Аббосбек Файзуллаев Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси бўлди

Улашиш:

Ўзбекистонлик футболчи, «ЦСКА» клубининг ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев ОФКнинг эркаклар орасидаги энг яхши ёш ўйинчиси бўлди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар бермоқда.

У Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида ўтган 2023 йилги йирик мусобақалар, хусусан, Осиё Кубоги 2023 ва футзал бўйича Осиё Кубоги каби турнирлар давомида ўз маҳоратини намойиш этган футболчи, мураббий ва расмийларни тақдирлаш маросимида мукофотланди.

«21 ёшли футболчи 2023/24 йилги шиддатли мавсум давомида ўзининг инкор этиб бўлмайдиган истеъдодини намойиш этди ва 2015 йилда Достонбек Хамдамовдан кейин ушбу мукофотни қўлга киритган иккинчи ўзбекистонлик футболчига айланди», — дейилади ОФК хабарида.

Мазкур номинацияда ундан ташқари япониялик Кагу Навата («Камигаку U-18») ҳамда Жанубий кореялик Баэ Жун Ҳо («Сток Сити») ҳам номзодлар қаторида бўлди.

Аббосбек Файзуллаев Қатарда ўтган Осиё Кубоги ярим финалида ғалаба қозониб, Париждаги Олимпия ўйинларига йўлланма олган Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг бир қисми бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Аббосбек 2023 йилнинг ёзида «ЦСКА»га Тошкентнинг «Пахтакор» клубидан 500 минг евро эвазига ўтганди. Transfermarkt порталига кўра, унинг ҳозирги трансфер нархи 2 миллион еврони ташкил қилади.

2023 йилда у жаҳоннинг энг яхши ёш футболчиси номига ҳам номзод бўлганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.