди балки... Аёл табиатан жисмонан заиф, улар бир кунда шу аҳволга тушиб қолмайди.
– Нима деб ўйлайсиз, бугун одамлардаги психоматик бузилишларнинг асл сабаби нимада: тирикчилик деб зир-зир югуришми, техника тамаддуними ёки экологик муҳитми?
– Психосоматик бузилишлар ҳаммасини ўз ичига олади. Юқорида айтиб ўтганимдек, тезлашган ҳаёт, «мен сендан кам эмасман» қабилида пойга тушишлар, енгил ҳаётга кўникиш... Қолаверса, жисмоний ҳаракат кам, шунинг учун дори-дармонларнинг рекламаси авжида, экологик муҳит бузилган. Қисқача айтганда, дил хотиржамлиги – тан сиҳатлиги. Кўнгил хотиржам бўлмас экан, танда сиҳат бўлмайди.
– Халқ орасида «вос-вос», «жин чалиши» деб номланадиган касалликлар ҳам учрайди. Тиббий психология бундай беморларни даволашга қодирми?
– Албатта, даволай олади. Психотерапевт, невропатолог психиатрлар биргаликда ҳаракат қилишса нур устига аъло нур бўлади. «Жин чалиши» деган халқ тилидаги юзнинг қийшайиши билан кечувчи ҳолат оддий юз нервининг яллиғланиши, фалажланиши ҳам бўлиши мумкин. Шомда шайтоннинг шохи чиқади деган ибора бор. Яъни бу вақтда инсон танасида буйрак усти безлари энг фаол ишлайди, қонда адреналин ва норадреналин миқдори кўпаяди. Шу боис бу пайтда қўрқувга мойиллик бўлади. Қаттиқ қўрқув натижасида келиб чиқади. Мазкур ҳолатда невропатолог ва тиббий психолог биргаликда даволайди. Вос-вос касаллиги юқорида айтиб ўтилган невротик бузилишлар, ваҳима хуружларидир. Сўнгги вақтларда бундай ҳолатлар жуда кўпайган. Албатта иш фаолиятим мобайнида ваҳима хуружларидан қутулиб, соғайиб кетган беморлар кўп бўлган.
– Одамларнинг ўзини рисоладагидек тутиши, бўлар-бўлмасга асабийлашмаслиги, кайфияти доимий аъло юриши учун ўзингизнинг бошқа манбаларда учрамаган қандай маслаҳат ва тавсияларингизни берасиз?
– Улуғ файласуфлардан бири «Ўзингни англа ва ўзингни кашф эт» деган экан. Яъни, инсон ўзини англасин, бир муаммога дуч келдими, бир оз тўхтаб, ўзини тафтиш қилсин. Бу дард нега менга келди, табиатим қанақа, қайси касб меники, деб ўйласин. Стрессларга чидамлилиги қандай, танаси жисмоний юкламани қай даражада кўтаради – шу каби саволларга жавоб излаб кўрсин. Кимгадир ўхшаш, у каби бир хил бўлишнинг кераги йўқ. Сиз алоҳида инсонсиз. ўз индивидуал хусусиятларингиз бор. Ўзингизни ўрганинг ва имкониятларингиздан фойдаланиб ўзингизни кашф этинг. Мен яна шундай деган бўлардим: ҳаётда ҳамма нарса мувозанатни хоҳлайди, жисмоний ва руҳий ҳолатларда мувозанатни ушлаш, олтин ўрталикни сақлаш, ўтмиш ёки келажакда эмас, ҳозир ва шу ерда яшашни ўрганиш керак.
– Тиббий психолог мутахассиси бўлиш учун тиббиёт институтининг даволаш факультетини тугатиш, сўнгра тиббий психология бўйича 3 йиллик магистратурада таҳсил олиш керак экан. Анча узоқ жараён. Шундан келиб чиқсак, Ўзбекистон миқёсида бу борада мутахассислар етишмаса керак?
– Тиббий психологлар 3 йиллик магистратурада, 2 йиллик клиник ординатурада ўқиган бўлишлари лозим. Бу йўналиш бизда яқин йиллар ичида ташкил этилганлиги боис ҳақиқатан, мутахассислар жуда кам. Тиббий психологларни кўпайтириш керак, улар нафақат психосоматик касалликларга, балки барча тор доирадаги шифокорларнинг ёнида улар билан биргаликда беморларга ёрдам кўрсатишса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Мен мутахассислик олиш учун онкогематологияда юрган вақтларимда кузатганман: бемор ёки яқинлари қўйилган ташхисни эшитиб, оғир стрессга тушади. Ҳар куни минг марта ўлиб, минг марта тирилади. Лекин соппа-соғ одамнинг пешанасига ёзилган бўлса, у бахтсиз ҳодиса туфайли ҳам ўлиб кетиши мумкин. Шунинг учун онкология, гинекология акушерлиги соҳаларида, қўйингки, тор мутахассисликларнинг ҳар бирида тиббий психологларнинг бўлиши инсонлар учун катта аҳамиятга эга.
Қўрқинчли рақамлар, блокланган куч-қувват
– Сизларга мурожаат қилувчилар орасида эркаклар кўпми ёки аёлларми ва нима учун шундай?
– Аёллар кўпроқ. Чунки улар дардини айтиб, енгиллашади, йиғлашади ва осонроқ тузалишади. Бизда болага ёшлигидан «йиғлама, ўғил бола кўз ёши тўкмайди» деб уқтирилади. Ҳолбуки, у ҳам одам, унинг ҳам қалби, руҳияти бор, у ҳам озор чекиши мумкин. Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади, деганларидек, ўз вақтида мурожаат қилмаслиги, дардини ёрмаслиги боис, эркакларда қон босими ва бунинг оқибатида оғирроқ ҳолатлар келиб чиқади. Мен дард борасида эркак ва аёлга ҳам бирдек деб қарайман.
– Психоматик бузилишларнинг тури 700 дан зиёд экан. Бу қўрқинчли рақам.
– Ҳа, қўрқинчли, бироқ агар одамлар тўғри диагностика қилиниб, махсус мутахассис танлаб ишланса, бу касалликлардан тузалиб кетишнинг иложи бор. Тўғри қўйилган ташхис – 70 фоиз даво дегани. Психосоматик бузилишларнинг функционал ёки органик эканлигини аниқлаб, энг аввало, беморда органик касалликни истисно қилиш керак.
– Сизларга келаётган беморларни юз фоиз даволайсизларми ёки тузалмайдиган беморлар ҳам бўладими?
– Беморларнинг яхши кўрган саволи бор. Улар, 100 фоиз яхши бўлишига кафолат берасизми, дейишади. Биз, барча шифокорлар қатори беморимиз соғайиб шифо топса, хурсанд бўламиз, касбимиздан фахрланамиз. Беморнинг тузалиши унинг ўзига ҳам боғлиқ. Ибн Сино бобомиз айтганларидек, сен, мен, касаллик – агар сен мен томонга ўтсанг, касалликни албатта енгамиз.
Тузалмайдиган беморлар ҳам учраб туради.
– Сизни бир умрга чўчитган бемор.
– Ўтган йили баҳор ойларида бир ёш эр-хотин келди. Эри сиз юқорида айтган вос-вос касаллигига чалинган экан. Аҳволи жуда оғирлашган эди. Муолажаларни бошладик, аммо у икки кундан сўнг кечқурун уйига кетиб қолиб, ўзини осиб қўйди. Бу менга жуда қаттиқ таъсир қилган...
– Сиз яхши мутахассис ҳисобланасиз. Доимий изланишдасиз. Фақат ростини айтинг, сўнгги марта қачон ва нима учун жаҳлингиз чиқиб, жиғибийрон бўлдингиз? Айтмоқчиманки, тиббий психологлар ҳам жаҳл қиладими?
– Инсоннинг стрессларга жавоб ҳиссиётлари ҳам табиатига боғлиқ. Мен табиатан жаҳлдор эмасман. Шу боис жиғибийрон бўлганимни эслай олмайман. Фақат охирги – мени қаттиқ қайғуга солган воқеа, бунга 4 йилдан ошди – отамдан айрилганимиз бўлган. Тўғри, ўша дамда мен йиғлай олмадим. Лекин чуқур депрессияга тушганимни кейинроқ англаб етдим.
Мен ўзим бошдан ўтказган ҳар бир ҳиссиётимни ишлаб чиқдим. Гуёки улғайиб қолдим. Бу менга катта сабоқ бўлди. Бир йиқилдиму, лекин яна оёққа туриб улғайдим, юксалдим деб ўйлайман.
Биз ақлимиз ёрдамида ҳиссиётларимизни жиловлаймиз-босамиз, натижада ҳаётий куч-қувватимизни блоклаймиз. Сурункали чарчоқ, депрессия келиб чиқади. Мен бу касбим орқали, аввало, ўзимни ўргандим, депрессиядан чиқдим. Ўзимдан ўтказганимдан сўнг бошқаларни даволашни бошладим.
Барчага энг яхши кўрганим – дил хотиржамлиги, тан сиҳатлигини тилаб қоламан.
Анвар Намозов суҳбатлашди.
Гули Тўраева ҳақида:
1981 йил 5 январда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида туғилган. 1998 йили тумандаги Азиз Ҳайдаров номли лицей-мактаб интернатни тамомлаб, 2-ТошМИ даволаш факультетига ўқишга кирган. 2005 йили институтни тугатиб, хусусий клиникада иш бошлаган. 2007 йилдан Шарқ табобатини ўрганишни бошлаган.
Даволаш жараёнларида инсонни бир бутун ҳисоблаб, яъни ақл, тана ва руҳни биргаликда даволашга эътибор қаратган. Шу тарзда тиббий психологияга кириб келган. 2013 йили Низомий номли педагогика институтининг психология қайта тайёрлов курсида ўқиган.
2018 – 2019 йилларда врачлар малакасини ошириш институтида гематология мутахассислиги бўйича ҳам ўқиди. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги «Гуломжон Нейро Сервис» клиникасида психотерапевт бўлиб ишлайди. Психотаҳлилни танага йўналтирилган психотерапия йўналиши бўйича фаолият кўрсатади.