Олий Мажлис Сенати Қизил китобга киритилган ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонлар ва ўсимликларни муҳофаза қилиш чораларини кучайтиришга қаратилган қонунни маъқуллаган.
Қайд этилишича, ҳозирги вақтда ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлари кўпайиб бормоқда. Агар 2009 йилда Қизил китобга 184 турдаги ҳайвонлар ва 304 турдаги ўсимликлар киритилган бўлса, 2019 йилга келиб уларнинг сони мос равишда 206 ва 314 турга етган.
Ушбу қонун билан Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ёввойи ўсимликлар ва ёввойи ҳайвонларнинг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларини табиий муҳитдан чиқаришни чеклашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун ноёб ўсимлик турлари ўсган жойларда муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни яратиш механизмларини ўз ичига олади. Шунингдек, ўсимликларнинг айрим турлари ва уларнинг қисмларини йиғиш учун рухсатномалар бериш чекланмоқда.
Шунингдек, ҳужжат давлат идораларининг экология ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги ваколатларини аниқлаштирмоқда, қолаверса оқава сувларни кўчириш билан боғлиқ тушунчаларни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирмоқда.
Эслатиб ўтамизки, 54 ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати энергетика, қишлоқ хўжалиги, аҳоли бандлиги, шаҳарсозлик билан боғлиқ қатор қонунларни маъқуллаган.