Орол денгизи фалокатини бартараф этса бўладими?

Улашиш:

Муаллиф: Маҳамбет Таиров (Олмаота, Қозоғистон) – биолог, 90-йилларда «Сохраним Аральское море» лойиҳасининг Қозоғистондаги координатори бўлган, бугунги кунда эса ушбу лойиҳанинг маслаҳатчиси ва фаол иштирокчиси.

1980-йиллар охирида Орол денгизи “жаҳоннинг энг йирик экология фалокати” сифатида жаҳон матбуоти саҳифаларидан тушмай қолган эди. Ҳозирги пайтда ушбу минтақадаги вазият қисман ўзгарди. Собиқ Берг бўғозида Кўкорол тўғони қурилиши бутунлай – ҳам биологик, ҳам жуғрофий маънода бир вақтлар бутун бўлган денгизни Сирдарёнинг денгизга қуйилиш жойидаги Кичик Оролга ва бир замонлар Амударё суви қуйилиб турган ва айни дамларда қуриб қолган катта Оролга бўлиб юборди. Энди улар ўртасидаги сув алоқаси фақат вақти-вақти билан – денгизнинг шимолий қисмидан жанубга, ҳозир Орол денгизи тубида очилиб қолган чўл – Оролқумга сув ташланганда, пайдо бўлиб туради.

Бугунги кунда Орол денгизи – тикланишига ҳали кўп қовун пишиғи бўлса-да – соҳилбўйи туманлари аҳолисига балиқ овлаш имкониятини бермоқда, шу тариқа уларни даромад билан таъминламоқда. Бунга ўтган асрнинг 90-йилларида ушбу ҳудудда балиқчиликни тиклаш ва ривожлантиришни мақсад қилиб қолган “Орол денгизини сақлаб қоламиз” лойиҳасининг ишга туширилиши таъсир кўрсатган эди.

Кутилмаган ютуқ

Лойиҳа доирасида ўша пайтда Орол денгизида мавжуд бўлган ягона балиқ – глосс қалқонбалиғи (Platichthys flesus Linneaus) синов тариқасида тутиб кўрилди, балиқ тутиш қуроллари, сув ҳавзасида оддий эшкакли қайиқлардан хавфсиз фойдаланиш имконияти ҳам синовдан ўтказилди. Қайд этиш жоизки, режага кўра, лойиҳа қалқонбалиқнинг асосий захиралари бўлган денгизда балиқ тутишга йўналтирилди. 1998 йилда Орол балиқ хўжалиги тадқиқот институти билан бирга қилинган ҳисоб-китобларга кўра, фақат Кичик Оролдаги балиқ захираси 20 – 25 минг тонна, унинг Катта Орол денгизидаги захиралари жуда кўп экан[1].

Суратда: Жанубдаги Оролқумга оқиб кетаётган Кичик Орол суви

Балиқчилар ва кўнгиллилардан иборат фаоллар кўп вақт ўша пайтдаги ноодатий маъмурий қонунларга асосан, бригадалар – ширкатлар тузиш тарғиботи билан банд бўлди. Кичик Оролнинг ғарбий соҳилидаги 3 та овул: Тастубек, Агеспе ва Оқбастида (собиқ машҳур балиқчилик жамоа хўжаликлари) автоном электр қуввати билан ишлайдиган контейнер типидаги йиғувчи совуткичлар ўрнатилди. Ваҳоланки, у ерда электр қуввати ва нормал транспорт йўллари йўқ эди. Маҳаллий аҳолининг бундай ташаббуси товар қилиб сотиш учун мўлжалланган балиқчилик бутунлай унутилиб кетишини олдини олиш имконини берди ҳамда ўша пайтларда эҳтимоли жуда юқори бўлган аҳолининг бошқа туманларга кўчишдай оммабоп ғояси амалга ошишини тўхтатди. Буларнинг барчаси ижтимоий соҳага янада каттароқ таъсир кўрсатди – Аралск шаҳрида фақат маҳаллий аҳоли вакилларидан таркиб топган “Арал тенизи” деган нодавлат ташкилоти пайдо бўлди, тайёргарлиги бор инглиз тили таржимонлари грантларни излаб топишда ёрдам кўрсатди. “Арал тенизи” ННТ барча балиқчилар жамоасини бирлаштириш майдончасига, минг нафардан ошиқ индивидуал аъзоси бор экологияга оид ташаббусларнинг тан олинган марказларидан бирига айланди ҳамда минтақадаги балиқ овлаш ва табиатдан фойдаланишга алоқаси бор барча ташкилотларни қамраб олди.

Айнан Орол балиқчилари денгизнинг ҳақиқий экология ва тиниб-тинчимас “жонли қалқони”га айланди.

Орол денгизини қутқариш ва тиклашни биз сув ҳавзасига Қозоғистон иқтисодиётининг тўлақонли субъекти сифатида “иқтисодий жиҳатдан тиклаш ва талаб пайдо бўлиши”да, биринчи навбатда денгизнинг тарихий жиҳатдан балиқ овланадиган минтақа ўлароқ тикланишида кўрамиз. Бундан қуйидаги мантиқий хулоса келиб чиқади: Орол денгизчиларининг табиатдан асосий фойдаланувчилар, денгизнинг табиий экология ҳимоячилари сифатидаги ижтимоий қатлами нафақат сақланиб қолиши, қолаверса, ҳатто мураккаб инқироз шароитида ҳам барқарор ривожланиши шарт. Бугун айнан Орол балиқчилари ҳамжамияти денгизнинг ҳақиқий экология ва тиниб-тинчимас “жонли қалқони”га айлангани кундай равшан.

Ҳам сув ҳажми, ҳам иқтисодий аҳамиятига кўра, Кичик Орол бир замонлар буюк бўлган Оролнинг ягона меросхўри ҳисобланади ва айни дамда тикланиш даврини бошидан кечирмоқда. Собиқ Берг бўғозида бетондан тикланган ва собиқ Орол денгизини икки қисмга бўлиб турувчи замонавий Кўкорол тўғони 2006 йилда фойдаланишга топширилди ва ушбу минтақа вужудга келган инқироз вазиятида кескин бурилиш нуқтаси бўлди. Энди Сирдарё суви Кичик Оролни тўлдирмоқда, ошиқча сув эса жануб – машҳур Оролқум шўрхок ерларига оқизилмоқда. 2006 йилдан бери ўтган вақт мобайнида сув ҳавзасининг тузсизланиш даражаси олдинги 6 – 10 промиллега етди ва Сирдарёнинг қуйилиш жойидан “тушган” балиқларнинг увулдириқ сочиш жойлари қайтадан пайдо бўлди. Денгиз ихтиофаунаси жиддий тарзда тикланмоқда – 90-йилларда овланган глосс қалқонбалиғи (1970-йилларда Азов денгизидан олиб келиб урчитилган) ўрнига сув ҳавзасида зоғорабалиқ, зандер (судак), чамча балиғи (вобла), лешч ва бошқа маҳаллий балиқ турлари пайдо бўлди.

Суратда: Кўкорол тўғони

Лекин энг муҳими – яна балиқ тутиш тикланди. Биз 2016 – 2017 йилларда Орол денгизи бўйига икки марта сафар қилганимизда ажойиб ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдик. Оролбўйи аҳолиси нафақат, қувурдан оқиб келадиган сув ва электр қуввати, қолаверса, газ билан ҳам таъминланибди. Сирдарёнинг қуйилиш жойидаги овулларда янги уйлар, ҳатто коттежлар қурилган. Ижтимоий ҳаётда ҳам ибратомуз ўзгаришлар рўй берган. Кўкорол тўғони қурилиши натижасида йўллар инфратузилмаси, биринчи навбатда юк ташишга мўлжалланган ишлаб чиқариш йўллари анча-мунча яхшиланган. Булар барчаси маҳаллий иқтисодиёт, хусусан, минтақадаги балиқчилик хўжалиги ўсишига сабаб бўлди. Ҳозирги кунда фақат Аралск туманида янги асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 16 та қичик балиқни қайта ишлаш заводи ва корхонаси бор. Бир йилда балиқ тутиш ҳажми 7000 тоннага етди[2]. 1996 йилда балиқчилар ва лойиҳамиз кўнгиллиларининг елиб-югуриши натижасида тутилган 30 тонна қалқонбалиқ билан солиштирганда, кескин ўзгариш кўзга ташланади (ўша пайтда ушбу арзимас миқдордаги балиқ тутиш ҳам яккаю ягона ва ташландиқ “Аралбалиқсаноат”заводи инфратузилмасини “ишдан чиқариш” учун етарли бўлган эди).

Муаммолар сақланиб қолмоқда

Ушбу ҳам экология, ҳам биология нуқтаи назаридан озиб-тўзган минтақада балиқ овлаш саноати ривожланишининг қанчалик имконияти бор? Ҳозирги шароитда Орол денгизи балиқ тутиш барқарор ва изчил ўсиб бораётгани кузатилаётган (айни пайтда Қозоғистондаги ягона) минтақа бўлиб қолиши учун балиқчилик хўжалигида қандай ўзгаришларни амалга ошириш зарур? Балиқни керагидан ортиқча овлаш иқтисодий инқирознинг янги босқичи, балиқ тутиш ва денгизнинг мамлакат иқтисодиётидан қайта тушиб қолишига сабаб бўлмайдими?

Қайд этилганидай, ҳозирги пайтда фақат Орол туманида 16 та кичик балиқни қайта ишлаш заводи фаолият кўрсатмоқда. Давлат назорати идорасининг маҳалилий туман маълумотларига кўра, фақат 9 та балиқни қайта ишлаш заводининг ҳисоб-китоб қилинган ишлаб чиқариши қуввати тахминан 20 минг тонна балиқ маҳсулотларини қайта ишлашга етади. Заводлар кўпи билан ишлаб чиқаришнинг 30 фоиз қувватида ишламоқда (баъзан бундан ҳам кам). Таъкидлаш жоизки, бутун Орол денгизида балиқ тутишнинг биологик жиҳатдан асосланган ҳажми 7 минг тоннадан ошмайди. Бу ишлаб чиқаришнинг “керагидан ортиқ қуввати” борлигини англатади. Ушбу ошиқча қувват балиқ тутиш саноатининг назорат қилиб бўлмайдиган тарзда ўсишига олиб келиши тайин (олиб келмоқда ҳам). Вазиятни балиқ тутиш мавсумийлиги ҳам чигаллаштирмоқда, бу профессионал балиқ тутиш ривожланишига халал беради, чунки фақат балиқ тутишнигина рағбатлантиради, бироқ балиқ тутишнинг экология билан боғлиқ жиҳатларига ва денгиздаги балиқ захирасини тўлдиришга туртки бермайди. Яна таъкидлаш жоизки, Европа мамлакатларига валюта эвазига экспорт қилинаётган зандер балиғининг музлатилган ва қилтаноқсиз этини (қозоқ тилида – тiстi) ишлаб чиқариш асосий тижорат товари ҳисобланади. Аҳамияти бўйича иккинчи ўринда турувчи товар – зоғорабалиқ мамлакат ичкарисида сотувга чиқарилади ва унинг нархи бозорларда гўшт нархига етиб қолди. Ушбу сабаблар назорат қилинмайдиган ва ноқонуний балиқ тутишнинг асосини ташкил қилади. Тахминий хомчўтимизга биноан, балиқни ноқонуний тутиш (“балиқ маҳсулотларининг қора бозори”) рухсат этилган балиқ тутишнинг камида 50 фоизигача боради. Бозор иқтисодиёти шароитида фойда ортидан қувишни тўхтатиш амри маҳол экани (Қозоғистонда кичик ва ўрта бизнес фаолиятини текшириш вақтинча тақиқланганидан келиб чиқилса, бунинг имкони йўқ дейиш ҳам мумкин) ҳисобга олинса, зандер балиғи ва зоғорабалик захиралари билан боғлиқ вужудга келаётган муаммолар яққол кўзга ташланади.

Суратда: Аралск балиқ заводлари маҳсулоти

Балиқ тутишнинг давлат назорати балиқ инспекцияси ва балиқ етиштириш тармоғи эгалари (“табиатдан фойдаланувчилар”) зиммасига юклатилган. Тақрибан 70 минг квадрат километр ҳудудда жойлашган Аралск туманидаги балиқ инспекцияси ходимлари сони кўпи билан 10 кишидан ошмайди, шунинг учун балиқ тутиш ҳисобини олиб боришнинг асосий мўлжали улар назорати остида бўлган балиқчилардан тутилган балиқни қирғоқда қабул қилиш марказларидаги қайд этиш журналлари ва қайта ишлаш корхоналарининг хом ашёни қабул қилиш миқдори ҳақидаги маълумотлари ҳисобланади. Ўз-ўзидан тушунарлики, балиқ захирасининг вужудга келган бундай ҳолати на минтақада бундан буён балиқ тутишни ривожлантиришни, на балиқ тутишнинг “иқтисодий шаффофлиги”га оид сўровномаларни ва на Орол денгизидаги биоресурслар назорати ва уни тартибга солишни қаноатлантиради. Табиатдан фойдаланувчилар – давлатнинг кўлдаги балиқ етиштирувчи ҳудудлар эгалари олдига қўйилаётган талабларини бажараётган заводлар ва корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти алоҳида ва ўта мураккаб масалалигича қолмоқда.

Ҳозирги кунда Орол денгизи 18 та балиқ етиштириш ҳудуди бор, улар эгалари зиммасида сув ҳавзасининг ўзига тегишли қисмини талаб даражасида тутиш учун асосий молиявий юк: мелиоратив, рекреацион ишлар (жумладан, балиқларни кўпайтириш), тадқиқот ва мониторинг билан боғлиқ илмий тадқиқотлар, ўз балиқ тутиш бригадалари харажатларини қоплаш, биоресурслар учун солиқ тўлаш ва ҳк. учун пул тўлаш вазифаси бор. “Назоратдан чиқиб кетган ноқонуний балиқ овлаш” шароитида табиатдан фойдаланувчилар “емаган сомса” учун пул тўлашга мажбур бўлаётгани тушунарли. Ўз навбатида ёлланма ишчилар даражасига тушиб қолган балиқчилар ҳам бозор нархларидан кескин фарқ қиладиган харид нархларидан кўпинча қаноатланмайди. Аҳолининг балиқ тутиш билан шуғулланаётган барча қатламлари билан мулоқотимиздан маълум бўлишича, уларнинг мутлақ кўпчилиги мавжуд вазият ўзгаришини истайди, Орол денгизидаги балиқчилик хўжалиги билан шуғулланишни тартибга соладиган кўплаб тартиб-қоида ва меъёрлар эскирганини ҳамда иқтисодиётнинг ушбу соҳасидаги жадал ўзгаришларга жавоб бермаслигини айтмоқда.

Нима қилиш керак?

Биз назорат бўйича Европа мамлакатларида (асосан, Скандинавия мамлакатларида) қабул қилинган бир неча моделни кенг миқёсда муҳокама қилишни таклиф этдик. Масалан, Данияда қабул қилинган қоидаларга кўра, балиқ тутишни тартибга солишнинг асосий бўғини табиатдан фойдаланувчилар эмас, портлардаги балиқ биржалари ҳисобланади. Балиқ тутишга давлат лицензияси бўлган балиқчилар уни портга топширишдан манфаатдор, чунки биржалар “балиқ савдоси” барбод бўлган кезларда балиқчилар билан олдиндан келишиб олинган энг кам ҳақни тўлашни кафолатлайди. Биржа ходимлари тўловни нақд пул, ёнилғи-мойлаш материаллари, совуткич хизматлари ва ҳк. билан тўлайди. Орол денгизи шароитида ишни ташкил қилишнинг бундай андозаси анча-мунча ўзгартилиши керак. Даниядан фарқли ўлароқ, Орол денгизида балиқ йилбўйи эмас, маълум вақтларда тутилади ва биржа ходимларидан ҳозирча юксак профессионализмни кутиш қийин. Бироқ ушбу тизим балиқ тутишнинг умумий схемасини жиддий тарзда соддалаштиради, уни тушунарли қилади – ана шуниси муҳим. Айни схема балиқчи билан балиқ харидори ўртасидаги оралиқ босқичларни бекор қилади, шу билан бирга, денгизни мониторинг қилиш жараёнига аҳолининг кўпроқ қисмини жалб этади.

Балиқ савдоси назорати ва очиқлигида (шаффофлигида) ишнинг барча босқичларини компьютерлаштириш ва видеотасвирга олиш (“рақамлаштириш”) ҳам кучли кўмак бериши мумкин. Буни Кичик Оролда дастлабки паллаларда оддий смартфондан фойдаланган ҳолда амалга оширса бўлади, чунки денгиз соҳилининг барча ҳудудларида мобил алоқа мавжуд. Ўз навбатида маҳаллий бошқарувчилар биржа савдолари ва кафолатган нархлар, тутилган балиқни керакли жойга ташиб бериш ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бошқа жиҳатларнинг ҳуқуқий базасини тартибга солиши керак бўлади.

Биз бераётган тавсияларга кўра, масалан, маҳаллий, соҳил бўйида яшовчи аҳолини денгиз биоресурслари назоратига жалб этишни назарда тутиш мумкин, бунинг учун маҳаллий, овул ҳокимиятларига балиқ ресурсларининг бир қисмига квота беришга рухсат этиш кифоя қилади, шунда маҳаллий маъмурият ҳозиргидан кўра фаолроқ ва балиқ ресурслари сақланиб қолишидан манфаатдорроқ бўлади. Бу ўз навбатида балиқ инспекциясига ўзининг бош мақсади – балиқ тутишни, денгизда балиқ тутиш чоғида қандай қуроллардан фойдаланишни назорат қилишга асосий эътиборни қаратишига қўмаклашади. Қайд этиш жоизки, бундай ўзгаришларни режали тарзда жорий қилиш аста-секин ҳозирги “денгиз эгалари” – табиатдан фойдаланувчиларнинг ўз иши – ишлаб чиқаришда қатнашиш ва балиқ маҳсулотлари билан савдо қилиш – билан шуғулланишига имконият яратади. Бинобарин, балиқчилар “оддий ёлланма ишчилар” мақомидан воз кечиб, тадбиркорликда эркинликни қўлга киритади. Балиқ етиштириш фаолиятидан, биринчи навбатда биржалар ва балиқчилар даромадидан тушадиган фойданинг муайян қисми бир жойга йиғилиши ва сув ҳавзасидаги биоресурсларни қўллаб-қувватлаш учун махсус йўналтирилиши мумкин. “Бассейн принципи”га асосланган бундай марказлаштирилган молиялаш алоҳида “ҳудудий” манфаатлар билан боғлиқ зиддиятларни бартараф этади ҳамда Орол денгизининг бутун акваториясини сақлаб қолиш манфаатларига хизмат қилади, иқтисодий манфаатлардан мустақилроқ илмий тадқиқотлар ўтказиш ва умуман олганда, экология вазиятини прогнозлаш имконини беради.

Ва ниҳоят, балиқни қайта ишлаш ва корхоналари ва заводларининг “ошиқча ишлаб чиқариш қувватлари”га қайтсак. Назаримизда, ушбу энг муҳим муаммони ҳал этишнинг табиий усули қуйидагилар бўлиши мумкин:

1) ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида балиқ етказиб берувчи аквакультурани – ҳовузда балиқ етиштирадиган хўжаликларни ривожлантириш. Европалик ҳамкасбларнинг етиштирилаётган балиқнинг сифати ва балиқчилик фермалари билан боғлиқ экология оқибатларига оид маълум иккиланишларига қарамай, бу ҳозирча Орол денгизидаги балиқчиликни ривожлантириш ишидаги долзарб ва зарур босқич эканини бутун масъулиятни зиммага олган ҳолда тахмин қилиш мумкин.

2) “йўлдош” балиқ маҳсулотлари турини кўпайтириш – чорвачилик учун балиқ уни, ем ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш; бу корхоналардаги технологик жараёнларнинг бир қисмини бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтиришни талаб қилади, бироқ шу билан бирга, бекор турган қувватларга бўлган юкламани ошириши имконини ҳам беради. Бу яна Орол денгизидаги балиқ тутишнинг мажбурий мавсумийлиги йўқ бўлиши ва балиқ тутишдаги профессионализм ошишига кўмаклашади.

3) ва ниҳоят, Аралск заводларида қайта ишлаш (жумладан, уларни тўлиқ қайта ишлаш – корсервалар, пресервлар – махсус қайта ишланган балиқ маҳсулотлари ва бошқа ярим тайёр маҳсулотлар) учун қўшни мамлакатлардан балиқ хом ашёсини узоқ муддат етказиб беришни йўлга қўйиш. Ушбу амалиётдан илгари Совет Иттифоқи даврида Қозоғистонда балиқ саноатини ривожлантириш учун самарали фойдаланилган.

Суратда: Орол денгизи балиқларини қайта ишлаш

Масалани бу тарзда қўйиш, айниқса, молиялаш ва эҳтимол, агросаноат банкларида имтиёзли кредитлар бериш масаласида пухта таҳлилни талаб этиши шубҳасиз. Бироқ сўнгги 30 йил давомида Орол денгизидаги балиқчилик соҳаси босиб ўтган мураккаб йўлга назар ташлаб, ушбу мураккаб масалалар зудлик билан ҳал этишни талаб этиши ва улар бажарса бўладиган ишлар эканини ишонч билан тахмин этиш мумкин. Мониторинг ва балиқчи хўжаликлари муаммоларини ҳал этиш масалаларига балиқчилар ҳамжамияти маъқуллаган ушбу ва бошқа ўзгаришларни жорий этиш минтақага нафақат намуна, қолаверса, экология муаммоларини ҳал этишда мамлакатда новатор ва табиатни муҳофаза қилиш борасида етакчи мақомга эга бўлиш имконини беради. Яна Сирдарёнинг Орол денгизига қуйилиши жойидаги муаммоларни ҳал этишнинг иккинчи босқичи билан боғлиқ келгуси ўзгаришларни ҳам эътибордан қочириб бўлмайди. У кенг қамровли лойиҳа бўлиб, нафақат денгиз акваториясини 2 та сув ҳавзасидан иборат “каскад”га айлантириш, балки соҳил бўйидаги ишлаб чиқариш инфратузилмасини жиддий ривожлантириш ва денгиздаги янги жойларни саноат усулида балиқ овлаш ҳудудига қўшиш имконини беради. Булар барчаси қўшилиб, денгиз оқимларини ва сувнинг ҳарорат режимини ўзгартириш ҳамда ҳозирги балиқ овлаш тизимини бутунлай ўзгартириб юбориши шубҳасиз.

Суратларни мақола муаллифи Маҳамбет Таиров тақдим этган.

Манба: Uzanalitycs.com

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.