Мустақиллик байрамига бағишланган “Зомин ёшлар фестивали” “Пшоғор” даштидаги дам олиш масканида бўлиб ўтди

Улашиш:

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги шарафига Жиззах вилоятининг Зомин тумандаги “Пшағор” қишлоқлар мажмуаси ҳудудида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” эзгу ғояси остида “Зомин ёшлар фестивали” байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирликлари, Жиззах вилояти ҳокимлиги мутасадди ташкилотлар, секторлар раҳбарлари, Зомин тумани ҳокимлиги нуронийлар, меҳнат фахрийлари, олов қалбли ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида, “Пшоғор” қишлоқлар мажумаси ҳудудидаги бийдек даштда томчилатиб суғориш учун сув тўплагич сунъий кўл бўйида барпо этилган дам олиш мажмуасида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами шарафига “Зомин ёшлар фестивали” ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги махсус муҳандислик гуруҳи қурилиш бошқармаси муддатли ҳарбий хизмат аскарлари томонидан 300 гектар даштдан иборат адирлик тўлиқ ўзлаштирилди. 

Бу ерда сув сиғими 52 минг кубни ташкил этувчи томчилатиб суғориш учун сув тўплагич сунъий кўл (ҳовуз) бунёд этилиб, 180 метр чуқурликдан сув тортиб чиқарилди. 8 та ер ости сув насоси ўрнатилди. Кўл атрофига 2 минг 100 туп манзарали дарахт, минглаб ранг-баранг гул кўчатлари экилиб, 1 километрдан ортиқ йўл бўйига ҳамда кўл бўйига чим ётқазили, кўл атрофи ва саҳна майдони асфальт қилинди. 

Томчилатиб суғориш усули парваришланадиган маккажўхори экилиб, унинг 50 гектари “Пшоғор” қишлоқлар мажмуасида истиқомат қилувчи “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган 100 нафар ёшга бўлиб берилди. 

Зомин туманидаги “Пшоғор” республикамиздаги энг катта қишлоқлардан бўлиб, қишлоқлар мажмуаси 6 маҳалла фуқаролар йиғинлари таркибида 14 та қишлоқ киради. Ҳудуддаги 5 мингдан ортиқ хонадондаги 5 минг 559 оилада 25 минг 500 нафардан ортиқ аҳол истиқомат қилади. 

– Базида шу қишлоғимизда, кўп ҳолларда Жиззах шаҳридаги мардикор бозорига бориб, қурулиши бор кишиларнинг меҳнатини қилиб, мардикорлик орқасидан кун кўрардим, – дейди шу қишлоқлар мажмуасига кирувчи “Сайги” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Фарходжон Синдаров. – Ёшим 27 да, уйланганман, 1 нафар қизчамиз бор. Турмуш ўртоғим ҳам ҳеч қаерда ишламайди, уй бекаси. “Ёшлар дафтари” рўйхатидан ўрин олганим учун мегга ҳам мана шу аллақачон ҳосилга кириб қолган маккажўхори майдонидан 0,5 гектар ер ажратиб берилди. Менга ажратилган маккажўхори майдонини бегона ўтдан тозалаб, яганасини қилиб, ўғитини белгиланган жойга солиб, томчилатиб суғориб турсам, жорий мавсумни ўзида 20-25 миллион сўмгача даромад қилар эканман. Поясини эса уйдаги қора молим учун қишга жамғариб қўяман. Энди мардикор бозорига боришимга ҳожат қолмади. Биз ёшларни ўйлаб ана шундай хайирли ишга бош-қош бўлган Президентимиздан, шу эзгу ишларни амалга ошрган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг аскарларидан миннатдормиз.

Дам олиш мажмуасига 2 жуфт келин-куёв ҳам томошага келиб, сунъий кўл, атрофидаги манзара, дам олиш масканида фото-сессия ўтказди.

– Бу келин-куёвлар менинг фарзандларим бўлади, – “Пшоғор” қишлоғида истиқомат қилувчи Улбозор опа Хўжамқулова. – 3 қизимни чиқариб, уйли-жойли қилганман. Кенжам ўғил, бугун тўйини ўтказдим. “Аёллар дафтари” рўйхатида турганлигим сабаб ўғлим Давронжон Босимовга 0,5 гектар маккажўхори майдони берилди. 

– Бугун бизнинг ҳаётимизда, инсон умри давомида бир марта бўладиган энг бахтли кун – никоҳ тўйимиз қишлоғимизда ўтаётган “Зомин ёшлар фестивали” билан ҳамоҳанг бўлиб ўтаяпти, – дейди никоҳ тўйини нишонлаётган Зомин туманидаги “Аржа” қишлоғидан “Пшоғор”га келин бўлиб тушган Севара Босимова. – Бутун мамлакатимизда катта шодиёна – мамлакатимиз мустақиллиги байрам тантанали ўтаётган кунда тўйимиз ўтаётганидан жуда-жуда хурсандман.

Суний кўл бўйидаги чим устида вилоятдаги қирғиз, тожик, қозоқ, рус, корейс ва бошқа миллий маданий марказлар томонидан намйиш этган миллий куй-қўшиқ ва рақслар иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.

Жиззах вилоят бандлик бош бошқармаси, олий ва ўрта махсус ҳамда халқ таълимитизими мутасаддилари томонидан 5 ташаббус кўргазмаси тадбир иштирокчилари, айниқса ёш йигит-қизлар билан гавжум бўлди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус – ёшларни маданият, санъат, спортга жалб этиш, улар ўртасида “IT-интернет” компьютер технологиялари ва китобхонликни ривожлантириш ва ошириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар йўлга қўйилган.

5 та муҳим ташаббус доирасида 11 та маданият маркази, 121 та спорт объекти, 9 та Рақамли технология ўқув-марказлари, 676 та кутубхона ва китоб дўконлари ташкил этилди. 

Кўл бўйида барпо этилган катта саҳнага республика пойтахтидан келган таниқли санъат усталари, вилоят санъаткорлари ва ижрочи ёшлар ижросидаги байрам концерт дастури йиғилганларга хуш кайфият улашди.

Вилоятдаги ҳарбийлаштирилган мактаб ўқувчиларининг кўргазмали чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

“Пшоғор” қишлоқлар мажмуаси ҳудудидаги сунъий кўл бўйида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги шарафига бағишлаб “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” эзгу ғояси остида ўтаётган “Зомин ёшлар фестивали”да Жиззах вилояти ҳокими Э.Солиев сўзга чиқиб, йиғилганларни – халқимизнинг Энг улуғ, Энг азиз байрами – мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик тантаналари билан чин дилдан самимий муборакбот этди.

Ўтган охирги 4-5 йил ичида мамлакатимиздаги барча соҳаларда улкан ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари Жиззах вилоятида ҳам мислсиз ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Янгиланаётган Ўзбекистоннинг тамомила янги қиёфа касб этаётган Жиззах воҳасида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда давом этаётганини гувоҳи бўлиб турибмиз.

– Сўнги йилларда муҳтарам Юртбошимиз томонидан амалга оширилган энг йирик ислоҳотларидан бири бу – 2018 йил 29 март куни 1 та фармон ва 1 та қарор билан ҳуқуқий асоси яратилган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларидир, – деди Жиззах вилояти ҳокими Э.Солиев ўз нутқида. – Мазкур давлат дастури илк бор 2018 йилда Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги “Манас” қишлоғида амалга оширилди.

Юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ватанпарвар ва фидойи ёшларнинг 8 нафари “Мард ўғлон”, 11 нафар жиззахлик қизлар “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти билан, 4 нафар ёшлар “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди.

Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган 14 нафар ёшларга 26 миллион 400 минг сўм миқдорда имтиҳон топшириш харажатлари қоплаб берилди.

2018-2020 йилларда республикамиз Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, таълим олаётган 418 нафар талаба-ёшларнинг шартнома тўлови учун жами 4 миллиард 100 миллион сўм маблағ тўлаб берилди.

Олий таълим муассасаларида аъло баҳоларга таълим олаётган 296 нафар талаба-ёшларнинг шартнома тўловлари учун 2 миллиард 900 миллион сўм маблағ ўтказиб берилди.

Чин етим, ногирон, “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланган ва боқувчисини йўқотган 13 нафар талабаларнинг 47 миллион сўмлик тўлов шартнома маблағлари тўлиғича тўланди. Уларнинг 8 нафари уй-жой билан таъминланганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида алоҳида дастур қабул қилиниб, 216 ёш оилага “Ёшлар уйлари” берилиб, 9 миллиард 300 миллион сўм миқдордаги бошланғич бадал тўлов маблағлари 20 йил давомида фоизсиз қайтариш шарти билан тўлаб берилди.

Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича республикада “Жиззах тажрибаси” сифатида “Олтин фонд” дафтари жорий қилиниб, дастлаб олимпиада ғолиблари, ёш спортчилар, маданият, санъат, “IT” ва бошқа соҳаларда халқаро ва республика миқёсидаги мусобақа ва танловларда ғолиб бўлган 200 нафар ёш йигит-қизлар мазкур “Олтин фонд” дафтарига киритилди. Шулардан, 22 нафарига олий таълим муассасида ўқиши учун 100 миллион сўм тўлов шартномасига маблағ ўтказиб берилди.

Бугунги кунда кўпмиллатли халқимиз, Ватанимиз тараққиёти учун, Ўзбекистоннинг янги Уйғониш даврини яратиш йўлида белини маҳкам боғлаб, фидокорона меҳнат қилмоқда. Бу йўлда улкан орзу-умидлар, катта режалар билан сафимизга қўшилаётган ёшларимиз – асосий таянчимиз ва суянчимиздир. Сизлар том маънода юртимиз истиқболи, ёруғ келажагимиз бунёдкорисиз, деди Жиззах вилояти ҳокими ўз нутқида.

Вилоят ҳокими тадбирда иштирок этаётган нуронийларга мурожаат қилиб, бугунги кунда орамизда сиздек нурнонийлар, устозлар борлигининг ўзи улуғ неъмат бўлиб, сизларнинг панд-у насиҳатларингиз жамият тараққиёти, қолаверса ёшларимиз учун бебаҳо зийнат, босиб ўтган йўлингиз, тажрибангиз – ёшларимиз учун ҳаёт мактабини ўтамоқда. 

Сиз томонингиздан бериладиган насиҳатлар ёшларнинг куч-куввати ва шижоати билан бирлашса, жамиятни олдинга элтувчи катта кучга айланади. Фурсатдан фойдаланиб, жамиятимиз пойдеворлари бўлган ёшларимизга панд-у насиҳатингизни беришдан чарчамай, доимо оила ва маҳаллаларимизга бош-қош бўлиб юришингизни тилаб қоламан.

Ёшларимизга эса кўпроқ кексаларнинг ўгитлари ва дуосини олиб, Янги Ўзбекистонимизнинг пойдеворини қуришда ўз иқтидори ва тафаккури билан жасорат кўрсатишларига тилакдошман, деди ўз нутқида Жиззах вилояти ҳокими Э.Солиев. 

Республикамизнинг барча ҳудудларида бугун обод гўшага айланган “Манас” намунаси асосида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

– Мазкур давлат дастурлари ижроси доирасида вилоятимизда ўтган 2018-2019 йиллар давомида 75 та маҳаллада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаш, ички йўлларни таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлса, жорий йилда жами 286 та маҳалла ва қишлоқларда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз,. – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокимининг ўринбосари Назира Мухторова. – “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида ўтган давр мобайнида 196 та ижтимоий соҳа объектларида жорий ва мукаммал таъмирлаш ҳамда 607 километр ички йўлларда таъмирлаш ишлари якунланди.

Бундан ташқари, 492 километр ичимлик суви, 633 километр электр ва 25 километр табиий газ тармоқлари ҳолати яхшиланган бўлса, 145 километр ички ирригация тизими янгидан қурилди. 

2021 йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жами 286 та маҳаллада 221 километр ичимлик суви тармоқлари, 521километр ички йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, 325 километр электр тармоқлари тортиш ҳамда 124 та трансформаторларни янгилаш ишлари якунланиш арафасида.

75 та ижтимоий соҳа объектлар, хусусан 15 та мактабгача таълим муассаси, 43 та мактаб, 15 та тиббиёт муассасалари, 2 та маданият марказини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини сифатли амалга ошириб, белгиланган муддатларда ишга туширилиши таъминланади.

Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун биргина Жиззах вилоятига бюджетдан 2 триллион 300 миллиард сўм маблағ ажратилди.

“Обод қишлоқ” дастурининг амалдаги ифодасини Зомин туманининг “Пшоғор” қишлоғида қисқа фурсат давомида олиб борилган улкан ижобий ўзгаришлар мисолида ҳам баралла айта олишимиз мумкин.

Бир неча йиллар давомида “Жиззах – Зомин” катта йўли ёқасида жойлашган ҳамма ўтган қайтганида кўриб ўтадиган “Равот” ва “Пшоғор” қишлоқларида яшовчи аҳолининг ҳаттоки уй деворлари ва дарахтлар ҳам оқланмаган, йўллари абгор ҳолда, йўл четлари ҳар хил чиқиндилар билан тўлиб-тошган хароба ҳолати ўтган йўловчининг тасаввурида қолганлиги шубҳасиз. Лекин бутун, гарчанд дунё миқиёсида кузатилган, бизни мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаган пандемия шароитидаги иқтисодий қийинчиликларга қарамасдан Президентимиз томонидан жорий йилда ҳам “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси давом эттирилди. 

Айни чоғда, “Равот” ва “Пшоғор” қишлоқларининг ташқи кўриниши, йўллари, ичимлик суви ва электр таъминоти, одамларнинг яшаш таризидаги ўзгаришларни 5-6 ой олдинги кун билан мутлақо таққослаб бўлмайди.

Мазкур қишлоқларда барча манбалар ҳисобидан умумий қиймати 16 миллиард 100 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

– Туманимиздаги “Пшоғор” қишлоқлар мажмуасидаги 5 минг хонадонда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилди, – дейди Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев. – Ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 34,5 километр янги тармоқ ва 4 дона янги сув иншооти қурилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида, 25 километрэлектр тармоқлари янгидан тортилди, 400 дона электр узатгич темир-бетон устунлар ҳамда 6 дона янги трансформатор ўрнатилди ва 4 дона трансформатор мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Табиий газ ва суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида 4,5 километр табиий газ тармоғи жорий таъмирдан чиқарилиб, 5 дона газ тақсимлаш пункти тамирланди. 

Автомобиль йўлларини таъмирлаш бўйича 36,5 километр умумфойдаланишдаги йўлга асфальтбетон ётқизилди, 5 километр пиёдалар йўлаклари қурилди, 5 километр йўл чети латоклари ётқизилди. 

Шунингдек, 120 километр ички тупроқ йўлларга қум-шағал аралашмаси ётқизилди.

Аҳолининг маиший чиқиндиларини олиб чиқиб кетиш учун 10 дона янги турдаги контейнерлар ўрнатилди. Алоқа тизимини яхшилаш мақсадида 700 метр алоқа тармоғи тортилди.

Тадбиркорлар томонидан эски “Пшоғор деҳқон бозори” ҳудудида “Эко бозор” мажмуаси ҳамда 48 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчасининг қурилиши ишлари олиб борилмоқда.

4 та ижтимоий соҳа объекти, хусусан 2 та умумтаълим мактаби ва 2 та тиббиёт муассасасида янгидан қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Аҳоли томорқа ва ер майдонларига 30 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.

Томчилатиб суғориш теҳнологиясини жорий қилиш бўйича 1 минг 200 гектар лалми ер майдонларида сабзавот ва полиз экинлари етиштирилиши йўлга қўйилди.

Мазкур ҳудудларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 450 нафар эҳтиёжманд фуқароларга ижтимоий кўмак кўрсатилди.

Қисқача “Пшоғор” қишлоқлар мажмуасидаги барча хонадонларда аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланиб, муаммолар бартараф этилди.

“Зомин ёшлар фестивали”да 10 мингга яқин аҳоли, айниқса ёшлар қатлами қамраб олинди.

Жиззах вилоятининг “Пшоғор” қишлоқлар мажмуасида ўтган “Зомин ёшлар фестивали” байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худойберганов ҳамда Жиззах вилояти ҳокими Э.Солиевлар иштирок этди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.