Юқори солиқ ва божлар Ўзбекистонда автобозорнинг ривожланишини чекламоқда — KPMG

Улашиш:

KPMG Uzbekistan автобозор таҳлили ва автомобиль нархини белгиловчи омилларни тақдим этди. Божлар «иномарка»лар нархининг 70% ва ундан кўпроғини ташкил этаётган бўлиши мумкин. Бозор ривожланишидаги тўсиқлар мураккаб сертификатлаш талаблари ва ёнилғи билан боғлиқ муаммоларни ҳам ўз ичига олади.

Юқори солиқ ва божлар Ўзбекистонда автомобиль бозорининг ривожланишини секинлаштирмоқда. Бу ҳақда KPMG Uzbekistan халқаро аудит компанияси ҳисоботида айтилади.

Тадқиқотда автомобиль бозорини ривожлантиришнинг асосий омиллари сифатида иқтисодий ўсиш ва аҳоли даромадларининг ошиши, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, жумладан, янги заводларни (BYD, Exceed, Hyundai) ишга тушириш, ҚҚС ва акциз солиғи бўйича имтиёзлар кўринишидаги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўрсатилган.

Бошқа омиллар қаторида жамоат транспортининг ривожланмагани ҳам бор, бу эса аҳолининг, айниқса, чекка ва шаҳар атрофидаги ҳудудларда ҳаракатланишини чеклайди ва аҳолини шахсий автомобиллар сотиб олишга мажбур қилади.

Компания, шунингдек, бозор ривожланишидаги тўсиқларни ҳам келтириб ўтади. Жумладан, юқори солиқлар (ўн баравар ошган автомобилни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун йиғимлар) ва автомобилларни олиб киришда божхона тўловлари ҳамда автокредит олиш имконияти чекланган. Совуқ мавсумда ёнилғининг беқарор таъминланиши ва унинг паст сифати автотранспорт воситаларига хизмат кўрсатиш нархининг ошишига олиб келади ва уларнинг истеъмолчилар учун жозибадорлигини пасайтиради.

Бирламчи бозорда бозор нархларини белгилаш амалиёти таҳлилига келсак, хорижий автомобилларни Ўзбекистонга олиб киришда двигатель ҳажмига қараб, божхона тўловларининг умумий миқдори уларнинг қийматининг 70 фоизи ва ундан кўпроғига етиши мумкин. Миқдорга синов ва экологик сертификатлаш харажатлари киради (нархнинг 2−5 фоизини ташкил этади).

KPMG маълумотларига кўра, бўлиб-бўлиб сотиш дастурлари автомобиль нархини 10−15 фоизга оширади. Дилерлар, ишлаб чиқариш заводлари ва автосалонларнинг умумий маржаси брендлар ва уларнинг маркетинг сиёсатига қараб 15 фоизга етиши мумкин.

Автомобилларни ташиш ва суғурта қилиш харажатлари, улар қаердан олиб ўтилаётганига ва унинг нархига қараб, 2−10 фоизгача ўзгариши мумкин. Реклама харажатлари 1−2 фоизга баҳоланмоқда.

Chevrolet Cobalt ва Damas автомобилларининг нархи Ўзбекистонда автомобиллар нархини белгилашда асосий омил ҳисобланади, деб ёзади KPMG. Уларнинг мезон (мўлжал) сифатидаги роли бозордаги устун мавқеи (2023 йилда сотувлар улуши — 55 фоиз), арзонлиги, давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва иккиламчи бозорга таъсири билан белгиланади.

Иккиламчи бозорда автомобиль нархини белгилашда бир қатор омиллар ҳисобга олинади. Хусусан, эконом-классдаги машҳур Cobalt, Gentra ва Damas автомобилларининг нархлари бирламчи бозордаги танқислик туфайли фойдаланишга топширилишининг дастлабки икки йилида бироз пасайган (кўпинча пасаймайди), премиум-классдаги автомобиллар эса йилига 6 фоиз ёки ундан кўпроққа арзонлашмоқда.

Машинани ишлатиш ва сотиш жойи нархга 3−5 фоиз таъсир қилади. Масалан, Тошкентда автомобиллар вилоятларга қараганда қимматроқ.

Нархга сотиш мавсуми ҳам таъсир қилади. Масалан, қишда автомобиль нархи ёнилғи билан боғлиқ муаммолар туфайли арзонлашиши мумкин, кузда эса аҳоли орасида бўш маблағлар пайдо бўлиши туфайли автобозорда жонланиш, шунингдек, нархларда 10 фоиз ёки ундан кўпроққа ўсиш кузатилмоқда.

Оқ рангли машиналар тезроқ сотилмоқда ва 3−5 фоиз қимматроқ.

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши автотранспорт воситаларига импорт божлари 10,8 фоизгача пасайишига, шунингдек, автомобиллар экспортининг 7,3 фоизга, импорт эса 9,2 фоизга ошишига олиб келиши мумкин. ЖСТга аъзо бўлган тақдирда ишлаб чиқаришнинг пасайиши 4,7 фоизга баҳоланмоқда.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.