Арнасой туманида туризм ривожи: Тузкон туристик маркази лойиҳалари тақдим этилди

Улашиш:

Жиззах вилоятининг Арнасой тумани Айдар-Арнасой кўллар тизими билан туристлар учун диққатга сазовор масканлардан бирига айланмоқда. Бу ерда туризм салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида хорижий инвесторларни жалб қилиш ва замонавий инфратузилмани шакллантириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Яқинда Арнасой тумани ҳокимлигида фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Тузкон туристик маркази лойиҳаларининг тақдимоти ўтказилди. Унда айниқса, туристик хизматларни кенгайтиришга қаратилган замонавий кэмпинглар, меҳмонхоналар, сув транспорти хизматлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш бўйича режалар тақдим этилди.

Таъкидланишича, ҳудуддаги инфратузилма босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда: ҳозиргача 10 кВли ҳаво тармоқлари ўрнатилган, тоза ичимлик суви етказиб берилган, 4,8 км масофада йўллар асфальтланган. Шунингдек, электр энергияси ва бошқа муҳандислик тармоқлари яратиш ишлари давом эттирилмоқда.

Туризм соҳасидаги бу саъй-ҳаракатлар Арнасой туманида ички ва ташқи сайёҳлар оқимини ошириш, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини кучайтириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Тузкон туристик маркази яқин йилларда Жиззах вилоятидаги энг йирик сайёҳлик ҳудудларидан бирига айланиши кутилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.